Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузурида фаолият юритиб келаётган Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази раҳбари Самир Аббосов TÜRKSOYнинг махсус медали билан тақдирланди.
2017 йил TÜRKSOY томонидан Мулла Паноҳ Воқиф йили деб эълон қилингани ва атоқли озарбойжон шоирининг 300 йиллиги муносабати билан кўплаб тадбирлар ўтказилган ва лойиҳалар амалга оширилган.
Хусусан, Мулла Паноҳ Воқифнинг “Танланган асарлар”и озарбойжон, турк, ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, бошқирд, татар, инглиз, итальян, рус ва украин тилларида чоп этилган.
TÜRKSOY бош директори Дюсен Касеинов Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосовнинг мазкур нашр ўзбекча вариантини тайёрлашдаги хизматини инобатга олиб, махсус медаль билан тақдирлаган.
Эслатиб ўтамиз, TÜRKSOY – туркий дунё маданияти халқаро ташкилоти 1993 йилда Ўзбекистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Туркманистон маданият вазирлари имзолаган битим асосида таъсис этилган. Ташкилотнинг асосий мақсади туркий халқлар ўртасидаги биродарлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, туркий халқлар маданиятини асраш ва кенг тарғиб этишдан иборат.