Озарбойжон ЮНЕСКО қўмитаси аъзолигига сайланди

Озарбойжон ЮНЕСКОнинг қуролли тўқнашувлар вақтида маданий бойликларни муҳофаза қилиш бўйича қўмитаси аъзолигига сайланди. Бу ҳақда Озарбойжон давлат ахборот агентлиги хабар беради.

Жорий йил 9 декабрь куни Париж шаҳрида – ЮНЕСКО бош қароргоҳида 1954 йилда қабул қилинган Гаага конвенцияси иккинчи протоколига аъзо давлатлар мажлиси бўлиб ўтган. Ушбу тадбирда ЮНЕСКОнинг қуролли тўқнашувлар вақтида маданий бойликларни муҳофаза қилиш бўйича қўмитаси аъзолари ҳам сайланган.

Озарбойжон 8 давлат қаторида қўмита аъзолигига ўз номзодини қўйган ва 60 давлатдан 45 тасининг овозини олиб келгуси тўрт йилга қўмита аъзолигига сайланган.

12 нафар аъзо давлатдан иборат қўмита 1954 йилда қабул қилинган қуролли тўқнашувлар вақтида маданий бойликларни муҳофаза қилиш бўйича Гаага конвенцияси талаблари ижро этилишини назорат қилади.  

Озарбойжон ЮНЕСКОнинг бошқа лойиҳалари қатори қуролли тўқнашувлар вақтида маданий бойликларни муҳофаза этишда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Мамлакат 2012 йилнинг 20 декабрида ушбу нуфузли қўмита вице-президентлигига сайлангани ҳам буни тасдиқлайди.

Расмий Боку – маданий бойликларни асраб-авайлаш борасида халқаро ташаббуслар муаллифидир. Масалан, 2007 йил 9 октябрда Озарбойжон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига “Қуролли тўқнашувлар вақтида маданий ҳуқуқ ҳамда маданий бойликларни муҳофаза этиш” резолюциясини тақдим этган бўлиб, ушбу муҳим ҳужжат Кенгаш аъзолари томонидан қабул қилинган.

Асрлар мобайнида давом этган урушлар, жангу жадаллар инсоният тафаккури мевалари – санъат асарлари, осори атиқалар ва маданий бойликларга катта талафот етказган. Хусусан, Иккинчи жаҳон урушидан кейин халқаро ҳамжамият маданий бойликларни муҳофаза этиш борасида бош қотира бошлаган. Шу тариқа 1954 йилда қуролли тўқнашувлар вақтида маданий бойликларни муҳофаза этиш бўйича Гаага конвенцияси қабул қилинган. Бунга мувофиқ, ҳар бир давлат маданий бойликларни қуролли ҳужумлардан муҳофаза этишга масъулдир.

Дунёнинг турли минтақаларида қуролли зиддиятлар давом этаётган бир паллада маданий объект ҳамда бойликларни муҳофаза қилиш масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Собир Салим