Нурсултон Назарбоев йилнинг энг муҳим воқеаларига муносабат билдирди

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 2015 йили мамлакат ва дунёда рўй берган энг муҳим ҳодисаларга муносабат билдирди.

“24KZ” ва “Казахстан” телеканали журналистлари саволларига жавоб берган Қозоғистон раҳбари президентлик сайлови, беш йўналишдаги ислоҳотлар ҳамда “100 аниқ қадам” дастури амалга татбиқ этила бошлагани, Қозоқ хонлигининг 550 йиллиги, Конституция ва Қозоғистон халқ ассамблеясининг 20 йиллигини ўтаётган йилнинг асосий саналари деб атаган.

Қозоғистон Президенти 2015 йил жаҳон молиявий инқирози сабабли мураккаб кечганини таъкидлаган.

“Мустақиллик йилларида Қозоғистон бир неча инқирозни бошдан кечирди. Биз воқеалар тадрижини билардик, аммо барчаси бу тахлит мураккаб кечишини тасаввур этмагандик. Доллар нархи ярим йил ичида 115 дан 40 долларгача пасайди. Биз экспорт қиладиган газ ва бошқа товарлар арзонлашиши сабабли бюджет тушумлари камайди. Буларнинг барини ҳисобга олиб, келгусида амалга ошириш керак бўлган чора-тадбирларни белгилаб олдик”, – деган Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон етакчиси умуман мамлакатдаги ҳолатни барқарор деб атаган.

“Қийинчиликлар бўлади. Лекин биз фуқароларимизнинг ижтимоий ҳолати ёмонлашмаслиги учун барча чораларни кўрамиз. Келгуси йил 1 январдан бюджет ташкилотлари, жумладан, давлат хизматчилари ойлик маошлари, шунингдек, асосий пенсия ва стипендияларни ошириш тўғрисида фармон қабул қилдим. Буларнинг бари одамларни инқироз оқибатларидан асраш мақсадида амалга оширилмоқда”, – деган Н.Назарбоев.

Давлат раҳбари ислоҳотлар борасида парламент изчил фаолият юритаётгани, хусусан, депутатлар туб ўзгаришларга хизмат қилувчи 80 га яқин қонун қабул қилганини айтган.

Жорий йилда Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзолангани ҳамда мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлгани ҳам муҳим ҳодисалар сифатида қайд этилган.  

2014 йил 29 май куни Остонада Россия, Беларусь ва Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Мазкур битим жорий йил 1 январдан кучга кирди. Қозоғистон етакчиси ўз интервьюсида Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида ягона валюта жорий этиш эҳтимолини рад этган. Шунингдек, мамлакатда доллардан истифода этишни тақиқловчи чоралар кўзда тутилмаганини ҳам маълум қилган.

Н.Назарбоев жамоатчиликни қизиқтирган яна бир масала – ҳукуматдаги кадр ўзгаришлари масаласига ҳам тўхталган.

“Катта тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, ворисийлик ҳамиша зарур. Бугунги ҳукуматимиз ёш ва фаол ҳаракатда. Вазирларнинг аксари 1970-йилларда туғилган. Бу жараён яна давом этади… Аслида, ёш ва кекса каби сифатлар шартлидир. Энг муҳими – инсоннинг салоҳияти, мактаб кўргани, тажриба ва билим эгаси экани. Айни пайтда “Давлат хизмати тўғрисида”ги янги қонунга мувофиқ ушбу ҳолатлар тартибга солинмоқда. Шу боис кун тартибига ҳукумат таркибини тўла янгилаш масаласи қўйилмаган” , – деган Қозоғистон раҳбари.

Н.Назарбоев сўнгги пайтларда Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар таранглашганига ҳам муносабат билдирган.

“Россия билан ҳам, Туркия билан ҳам жуда яхши муносабатдамиз. Мен аввал-бошдан икки мамлакат позицияларини яқинлаштиришга ҳаракат қилдим. Ахир, юзага келган вазият ҳеч кимга фойда келтирмайди. Пировардида соғлом ақл ғолиб келар экан, томонлар албатта муросага боради”, – деган Қозоғистон Президенти.

Суҳбат чоғи мамлакат ҳаётига доир бошқа масалалар ҳам муҳокама этилган.

Собир Салим

Шу мавзудаги мақола:

Борибай Жексембин: “Қозоғистон ва Ўзбекистон долзарб халқаро масалаларда ҳамфикр”. 14.11.2015