Озарбайжоннинг нафақат салкам 30 йил давомида ишғол остида бўлган ҳудудлари, балки Арманистоннинг ўзида ҳам тарихий обидалари вайрон этилган. “1news.az” маълумотларига кўра, Иреван (Ереван) шаҳридаги Аббос Мирзо масжиди (ёки Жума масжид) ана шундай обидалардан саналади.
Масжид, мадраса, кутубхона, меҳмонхона ва ички ҳовлини ўз ичига олган мажмуа 1606 йили сафавийлар сулоласи вакили Шоҳ Аббос I фармони билан қурилган. Меъморий услубига кўра масжид Ганжа обидаларини ёдга солган. Мазкур тарихий обида бузиб ташланган ва ўрнида кўп қаватли бино қурилган.
Озарбайжон Фанлар академияси Нахчивон филиали Тарих, этнография ва археология институти директори Гаджифахраддин Сафарлининг “Trend.az” нашрига маълум қилишича, Иреван қалъасидаги барча обидалар, жумладан, Хон саройи ва Пир Ҳусайн мақбараси ҳам бузиб ташланган. Шунингдек, меъморий обидалардаги озарбайжонча ёзувлар йўқ қилинган.
Бундан ташқари, Иреваннинг Дамирбулаг (ҳозирда Каранкитаг) даҳасидаги XVII-XVIII асрларга оид масжид, Тепабоши даҳасидаги (ҳозирда Конд) XIX асрга оид масжид, шунингдек, Учмуаззин (ҳозирда Эчмиадзин) туманидаги XVII асрга мансуб масжид ҳам вайрон қилинган.