Озарбайжонда 2022 йил “Шуша шаҳри йили” деб эълон қилинди

Озарбайжонда 2022 йил “Шуша шаҳри йили” деб эълон қилинди. Мамлакат президенти Илҳом Алиев 5 январь куни бу ҳақдаги фармонни имзолади. Бу ўринда шаҳарнинг тарихий аҳамияти, маънавий-маданий қадр-қиммати инобатга олинган. Жорий йилда мазкур тарихий шаҳарнинг 270 йиллиги ҳам нишонланади.

Ҳужжатда қайд этилишича, 1752 йилда Қорабоғ ҳукмдори Паноҳалихон томонидан асос солинган Шуша шаҳри салкам уч аср ичида долғали тараққиёт йўлини босиб ўтган ва бутун Жанубий Кавказнинг маданий, ижтимоий-сиёсий ҳаётига муҳим ўрин тутувчи бошкентга айланган.

“Шуша – Қорабоғнинг гултожи, халқимиз учун муқаддас ва мўътабар маскан. Шушага муҳаббат ҳар бир озарбайжонлик маънавий оламининг ажралмас таркибий қисмига айланган”, – дейилади ҳужжатда.

1992-2020 йилларда оккупация остида бўлган шаҳар 2020 йилнинг 8 ноябрида ишғолдан озод этилган. Айни пайтда ишғол даврида вайрон бўлган тарихий обидаларни тиклаш, инфратузилмани қайта барпо этиш ишлари кетмоқда.  Режага биноан шаҳарнинг тарихий қиёфаси тикланади. Улуғ шоир Мулла Паноҳ Воқиф мақбараси, шоир Булбулнинг уй-музейи, Узаир Ҳожибейлининг ёдгорлиги қайта очилади.

И.Алиев имзолаган ҳужжатда ҳукуматга “Шуша шаҳри йили” доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳам топширилган.

Шуша – Озарбайжоннинг маданий пойтахти, Қорабоғдаги йирик стратегик шаҳар. Унга давлат қўриқхонаси мақоми ҳам берилган.  Шуша Озарбайжон санъатининг бешиги ҳам саналади. Асрлар мобайнида бу заминдан атоқли сўз ва соз санъати усталари етишиб чиққан. Шаҳарда юзйиллик мобайнида меъморчилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ривож топган.

Озарбайжон маданият вазири Анор Каримов Халқаро турк маданияти ташкилоти (TÜRKSOY) маданият вазирларининг  2021 йил сентябрь ойида Хивада бўлиб ўтган анжуманида Шушани 2023 йилда Туркий дунё маданият пойтахти деб эълон қилишни таклиф этган эди.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2021 йил март ойида Туркий кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтказилган саммитидаги нутқида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирган.

С.Салим