Озарбайжон халқи 18 октябрь – Мустақиллик қайта тикланган кунни нишонламоқда.
Озарбайжон ССР Олий кенгашининг 1991 йил 18 октябрда ўтган сессиясида депутатлар “Озарбайжон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида”ги конституциявий қонунни бир овоздан қабул қилди. Ўша йилнинг 29 декабрь куни ўтказилган умумхалқ сайловида Озарбайжон халқи давлат мустақиллигини ёқлаб овоз берди.
Эътиборга молик жиҳати, “Озарбайжон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида”ги конституциявий қонун 1918 йил 28 майда қабул қилинган Мустақиллик декларациясига асосланади. Яъни Озарбайжон Республикаси 1918-1920 йилларда ҳукм сурган Озарбайжон Демократик Республикасининг ҳуқуқий вориси саналади.
2021 йил 15 октябрь куни Озарбайжон парламенти “Мустақиллик куни тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Шу куннинг ўзида қонун мамлакат президенти Илҳом Алиев томонидан маъқулланди. Мазкур қонунга биноан, 18 октябрь – Давлат мустақиллиги куни Мустақиллик тикланган кун дея қайта номланди.
Озарбайжон биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида ушбу сана муносабати билан қутлов суратини чоп этди.
Мавзуга доир мақола:
Ҳусайн Қулиев: Мустақиллик куни – Озарбойжон ҳаётида муҳим сана. 17.10.2016