21 декабрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Марказий Осиё –Европа Иттифоқи минтақалараро учрашуви бўлиб ўтди. Ўн биринчи бор ўтказилган форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан турли соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси тарқатган хабарга кўра, учрашувда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлари, Тожикистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари ҳамда ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерико Могерини иштирок этган.
Музокараларда ЕИнинг Марказий Осиё учун 2014-2020 йилларга мўлжалланган Стратегиясини амалга татбиқ этиш жараёни ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича томонларнинг таклифлари кўриб чиқилган.
“Ташқи ишлар вазирлари Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга содиқ қолгани ва 2014-2020 йиллар давомида Марказий Осиёда амалга ошириладиган дастурларни молиялаш миқдори 1 миллиард евродан оширилганини олқишладилар”, – дейилади ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси тарқатган хабарда.
Вазирлар учрашувида таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши, савдо-иқтисодий жабҳалар билан бир қаторда хавфсизлик, терроризмга қарши кураш масаласи ҳам эътибор марказида бўлган.
Қайд этилишича, музокараларда Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан хавфсизлик, чегараларни бошқариш ва гиёҳвандликка қарши кураш борасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётгани ижобий баҳоланган.
Остона форумида, шунингдек, самарали бошқарув, инсон ҳуқуқлари, асосий эркинликлар ва қонун устуворлигини таъминлаш демократик жамият қуришда муҳим ўрин тутиши эътироф этилган.
“Биз мазкур минтақада рўй бераётган ҳодисалар Европа Иттифоқи учун ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини ҳамда ҳамкорликнинг ҳар икки томон – ҳам ЕИ, ҳам Марказий Осиё халқларига манфаатли кўплаб йўналишлари мавжудлигини яхши англаймиз. Фақат бундан-да самарали, янада яқин ҳамкорлик орқалигина кун тартибидаги муаммоларни ҳал этишимиз ҳамда мавжуд имкониятларимиздан унумли фойдаланишимиз мумкин”, – деган ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерико Могерини музокаралар якуни бўйича баёнотида.
Учрашув қатнашчилари вазирлар даражасидаги учрашувга мезбонлик қилгани учун Қозоғистон Республикасига миннатдорлик билдирган.
Шу куни Қозоғистон Республикаси ҳамда ЕИ ўртасида кенг кўламли шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам имзоланган. Тадбир мезбони – Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов ушбу битим Брюссель ва Остона муносабатларини янги поғонага кўтариши, Қозоғистон битимда кўзда тутилган 29 йўналиш бўйича ЕИ билан ҳамкорликни фаоллаштиришга шайлигини билдирган.
Остона форумида қатнашган Ўзбекистон делегациясига мамлакат Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилик қилган. А.Комилов форум доирасида ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерико Могерини билан икки томонлама музокаралар ўтказган.
Собир Салим