Оқ Уйни забт этиш учун «штурм»

АҚШда республикачилар ва демократлар ўртасида президентлик учун кураш бошланди

АҚШ халқаро майдонда анчайин обрўсидан айрилиб, «халоскорлик» мавқеини йўқотаётган бир пайтда мамлакатда навбатдаги президентлик сайловига тайёргарлик жадаллашди.

Жорж Бушнинг моҳир сиёсатчига хос бўлмаган пала-партиш ҳаракатлари ёки Ироқ, Афғонистон уруши туфайли мамлакат жуда катта йўқотишлар қилаётгани сабаб бўлдими, иш­қилиб, Қўшма Штатлардаги сиёсатдонлар бу сафар сайлов кампаниясини жуда эрта бошлашди.

АҚШда давлатни икки ҳукмрон партия — республикачилар ва демократлар идора қилади. Гарчи мамлакатда юзлаб кичик партиялар фаолият юритсада, мана 200 йилдан ошдики, улар катта сиёсатга сезиларли таъсир кўрсата олмай келяпти. Одатдагидек бу гал ҳам президентлик сайловида ана шу икки йирик сиёсий гуруҳ рақобатга киришади. Ҳозирга қадар 10 га яқин номзод президент Жорж Бушнинг ўрнини эгаллаш ниятини очиқ-ошкора билдирди. Худо омонлик берса, сайловга қадар ҳали бундай номзодларнинг яна неча ўнтасини кўриш мумкин. Бироқ номзодлар қанча кўпаймасин, барибир улоқ халққа таниқли бўлган сиёсатчиларда кетади. Хусусан, аҳоли табиатан сиёсий номзоднинг ишига эмас, омма олдида чиқишига қараб баҳо берадиган Америка шароитида ҳар доим ҳам фаворитлар ғалабага эришган.

Сўнгги 6-7 йилда Америкага раҳбарлик қилган республикачилар партияси айни пайтда саросима ҳолатига тушиб қолган. Ўтган йилнинг ноябрьида Конгресс учун бўлган сайловда демократларнинг мутлоқ ғалабага эришгани Жорж Буш етакчилигидаги партияга жуда катта зарба бўлди. Боз устига, Ироқ уруши туфайли партия аъзолари ўртасида юзага келган ички келишмовчиликлар кун сайин кучайиб боряпти. Ана шундай мураккаб бир вазиятда мамлакат президентлиги учун республикачилар томонидан икки етакчи сиёсатчи — Жон Маккейн ва Рудолф Жулиани номзоди кўрсатилган.

Ветнам уруши қатнашчиларидан бири бўлган қария сенатор Жон Маккейн президент Жорж Бушга қарши кескин танқидий фикрлари билан танилган. Сенаторнинг гарчи битта партиядан бўлса ҳам, амалдаги президентга жиддий рақиблик кайфиятида экани бежиз эмас. 2000 йили — Америка ҳукумати тепасига Жорж Буш келган сайлов пайтида Маккейн республикачилар партияси етакчилиги учун қатъий курашган эди. Агар тақдирнинг инояти билан Жорж Бушга ўша пайтда омад кулиб боқмаганда, Оқ уй соҳиблиги Жон Маккейнга насиб этиши ҳам мумкин эди. Бундан 7 йил олдинги мағлубият аламини ҳали унутмаган сенатор навбатдаги сайловларга умид қилиб турибди. Бироқ Маккейн ҳар қанча таниқли сиёсатчи бўлмасин, республикачилар томонидан илгари сурилган иккинчи номзод — Рудолф Жулианининг соясида қолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

Ню-Ёрк шаҳрининг собиқ мери Рудолф Жулиани — Америка халқининг ёқимтой ва севимли сиёсатчиларидан бири. Жулиани ҳокимлик йилларида сўнгги вақтда шиддат билан ривожланаётган Осиё шаҳарлари олдида етакчилик нуфузини йўқотган Ню-Ёрк обрўсини тиклади. Шаҳар аҳолиси ўртасида авж олган қашшоқликни бартараф этди. Бироқ Рудолф Жулианини Америка халқига манзур ва мақбул қилган асосий омил… 11 сентябр воқеалари бўлди. 2001 йилда рўй берган ўша машъум қўпорувчилик ҳаракатларидан кейин асосий жабрдийдалардан бири бўлган Ню-Ёрк шаҳри аҳолиси буткул умидсиз ва тушкун ҳолатга тушиб қолди. Ўз мамлакати ҳудудида уруш кўрмаган миллат даҳшатли портлашлардан ўзини йўқотиб қўйди. Ана шу оғир вазиятда Рудолф Жулиани гўёки миллат халоскори сифатида майдонга чиқди ва тиз чўккан шаҳарни яна оёққа турғизди.

Очиғи, агар 2004 йилги президентлик сайловида Рудолф Жулиани ўз номзодини илгари сурганда, ғалабага эришиши мумкин эди. Лекин Жорж Бушдан ҳам обрўси баландроқ бўлган сиёсатчи партиядоши фойдасига олдинги сайловдан воз кечди. Галдаги умумхалқ овоз бериш тадбирида эса Ню-Ёркнинг собиқ мери республикачиларнинг ишонган тоғи бўлиб турибди.

Демократлар ҳам рақибларидан ортда қолмаслик учун тарғибот-ташвиқотни ҳозирдан бошлаб юборишган. Амалдаги президент­га мухолифатда бўлган партиядан ҳам икки асосий номзод кўрсатилган: Ҳиллари Клинтон ва Барак Обама.

Американинг собиқ биринчи рақамли хоними Ҳиллари Клинтон биринчи рақамли раҳбар бўлишга кўпдан бери ҳаракат қилади. Айни пайтда сенаторлик билан чекланиб турган хоним Американинг эски шуҳратини тиклаш тарафдори. Ҳ. Клинтон ҳам худди турмуш ўртоғи Билл Клинтон каби ўз сиёсий курсини «Америкага янгиланишлар керак!» деган шиор билан белгилаган. Охирги йилларда хотин-қизлар, болалар ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини муҳофаза қилиш борасидаги ишлари билан тилга тушган сенатор хоним Жорж Бушнинг халқаро муносабатлар, хусусан, Ироқ уруши борасидаги сиёсатини кескин қоралайди.

Иллинойс штати сенатори Барак Обама ҳам ўз сиёсий қарашларини амалдаги президент фаолиятига танқидий ёндашув асосига қурган. Сенаторнинг фикрича, Вашингтондаги сиёсий фаолият пул ва маълум гуруҳларнинг таъсири доирасига тушиб қолган. Шу боис ҳам, муҳим масалаларни тўғри ҳал қилиш имкони жуда ҳам чекланган. Обама ҳам қолган номзодлар каби агар Оқ уй «штурм»и муваффақиятли якунланиб, мамлакат президентлигига сайланса, бу тўсиқларни бартараф этиш, пойтахтда соғлом сиёсий муҳит яратишга ваъда берган.

Сайлов ҳали бошланмасдан туриб ким ғалаба қозониши хусусида аниқ бир фикр айтиш қийин. Бироқ шуниси аниқки, демократлар ғалаба қилиш ёки қилмаслигидан қатъи назар, ҳар икки номзод номи ҳам мамлакат сайлов тарихида алоҳида саҳифага ёзилади: Ҳиллари Клинтон президент­лик учун курашган илк аёл сиёсатчи сифатида, Барак Обама эса давлат раҳбарлиги сайловида иштирок этган биринчи қора танли фуқаро сифатида.

1988 йилги сайловда ғалабага эришган катта Жорж Буш ўз номзодини овоз бериш тадбирига бир неча ой қолгандагина илгари сурган эди. Ҳозир эса сиёсий етакчилар ҳали сайловга икки йилга яқин вақт бўла туриб ўз номзодларини эълон қилишни бошлаб юборишди. Ҳарқалай, ўзи шундоқ ҳам таранг бўлиб турган сиёсий вазият янада мураккаблашяпти. Шунга яраша сайлов ҳам шиддатли курашлар билан ўтса ажаб эмас.

Собиржон Ёқубов
www.hurriyat.uz