Олигархия бойлар ҳукмронлигими?

«Олигархия» тушунчасининг вужудга келиш тарихи анча олисларга бориб тақалади. Бу атама юнон тилидан олинган бўлиб, «озчиликнинг бошқаруви» деган маънони англатади. Аслида, олигархия бу — давлат бошқарувининг шундай шаклики, унда сиёсий ҳокимият жамиятнинг энг бой ва қудратли қатлами қўлида тўпланади. Айнан шу қатлам «олигарх»лар номи билан юритилади

Аристократия (энг сара ҳокимият)дан фарқли ўлароқ, олигархлар ҳокимиятни очиқ тарзда олиб боришни маъқул кўришмайди. Тўғрироғи, олигархлар учун «тахт ортидаги ҳокимият» ҳар доим энг мақбул ҳокимият бўлиб келган. Чунончи, олигархлар ўз мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида ҳар доим иқтисодий воситалардан фойдаланиб келганлар. Олигархлар кўринишидаги ҳокимиятда юқори тоифа вакиллари иқтисодий манфаатни давлат манфаатидан устун қўядилар.

Буюк юнон файласуфи Арасту олигархияни плутократия (бойлар ҳокимияти) билан тенглаштиради. Плутократия кўринишидаги бошқарув шаклида ҳам ҳокимият жамиятнинг энг бой ва энг илғор қатлами қўлида тўпланади. Одатда олигархиянинг вужудга келишига катта-катта оилалар сабабчи бўлади ва у сулолавий кўринишда давом этади. Ўрта асрларда италияда машҳур бўлган Медичилар оиласи энг катта олигархлар оиласи саналарди. ХИХ-ХХ асрларда АҚШнинг жаҳон саҳнасидан мустаҳкам ўрин эгаллаши ҳамда вужудга келган иқтисодий ўсишлар янгидан янги саноат корхоналарининг, катта-катта ерларнинг маълум шахслар қўлида тўпланишига сабаб бўлди. Бунинг натижаси ўлароқ, Рокфеллер, Ротшилд, Дюпон ва Морган каби ҳозиргача машҳур бўлган олигархлар сулоласи вужудга келди.

Бугунги кунга келиб «олигархия» тушунчасининг замонавий кўриниши ўзгача тус олди. Эндиликда «бизнес олигархлари» ва «бизнес магнатлари» каби тушунчалар пайдо бўлди. Бизнес олигархлари ҳам давлат ҳокимиятига сезиларли таъсир ўтказа оладиган аҳолининг илғор қатламига айланиб улгурди. Собиқ иттифоқ парчалангандан сўнг ушбу қатлам вакилларининг орта бориши кузатилди. Айниқса, Россияда янги давр олигархлари шаклланиши жадал суръатда юз берди ва жаҳон оммавий ахборот воситаларида «рус олигархлари» тушунчаси тез-тез тилга олинадиган бўлди. Россияда бу каби янги тоифа вакилларининг вужудга келишида давлат иқтисодиётини эркинлаштириш йўлида олиб борилган жадал қадамлар муҳим роль ўйнади. Давлат саноат корхоналари, айниқса, оғир саноатнинг бир қанча тармоқлари олигархлар қўл остига ўтиши тармоқлар ривожига ҳам катта таъсир кўрсатди. Бу сиёсат давлат иқтисодиёти учун ҳар тарафлама фойдали эди. Давлат мазкур олигархлардан олинадиган катта миқдордаги солиқлар эвазига ўз ғазнасини тўлдириб боради.

Бугунги кунга келиб, олигархларнинг ғазнаси миллиардлар билан ўлчанади. Ҳатто кўпчилик олигархларнинг даромади айрим давлатларнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) қийматидан ҳам ортиқроқ. Масалан, Россиядаги етакчи олигархлардан бири Роман Абрамовичнинг даромади 14,7 миллиард долларни ташкил этиб, у Уругвай, Эстония, Исландия, Латвия каби кўзга кўринган давлатларнинг ЯИМдан ҳам юқори туради.

Олигархиянинг давлат иқтисодий ривожи учун қўшадиган ҳиссасини инкор этмаслигимиз зарур, бироқ бу қатламнинг кучая бориши ўз навбатида салбий оқибатларга олиб келишини ҳам унутмаслик керак. Олигархлар қанча кўпаса, давлат иқтисодиётининг уларга қарамлиги шунчалик орта боради. Жумладан, Россия оғир саноатининг катта қисмини олигархлар қўлида бўлган «Русал», «Лукойл», «Газпром» каби монополиялар ташкил этишини ҳамда давлат даромадининг асосий қисми ушбу компаниялардан келишини ҳисобга оладиган бўлсак, иқтисоднинг нақадар уларга боғлиқлигини кўришимиз мумкин.

Олигархларнинг фақатгина давлат иқтисодий фаолиятига эмас, балки унинг сиёсий фаолиятида ҳам аралашуви кузатилади. Олигархлар сиёсат майдонида етарлича обрў олишга ҳаракат қиладилар. Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад ҳокимиятдаги юқори мансабларни эгаллашдан иборат. Бу эса олигархиянинг иқтисодий манфаатлари ортида сиёсий мақсадлар ётишини кўрсатади. Олигархиянинг сиёсат майдонида кўп ўралашиши ва ҳаддан зиёд кучайиб кетиши ўзбошимчалик ҳамда давлатга бўйсунмасликка олиб келиши мумкин. Фикримизнинг исботи сифатида Россиянинг собиқ биринчи рақамли олигархи Михаил Ходорковский билан боғлиқ воқеаларни эслашимизнинг ўзи кифоя.

Санжар МАТКАРИМОВ,
ЖИДУ талабаси, «Ҳуррият» газетасидан олинди