НАТО 17 октябрдан ядровий тийиб туриш бўйича “Steadfast Noon” (Барқарор чошгоҳ) деб номланган машғулотларни бошлади. Бу ҳақда Шимолий иттифоқ матбуот хизмати маълум қилди.
Бельгия, Буюк Британия осмони ва Шимолий денгиз ҳавзасида 30 октябрга қадар давом этадиган машғулотларга НАТОнинг 14 мамлакатидан 60 самолёт жалб этилади. АҚШ Европадаги машғулотларга ядро қуролини ташувчи B-52H стратегик бомбардимончи учоқларини юборган.
НАТО маъмурияти ўқув машғулотлари йиллик режа асосида ўтаётгани, у дунёдаги ҳозирги вазиятга алоқадор эмаслигини таъкидлаган.
Маълумотларга қараганда, АҚШ Германия, Бельгия, Нидерландия, Италия ва Туркиядаги ҳарбий базаларда 100 га яқин ядро авиабомбаларини сақламоқда.
Euronews НАТО билан бир пайтда Россия ҳам ядро кучлари бўйича машғулотлар ўтказмоқчи эканига эътибор қаратган.
Москва “Гром” деб аталган машғулотларда ядро қуролини ташувчи бомбардимончи учоқлари ва сувости кемаларини синовдан ўтказади. Машғулотлар айни пайтда парвоз учун ёпилган Баренц денгизида ташкилланиши кутилмоқда. Россия мудофаа вазирлиги ядро қуролига оид сўнгги машғулотларни жорий йил 17 февраль куни – Украина босқинидан бир ҳафта аввал ўтказган.
Кейинги вақтларда Россиянинг Украинада тактик ядро қуролини қўллаши ҳақидаги тахмин жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда.
Бир ҳафтача муқаддам АҚШ президенти Жо Байден дунё совуқ уруш ва Кариб денгизи инқирозидан кейин биринчи марта ядро уруши таҳдиди қаршисида эканини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Путин сўнгги бор сентябрь ойидаги мурожаатида мамлакат ҳудудий яхлитлиги таҳдид остида қолса, Россия ядро қуролидан фойдаланиши ҳақида гапирган.