Япониялик олимлар Перудаги саҳрода тадқиқот олиб бориб, янги тасвирларни аниқлашга муваффақ бўлишди. Космосдан олинган Жанубий Америка қитъасига доир суратларни ўрганишаётиб, шу чоққача фанга маълум бўлмаган геоглифларга назари тушган Ямагата университети олимлари ҳайратда қолишди.
— Бундай геоглифлар иккита, — дейди тадқиқот ишлари раҳбари профессор Масато Сакаи. — Улар тузилишига кўра, катта юзли одамлар қиёфасига ўхшайди. Бу шаклларнинг фавқулоддалиги шундаки, шу чоққача одам қиёфасига ўхшайдиган геоглифлар Наска ясситоғида учрамаган эди.
Ҳозирга қадар Перудаги мазкур саҳрода 700 га яқин геометрик шакллар топилган бўлиб, улар асосан учбурчак ва трапеция тарзидадир. Тахминан юзта спиралсимон шакллар ҳам учрайди. Ўттиздан сал ортиқ ҳайвонлар, қушлар, балиқлар, қурт-қумурсқа, ўргимчаклар шакли ҳам мавжуд. Энди эса, кутилмаганда одам шакли тасвирлари ҳам топилди. Шундай шакллардан бирининг ёнида шар ёки коптокка ўхшаб кетадиган нарса ҳам бор. Ўнг томондаги шаклнинг бош қисмидан ҳар тарафга гўёки нурга ёки антеннага ўхшайдиган нимадир таралиб турибди. Бошнинг ўзи эса танадан алоҳида жойлашган. Унинг бир қўлида эса гўё чақмоқ чақаётибди.
Тадқиқотчиларни ҳайратлантирган нарса шундаки, янги топилган шаклларнинг узунлиги аввалгиларидан анча кичик, яъни 14 ва 12 метрни ташкил этади. Агар таққослайдиган бўлсангиз: Америкада яшайдиган машҳур колибри рангдор қушининг узунлиги 50 метр, ўргимчакники — 46, ўлимтикхўр йиртқич кондор қуши — 120, калтакесак эса 188 метр ҳажмда тасвирланган эди. Наска ясситоғида турли шаклларни бундай нисбатда “тасвирлаганлар” бу билан нима демоқчи?
— Биз топган мазкур шакллар, эҳтимол, одамга ўхшаб кетадиган ягона тасвирлардир, — дейди профессор Сакаи. — 2011 йилнинг январида биз ясситоғнинг жанубий қисмида юз, кўз, оғиз ва қулоқлардан иборат одам портретга ўхшайдиган геоглифни топган эдик. Тасвирнинг узунлиги 4 ва эни 3 метр. У анча ювилиб кетган. Эҳтимол, бу шакл қандайдир сабабга кўра, охирига етказилмагани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Фақат юз шаклининг ўзи тасвирлангани сабаби ҳам сирли.
Перудаги тасвирлар 1927 йили самолёт учиб ўтганда тасодифан топилган. Бу фавқулодда тасвирлар эрамизнинг биринчи минг йиллиги ўрталарига доир бўлиб, Перу ҳиндуларининг маҳаллий наска қабиласига мансуб, деган қарашлар ҳам мавжуд. Бироқ уларнинг мазмуни ҳақида ҳозирга қадар ягона тўхтамга келинмаган. Кимдир уни улкан расадхона деса, яна кимдир қадимда Ерга келиб кетишган ўзга сайёраликлар космодроми, жумбоқли шакллар эса, махсус белгилардир, деган тахминни илгари суради.