Жорий йил 4 ноябрь куни Жазоир миллий байрами – Инқилоб бошланган сананинг 62 йиллиги муносабати билан Тошкентда расмий қабул маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Ўзбекистондаги хорижий давлатлар дипломатик корпус вакиллари, фан, маданият ва санъат намояндалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Маросимда Ўзбекистон ҳукумати номидан Ташқи ишлар вазири ўринбосар Ғайрат Фозилов иштирок этди.
Меҳмонларни қутлаган Жазоирнинг Ўзбекистондаги элчиси Насер Бушерит нутқи аввалида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Элчи Жазоир ва Ўзбекистон алоқалари хусусида сўзларкан, ҳамкорлик ўзаро ҳурматга таянишини таъкидлади.
Қайд этилишича, Жазоир Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олиб, Тошкентда ўз элчихонасини очган мамлакатлар сирасига киради. Муштарак маданий мерос ва тамаддунга эга икки халқни мустаҳкам тарихий ришталар боғлайди.
Дипломатнинг таъкидлашича, Жазоир раҳбарияти Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқишга тайёр.
Жорий йил 20 октябрь куни Тошкентда Жазоир Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби Ҳассан Рабехи ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов иштирокида сиёсий маслаҳатлашув бўлиб ўтган ва музокаралар якунида томонлар Ҳамкорлик ва маслаҳатлашувлар тўғрисида битим имзолаган эди. Жазоир элчиси Насер Бушерит мазкур музокаралар самарали кечганини қайд этиб, ҳамкорликка оид битим имзоланганини юксак баҳолади. Дипломат икки томонлама алоқалар бундан-да юксак даражага кўтарилишига умид билдирди.
Жазоир элчиси 1954 йил 1 ноябрь замонавий Жазоир тарихида муҳим сана бўлганини қайд этди.
“Жазоирдаги бугунги барқарорлик ва тинчлик замонавий демократик давлат қуриш ҳамда кучли ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш йўлидаги изчил чора-тадбирлар мевасидир. Жазоир ташқи сиёсати халқаро ҳуқуқ устуворлиги, зиддиятларни тинч йўл билан, музокаралар асосида ҳал этиш, ўзаро ҳурмат ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига таянади. Мазкур ташқи сиёсат туфайли менинг мамлакатим минтақада барқарорлик кафолатига айланиб, яқин қўшниларга алоқадор зиддиятларни бартараф этишда жонбозлик кўрсатмоқда”, – деди элчи Насер Бушерит.
Эслатиб ўтамиз, 1830 йили Жазоир ҳудудига француз мустамлакачилари бостириб кирди. 1920-30 йилларда мамлакатда миллий озодлик ҳаракати кучайди. 1945 йилда рўй берган дастлабки қўзғолон мустамлакачилар томонидан бостирилади. 1954 йил 1 ноябрда эса Жазоирда Миллий озодлик фронти ташкил этилди. Шу тариқа миллий озодлик йўлида 8 йилга чўзилган кураш бошланди. 1962 йилнинг 5 июлида Жазоир мустақилликка эришди.
Жазоир Африканинг шиддат билан ривожланаётган мамлакатларидан бири саналади. Ҳозирга қадар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг салмоқли улушини газ ва нефть экспорти ташкил этиб келган. Кейинги йилларда Жазоирда иқтисодиётни диверсификациялаш, товар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, иқтисодиётга хориж сармоясини кўпроқ жалб этишга эътибор қаратилмоқда. 2 381 740 квадрат километр майдонни эгаллаган мамлакатда 40 миллиондан ошиқ аҳоли истиқомат қилмоқда.
Собир Салим