Нафтали Беннет – устозидан ўзган шогирд

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг 12 йиллик ҳукмронлик даври якунига етди. Эндиликда мамлакат ҳукуматини унинг собиқ шогирди Нафтали Беннет идора этади. Узоқ йиллар Нетаняҳу қўл остида ишлаган Беннет 2008 йилда сиёсий келишмовчиликлар сабаб устози билан хайр-хўшлашган ва янги партияга асос солган эди. Хўш, янги бош вазирнинг Фаластиннинг босиб олинган ҳудудлари борасида позицияси қандай?

Нафтали Беннет Исроилнинг Ҳайфа шаҳрида, АҚШдан кўчиб келганлар оиласида туғилган. Йигитлик йилларида Исроил армиясининг махсус бўлинмасида хизмат қилган ва ҳарбий операцияларда иштирок этган. Кўп йиллар давомида у “Ликуд” партияси етакчиси Нетаняҳунинг шунчаки сафдоши ўлароқ баҳоланган. Устози билан юзага келган зиддиятдан кейин у мустақил сиёсатчи сифатида парламент ва ҳукумат фаолиятида иштирок эта бошлаган.

Сиёсий қарашларига кўра Исроилнинг янги бош вазири ультрамиллатчи саналади. У Исроил яҳудийларнинг миллий давлати бўлиши керак деб билади. Беннет, шунингдек, Исроил томонидан 1967 йилда босиб олинган Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили, Шарқий Қуддус ва ҳатто Суриянинг Ғўлон тепаликларига ҳам эгалик даъво қилади.

Ғарбий соҳилда қурилган яҳудий иншоотлари Исроил–Фаластин муносабатидаги энг зиддиятли масалалардан экани маълум. Фаластин халқаро ҳамжамият ноқонуний дея баҳолайдиган ушбу қурилмаларни бузишни талаб қилиб келмоқда. Беннет эса уларни сақлаб қолиш тарафдори.

Янги бош вазир оммавий ахборот воситаларида Фаластинга нисбатан муросасиз чиқишлари билан танилган. Исроил телеканали орқали эфирга узатилган сиёсий мунозаралардан бирида кнессетнинг (мамлакат парламенти) араб депутати яҳудийлар Ғарбий соҳилда тураржой қуришга ҳақли эмаслигини айтган. Беннет эса унга жавобан “Биз бу ерда яҳудий давлатини барпо этганимизда сизлар ҳали дарахтдан тушмаган эдингиз!” дея кескин жавоб берган.

Дунё ҳамжамияти, хусусан, БМТ Исроил ва Фаластин – икки давлат ғоясини қўллаб-қувватлаб келади. Беннет эса бу ғояни рад этади. “Исроилнинг бир қарич ҳам ерини бермайман. Тамом-вассалом!” дея баёнот берган у жорий йил февраль ойида. У аксинча Ғарбий соҳилнинг қолган қисмини ҳам Исроилга қўшиб олиш керак деб билади.

Яқинда рўй берган ҳамда Фаластиндаги 200 дан зиёд тинч аҳоли ҳалок бўлишига олиб келган қуролли зиддиятларда ҳам Беннет ҲАМАСни айблаган.

Исроил собиқ бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг эса сиёсий карьераси хотима топгани айтилмоқда. Айни пайтда унинг устидан суд жараёни давом этмоқда.

Ҳукуматнинг собиқ раҳбари порахўрлик, тамагирлик, бюджет маблағини талон-торож қилиш, фирибгарлик ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда айбланмоқда. Бош вазирлик курсиси ва дахлсизлик мақомини йўқотган Нетаняҳунинг озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳам истисно этилмаётир.

C.Cалим