Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида 7-14 март кунлари “Муғом олами” анъанавий V Халқаро мақом фестивали бўлиб ўтди. Ҳайдар Алиев фонди, Маданият ва туризм вазирлиги, Композиторлар уюшмаси, Озарбойжон миллий фанлар академияси ва миллий консерватория томонидан ташкил этилган тадбирда Туркия, Молдова, Польша, Эрон, Ироқ, Иордания, Миср, Сурия, Тожикистон, Қозоғистон, Марокаш, Франция, Канада, Голландия, Венгрия, Сербия, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар вакиллари қатнашди.
Халқаро фестивалда ўзбекистонлик санъаткорлар ҳам муносиб иштирок этди. Жумладан, Илёс Арабов (хонанда) биринчи, Азамат Эргашев (най) ва Отабек Акрамов (дутор) учинчи ўринни қўлга киритдилар.
Фестиваль доирасида муғом мавзусида илмий анжуман ҳам ташкил этилди.
“Муғом Озарбойжон халқ мусиқа санъатининг гултожи саналади. У ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани ҳам бежиз эмас”, – деди Озарбойжон маданият ва туризм вазири Абулфас Гараев.
Озарбойжон миллий фанлар академияси президенти, академик Акиф Ализода ҳам кўҳна муғом санъати мамлакатнинг қимматли маданий мероси эканини таъкидлади.
“Муғом миллий маънавий қадриятларни ҳамда ислом дунёси халқларининг тарихий-маданий алоқаларини сақлаш ва ривожлантиришда муҳим ўрин тутган. Асрлар мобайнида авлоддан авлодга ўтиб келган муғом санъати бугун ҳам Озарбойжонда нашъу намо топмоқда”, – деди А.Ализода.
Халқаро муғом фестивали 2009 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинмоқда. Ундан кўзланган мақсад муғом санъатини дунё халқларига танитиш, Шарқ мусиқаси анъаналарини сақлаб қолиш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Мамлакатда 2008 йилда Халқаро муғом маркази очилган.