Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси, Давлат Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафони ўтказилди.
Веломарафон 21 май куни Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан старт олди. Қарийб 15 кун давомида эковеломарафончилар Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан ўтиб, Сирдарё, Жиззах, Самарқандда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятидан йўлга чиққан веломарафончилар билан учрашди.
Веломарафон иштирокчилари Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳудудларидан ўтиб, Қорақалпоғистон Республикасига етиб келди. Cўнгги босқичда иштирокчилар Беруний туманидаги Қуйи-Aмударё биологик қўриқхонасида бўлиб, қўриқхона фаолияти билан яқиндан танишди.
Охирги манзил Нукус – Қўнғирот – Мўйноқ йўналиши бўлиб, веломарафончилар Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони” ҳудудида финишга етиб келишди.
Веломарафон иштирокчилари қарийб 2000 километрлик масофани босиб ўтиб, финиш чизиғини 55 нафар велосипедчи босиб ўтди.
Эковеломарафон доирасида ҳар бир ҳудудда дарахт кўчатларини экиш акциялари, экологик давра суҳбатлар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун маданий-маърифий тарбирлар ташкил қилинди. Бу экологик хайрия тарбирлари жаёнида 1 500 га яқин велоспорт усталари ва ҳаваскорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Экологик партияси ёшлар қаноти етакчиси Ислом Ғуломовнинг айтишича, “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафонидан тушган маблағлар Мўйноқ туманидаги “Алиовул” қишлоғини обод қилиш, суғориш-ирригация тизимларини яхшилаш, тоза ичимлик суви тармоғини тортиш, иш ўринлари яратиш ва аҳолининг бошқа муаммоларини ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. Ҳозирча хайрия марафонига Республикамиз вилоятлари ҳокимликларидан, экологияга хайрихоҳ фуқаролардан 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ келиб тушди.
Ўзбекистон Экологик партияси раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Камол Жуманиёзовнинг айтишича, ушбу веломарафон ва хайрия тадбири юртдошларимиз, айниқса, ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотди. Экопартия ташаббуси билан бундай тадбирлар ҳар йили ўтказилиши режалаштирилмоқда.