“Россия ветеранлари” ҳаракати мамлакат бош прокурорига “Гарегин Нжде” деб аталган фильм намойишидан норози бўлиб мурожаат бўлади. Бу ҳақда “РЕН ТВ” хабар берди.
Гап шундаки, Россия арманлар иттифоқи арман армиясининг 30 йиллиги куни муносабати билан Москвада мазкур фильм намойиш этилишини маълум қилган. Россиялик уруш фахрийлари эса бу ҳолатни нацистлар ҳамда уларнинг шерикларини оқлашга уриниш деб баҳоламоқда.
Қайд этилишича, арман давлат ва ҳарбий арбоби саналган Гарегин Нжде (1886-1955) Иккинчи жаҳон уруши йилларида Учинчи рейх билан ҳамкорлик қилган.
Россиялик ветеранлар мазкур шахсни гитлерчиларнинг ҳамтовоғи деб атаган ва унга бағишлаган фильм намойишини қоралаган.
“Regnum” агентлиги хабарига кўра, Москвада ўтиши режалаштирилган фильм намойиши полиция томонидан тўхтатилган. Полиция вакили йиғилганларга нацизмни реабилитация қилиш жиноят экани хусусидаги прокурор хулосасини ўқиб эшиттирган.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида нацистлар ҳокимияти билан ҳамкорлик қилган собиқ Иттифоқ республикалари фуқаролари ҳамда турли гуруҳларнинг хатти-ҳаракати кўп йиллардан бери баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади.