Давом этаётган иқтисодий инқироз оддий одамлар учун кўпам тушунарли бўлмаган ажабтовур ибораларни муомалага киритдики, бу янада кўпроқ ваҳимага сабаб бўлмоқда. «Реал иқтисодиёт», «Чайқов капитали», «молиявий пуфак» сингари ғайриоддий иборалар то шу пайтгача кўпчиликка номаълум эди, инқироз таҳлилига бағишланган мақолалар, нашрлар кўпайгани учун бу гаплар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди.
Бу хил ибораларни, шунингдек, инқироз сабабларини ҳам таълил қилиб кўриш керак. Шунда иқтисодиётни ташкил этишнинг қайси модельи энг ишончли ва матсқул йўл экани ойдинлашади.
Таниқли иқтисодчи, доктор Мунзир Кахфнинг фикрига кўра, иқтисодий таназзулнинг қўйидаги сабаблари бор:
Биринчидан, қарзга ва катта фоиз олиш мақсадида бериладиган маблағлар миқдорининг асоссиз равишда ҳаддан зиёд кўпайтириб юборилиши;
Иккинчидан, қарз мажбуриятлари ёзилган қимматли қоғозларнинг бир банк томонидан бошқасига сотилиши. Бу ҳолда қарздор ўз қарзини қоғоз эгасига тўлаши назарда тутилади.
Учинчидан, молиявий олди-сотдилар, амалиётларга реал иқтисодиёт эҳтиёжларини эътиборга олмаган ҳолда ружу қўйилиши;
Тўртинчидан, валюта бозоридаги чайқовчилик, валютани қайта-қайта олиб сотишнинг авжга чиқиши.
Юқорида санаб ўтилган омилларнинг дунёнинг етакчи мамлакатлари иқтисодиётига қанчалик салбий татссир кўрсатганини тушуниб етиш учун реал иқтисодиёт билан чайқов капиталига асосланган иқтисодиёт орасидаги фарқни тушуниб олиш керак.
Реал иқтисодиётнинг уч тармоғи
Реал иқтисодиёт деб реал ишлаб чиқаришга – саноатга, шунингдек, реал маҳсулотлар ва хизматлар савдосига асосланган иқтисодиётга айтилади.
Реал иқтисодиётнинг тараққий этиши унинг уч асосий тармоғи мутаносиблигига боғлиқ. Биринчи тармоқ хом ашё олиш ва уни қайта ишлаш, ярим тайёр маҳсулотга айлантириш билан боғлиқ соҳаларни ўз ичига олади. Бу тармоққа қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, ўрмон хўжалиги, овчилик ва табиий ашёларни (кўмир, нефть, металл рудалар ва ҳ.к.) қазиб олиш кабилар киради.
Бу инсоният тарихида пайдо бўлган илк тармоқ саналиб, ибтидоий одамларнинг илк иқтисодий фаолиятлари асосида шаклланган – овчилик, йиғиш-териш ва ҳ. к.
Саноат инқилоби юзага келгунга қадар иқтисодиётнинг бу тармоғи жаҳон иқтисодиётида алоҳида ўрин эгаллаган ва унинг асосий жабҳаси бўлмиш қишлоқ хўжалиги неча йиллар мобайнида энг муҳим тармоқ ҳисобланган.
Бугунги кунда эса етакчи тармоғи қишлоқ хўжалиги бўлган мамлакат ёки минтақа иқтисодий жиҳатдан қолоқ ҳисобланади. Бунга аҳолисининг катта қисми ҳозиргача ҳам қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган Африка қиттсаси мамлакатларини мисол қилиш мумкин.
Албатта, бу ўринда айрим истиснолар ҳам мавжуд, Мисол учун, иқтисодиётнинг бирламчи тармоғига мансуб ҳисобланган узлуксиз нефть қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати Форс кўрфазидаги ўзига тўқ мамлакатлар – Саудия Арабистони, Катар, Қувайт ва бошқалар иқтисодиётининг асоси бўлиб қолмоқда.
Бироқ, фақат бирламчи тармоққа суяниб қолиш иқтисодий тараққиётга олиб бормайди ва алал оқибат фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин.
Реал иқтисодиётнинг иккинчи тармоғи қайта ишлаш ва қурилиш саноатини ўз ичига олади. Мазкур тармоқ Ғарбий Европа иқтисодиётида ХИХ асрнинг биринчи ярми, ятсни Саноат инқилоби даврида етакчи ўринни эгаллаб келди ва то иккинчи жаҳон урушининг охирига қадар шундай бўлиб қолди. Иқтисодиётнинг иккинчи тармоғи етакчилик қиладиган жамият саноатлашган дейилади.
Иқтисодиётнинг учинчи тармоғи хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ.
Вақти-соати келдики, бу тармоқнинг мавқеи жуда кучайиб кетди. Сабаби, саноатда меҳнат унумдорлигининг ўсиши натижасида хизмат кўрсатиш соҳалари учун қўшимча меҳнат ресурслари – имконлар юзага келди. Ушбу тармоқ транспорт, алоқа, савдо, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, маориф, илмий изланишлар ва шу кабиларни ўз ичига олади.
Бу соҳалар етакчи ҳисобланган жамиятлар постиндустриал давлатлар дейилади. Ғарб дунёсининг энг тараққий этган замонавий марказлари – АҚШ, Канада, Европа мамлакатлари, Япония ва бошқалар шулар жумласига киради.
Чайқов иқтисодиётининг пайдо бўлиши
ХИХ асрнинг иккинчи ярмига келиб учинчи тармоқдан ҳеч нарса ишлаб чиқармайдиган яна бир бутоқча – банк ва молия хизматлари тармоғи юзага келди. Бу соҳа тез равнақ топиб, шохлаб кетди. Унинг илдам-чаққон вакиллари қимматбаҳо қоғозлар ва валюталарни олиб-сотиш, чайқаш, валюта бозоридаги алдам-қалдам ўйинлар, камхарж фуқароларга фойдаси ҳаминқадар қарз бериш, қарз мажбуриятларини бир-бирларига қайта-қайта сотиш каби янги, ажабтовур, кўпам ҳалол бўлмаган ишлар билан машғул бўлдилар.
Реал иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларини ҳисобга олмайдиган, сотувчидан иссиқ хонада ўтириб компютер тугмачаларини шиққиллатишдан бошқа ҳеч қандай ҳаракат, уриниш талаб этмайдиган бу тармоқ бозорининг кенгайиши иқтисодиётда молиявий чайқов капиталининг вужудга келишига сабаб бўлди. Ва бу капитал айнан шундай молиявий олди-сотдилар ҳисобига жуда тез фурсатларда ривож топиб, кучайиб кетди.
Мутахассисларнинг фикрича, акциялар, қимматбаҳо қоғозлар, валюта олди-сотдиси билан шуғулланадиган ҳар қандай молия бозорининг замирида чайқов ётади. Бу бозор пирамида қоидалари асосида ташкил этилган бўлиб, пирамидага нисбатан хатар туғилиши ҳамони маблағини олиб чиқиб кетишга улгурмаган ишбилармон албатта ютқазиши турган гап.
«Аҳмоқ излаш» ўйини
Бу бозор иштирокчилари орасида «аҳмоқни изла» ёки «катта аҳмоқ қонуни» деган уйин бор. Яна буни чайқовчилар томонидан «пуфак пуфлаш» деб ҳам аталади.
Молиявий пуфак маблағ йўналтирилаётган муайян соҳадир, унинг акциялари ва қимматбаҳо қоғозларини қайта-қайта олиб-сотиш – чайқаш орқали мўмай даромад олиш мумкин. Ана шу қоғозлар атрофида шов-шув кўтарилади, чайқов капиталининг катта миқдори шу томонга оқиб келади, мазкур соҳа бошқаларидан кўра афзалроқ, самаралироқ қилиб кўрсатилади.
Чайқов бозоридаги шов-шув натижасида некбин кайфиятдаги чайқовчилар («аҳмоқлар») нархи атайлаб кўтарилган қоғозларни кўплаб сотиб ола бошлайдилар, уларнинг мақсади бу қоғозларни «каттароқ аҳмоқлар» га – йирикроқ чайқовчиларга сотмоқдир. Токи битта «аҳмоқ» иккинчисини топиб савдо юриб турар экан, бу иш фойда келтираверади.
Шу хил фаол, қизғин олди-сотди чайқов бозорида «пуфак» пайдо бўлишига олиб келади, вақти соати етганда эса бу пуфак қарсиллаб ёрилади, нимагаки, ҳалиги қоғозлар учун энг баланд нархни тўлаган энг йирик аҳмоқ уларни сотиш учун харидор топа олмай қолади. Чайқов пирамидаси ҳам қулайди, йиқилади.
Ислом иқтисодиёти чайқов иқтисодиётига қарши
Чайқов пуфагининг ёрилиши реал иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларига ёмон татссир қилади. Бу гал ҳам шундай бўлди: бир қатор ривожланган мамлакатларнинг ипотека қарзлари берадиган, банк хизматлари кўрсатадиган, валюта олди-сотдиси билан шуғулланадиган кўпгина ташкилотларида пуфаклар гумбурлаб ёрилдию, бутунжаҳон молиявий инқирози деган офат юзага келди.
Мазкур таназзул асоссиз равишда қиммати ошириб юборилган қоғозлар олди-сотдисини, банкларнинг «фоиз» учун қарз беришини, реал товар ишлаб чиқарилмаган ёки хизмат кўрсатилмаган ҳолда бойишнинг ҳар қандай турини мантс қиладиган бошқа иқтисоднинг нечоғлик афзал эканини яна бир маротаба исбот қилдики, буни бугун ғарб мутахассисларининг ўзлари ҳам тан олмоқдалар. Кейинги мавзуларимиз шу хусусда бўлади.
Нодира Абдуллаева тайёрлади.