26 сентябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида франциялик тадқиқотчи ва таржимон Стефан Дюдуаньон билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Маърифий тадбир Европа тиллари байрами муносабати билан Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.
Кўп йиллардан буён Марказий Осиё адабиёти ва маданияти соҳасида изланишлар олиб бораётган Стефан Дюдуаньон атоқли адиб Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини француз тилига таржима қилган.
Франциялик меҳмон жадид маърифатпарварлари, хусусан, Чўлпон ҳаёти ва ижоди хусусида сўзлаб берди.
“Чўлпон фавқулодда ноёб истеъдод соҳиби сифатида мени ҳамиша ўзига ром этиб келган. Унинг ижоди ва шахсиятини ўрганиш учун кўп йиллар давомида изланиб келаман. Шу мақсадда юртингизда кўп бора меҳмон бўлганман. Бегали Қосимов, Озод Шарафиддинов каби олимлар билан суҳбатлар қурганман. Чўлпон мустамлакачиликка тиш-тирноғи билан қарши бўлган, ҳамиша озодлик учун курашган букилмас иродали адиб эди”, – деди Стефан Дюдуаньон.
Чўлпоннинг ижодий мероси ҳақида гапирган тадқиқотчи “Кеча ва кундуз” романига юксак баҳо берди.
“Менимча, дунё адабиётида “Кеча ва кундуз” каби роман кам топилади. Ўсмирлик чоғидаёқ жаҳон адабиёти дурдоналарини ўқиб чиққан ёш адиб ўз романида ҳам Ғарб адабиёти новаторлиги, ҳам Шарқ донишмандлигини муваффақиятли тарзда уйғунлаштира олган. Аммо Чўлпон шахси ва ижоди ҳали жаҳон адабиётида муносиб даражада баҳоланмаган. “Кеча ва кундуз” романи хорижий тилларга таржима қилинмоқда. Дунё фикр аҳли романни ўз она тилида ўқиб чиққач, асар ва унинг муаллифига муносиб баҳо беради, деган умиддаман. Вақти келиб, эҳтимол 50 йилдан кейиндир, жаҳон адабиёти тарихида Чўлпон ўзига муносиб ўрин топишига ишонаман”, – деб таъкидлади франциялик тадқиқотчи.
Стефан Дюдуаньон “Кеча ва кундуз” романи таржимаси хусусида ҳам сўзлаб берди. Унга кўра, ижодий жараёни машаққатли, аммо қизиқарли кечган. Таржимон кези келганда Чўлпон тилига хос биттагина жумланинг французча муқобилини топиш учун икки-уч кунлаб изланган.
“Чўлпон ижодининг ўзига хослиги шундаки, у муайян ғоя ёки фикрни асар сийрати, суръати ва мусиқий оҳангига синдириб юборади. Бу жиҳатдан, таржима жараёнида аслиятни сақлаб қолиш икки карра масъулият юклайди. Албатта, таржима қандай чиққанига холис баҳони ўқувчи беради. Аммо мен ана шу ижодий масъулиятни ҳис этган ҳолда қалам тебратганман”, – дея ҳикоя қилди таржимон.
Франциялик меҳмон маърузадан сўнг тадбир иштирокчилари – зиёлилар, адабиёт мухлислари ва журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Стефан Дюдуаньон – ислом тарихи, Марказий Осиё маданияти ва адабиёти мавзуларига ихтисослашган тадқиқотчи ҳамда таржимон. У, шунингдек, Франция Ижтимоий фанлар бўйича тадқиқотлар олий мактаби (EHESS) ҳамда Илмий тадқиқотлар миллий маркази (СNRS) ходими ҳамдир.
Франциянинг Тошкентдаги элчихонаси Европа тиллар байрами доирасида 27 сентябрь куни юртимиздаги ҳамкор дипломатик ваколатхоналар билан биргаликда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ҳам шеърият кечаси ўтказилишини маълум қилган.