Грузиянинг замонавий тарихида Михаил Саакашвили номи алоҳида саҳифада қайд этилиши шубҳасиз. Бунинг боиси, бутун собиқ Иттифоқ мамлакатларига ёйилган инқилоб тўлқинини бошлаб берган сиёсатчи мўъжазгина Грузин давлатини дунёга машҳур қилиб юборди.
«Грузия давлатига янгиланиш ва ислоҳотлар керак» шиори билан майдонга чиққан Саакашвили қаршисида собиқ СССР давлатида жуда катта нуфуз қозонган, юқори давраларда «кулранг тулки» лақаби билан танилган Эдуард Шевернадзе турарди.
Бироқ ҳали 40 ни ҳам қораламаган етакчи Шевернадзе каби улкан фигурани йиқита олди ва ўз мамлакати Ғарб мамлакатлари, хусусан, АҚШ томон юз буриши, азалий ҳамкор Россиядан воз кечишини эълон қилди…
Михаил Саакашвили 1967 йилнинг 21 декабрьида Грузия пойтахти Тбилисида дунёга келди. Саакашвилининг таржимаи ҳолида фақатгина таваллуд маскани сифатида Грузия ёдга олинади. Президентнинг ўсмирлик, йигитлик, талабалик ва ҳатто дастабки иш фаолият даври ҳам хорижда ўтган.
Грузиянинг бўлажак раҳбари олий маълумотни Украинада — Киев халқаро алоқалар институтида олди. Институтдаги таҳсил даврида Америка Конгресси стипендиясига сазовор бўлган Саакашвили океанорти мамлакатидаги нуфузли олийгоҳлардан бири Колумбия университетида ўқиш имкониятини қўлга киритди. Шу ерда дастлаб магистрлик илмий даражасини олган Саакашвилининг келгуси ҳаётида АҚШ катта ўрин тутди. У пайтларда бўлажак президент келажакдаги фаолияти, ҳатто давлат раҳбарлик карераси ҳам Вашингтонга боғлиқ бўлишини ҳали билмасди, албатта…
Ғарбона яшаш тарзига ва Америка ҳавосига анчайин кўниккан тбилисилик йигит илм қилишга аҳд қилди. Ҳаракатлар самара бериб, Михаил Саакашвили Жорж Вашинтон номидаги университетда докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Шу билан грузиялик толиби илмга жаҳоннинг барча дарвозалари очилди. Чунки у докторлик даражасини олган университет дунёнинг манаман деган олимлари, сиёсатчию иқтисодчилари, арбобу президентлари ўқиган олийгоҳ эди.
Бу орада табиатан тиришқоқ ва илмга чанқоқ бўлган Саакашвили Франциянинг Страсбург шаҳрида жойлашган инсон ҳуқуқлари институтини ҳам тамомлади.
Михаил Саакашвили иш фаолиятини Нью-Йоркдаги адвокатлик фирмаларидан бошлади. Кейинроқ Норвегиядаги инсон ҳуқуқлари институтида хизматни давом эттирди.
1995 йили Михаил Саакашвили Грузия президенти Эдуард Шевернадзенинг таклифи билан ватанига қайтди. Ўз атрофига иқтидорли ва билимли ёшларни йиғаётган президент Саакашвилининг салоҳиятига тўғри баҳо берди. Бироқ Америка, Франция тупроғини ялаган ва демократия ватани сувини ичган йигит бир кун келиб азим чинор — Шевернадзенида йиқитиши кекса арбобнинг хаёли кўчасига ҳам келмаганди…
Саакашвили шу йилнинг ўзида Грузия парламенти депутатлигига сайланди. Қонун чиқарувчи идоранинг Конституция ва қонунчилик масалалари қўмитасига раис бўлган пайтда бўлажак раҳбар эндигина 28 ни қоралаганди. Ўша пайтдаёқ Грузия раҳбарияти таркибида камдан кам учрайдиган — бир неча хорижий тилларни биладиган, чет элда кўп вақт яшаб келган тбилисилик анча узоқларга боришини кўпчилик башорат қилганди.
2000 йили Шевернадзе Михаил Саакашвилини адлия вазири лавозимига тайинлади. Янги ғоя, янги қарашлар билан келган ёш арбоб вазирлик вазифасида бир йил ҳам ўтирмади. 2001 йилнинг сентябрида Саакашвили Шевернадзе ҳукуматини порахўрлик ва коррупцияда айблаб ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди. Катта авлод арбоблар Саакашвилининг шарттакилигини ёшлик ва ғўрликка йўйишди. Бироқ «ёш, тажрибасиз ва ғўр» деб айбланган Саакашвили жуда узоқни кўзлагани кейинроқ маълум бўлди. Вазирликдан кетиб яна депутат сифатида сайланган арбоб 2002 йилдаёқ Грузия парламенти раислигини эгаллади.
Михаил Саакашвили мамлакат қонунчилик мажлиси раиси сифатида ишни амалдаги президент Шевернадзега қарши кураш эълон қилишдан бошлади. Шу тариқа кейинроқ «атиргуллар инқилоби» номи билан тарихга кирадиган, Шевернадзени ўз ихтиёри билан президентликдан воз кечишига сабаб бўладиган катта сиёсий ўйинлар бошланди. Украина, Қирғизистондаги рангли қўзғолонларга илҳом берган Грузия атиргуллар инқилобига Америка тарбиясини олган грузин етакчилик қилди. Шу тариқа Вашинтон университетининг доктори, Страсбург халқаро институти битирувчиси ва яна бир қатор номдор унвонлар соҳиби бўлган 36 ёшли Михаил Саакашвили Грузия президентлигига сайланди. Унга грузин халқининг 95 фоизи ишонч билдирди.
Дунёнинг энг ёш президентларидан бири бўлган Михаил Саакашвили ташқи сиёсатда Европа давлатлари ва Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорликка асосий эътибор қаратади. Бу жиҳатдан Грузия раҳбари сиёсий тўнтариш жараёнида, кейинроқ сайлов пайтида унга катта кўмак берган океанорти давлати ҳомийлигини унутмаганини намойиш қилади.
Саакашвили ҳукумати Вашингтон томонидан яхшигина қўллаб-қувватланиши маълум. Дастлабки даврларда Грузия ҳукумати вазирлари, ҳатто президентнинг ўзига ҳам Америка миллиардерлари ойлик маош тўлаб тургани ҳам буни тасдиқлайди.
Грузиянинг янги раҳбари табиатан ўз қўл остидаги вазир ва раҳбарларга қаттиққўллиги, талабчанлиги билан танилган. Саакашвили расмий давраларда 1500 АҚШ доллари маошга қаноат қилаётгани, бошқалар ҳам ундан ибрат олишларини кўп бора таъкидлайди. Арбоблар учун таниш-билишчилик ва маҳаллийчилик қатъий ман этилган. Порага қўл урганлар эса биринчи бўлиб жазога тортилади.
Ёш етакчида қадимги Шарқ ҳукмдорларига хос хислатлардан ҳам йўқ эмас. Президент тунда кутилмаганда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг зийраклигини синаш учун қадам ранжида қилиши мумкин. Грузия раҳбарининг исталган вақтда, огоҳлантиришсиз вазирлар ва бошқа арбоблар идорасида ҳозир бўлиши ҳам одатга айланган.
Яқиндагина рўй берган яна бир воқеа: ҳукумат йиғини кетаётган бир пайтда Саакашвилининг ишораси билан мажлисга бир неча шиша вино олиб кирилди. Маълум бўлишича, бу грузин виноси сифатида Европада сотилаётган, аслида эса бошқа давлатларда тайёрланган ичимлик экан. Грузия миллий ифтихори бўлган ичимликнинг сохталаштирилгани ва бундан вазирларнинг ҳаттоки бехабарлиги Саакашвилини ғазаблантирди. Президент бунга жазо сифатида бош вазир ва вазирларга сохта грузин виносини мажбурлаб ичирди… Хуллас, Михаил Саакашвили билан ишлаётган раҳбарларга осон тутиб бўлмайди.
Оташин нутқлари, эҳтиросларга тўла чиқишлари билан танилган Саакашвили ғарбона ривожланиш йўлини жиддий тартибда танлаган кўринади. Ўз мамлакатини Шимолий Атлантика ҳарбий иттифоқи (НАТО)га аъзо қилишга аҳд қилган президент яқинда кутилмаган баёнот билан чиқди: Грузия Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан чиқиши мумкин! Бу Грузия етакчисига нисбатан «Американинг куёви», «америкалик грузин» тарзида ишлатилаётган киноявий таърифларни тасдиқлаётгандек.
Бунинг устига охирги пайтларда Грузияда амалдаги президентга қарши кайфият тобора кучайиб бормоқда. Саакашвили катта ваъдалар билан президентлик вазифасига киришганига ҳам икки йил бўлди. Бироқ ўтган давр мобайнида мамлакат иқтисодий ҳаётида сезиларли ижобий ўзгариш рўй бермади. Бу эса Америкада таҳсил олган ёш етакчига катта ишонч билдирган грузияликлар ҳафсаласини пир қилаёзди.
Ўтган ойлар давомида пойтахт Тбилисида бир неча бор ўтказилган ва минглаб фуқаролар иштирок этган норозилик чиқишлари бир пайтлардаги Шевернадзе истеъфосини талаб қилиб чиққан намойишларни ёдга солди…
Собиржон Ёқубов
www.hurriyat.uz