Жорий ҳафта Туркиянинг Истанбул шаҳрида глобал ҳамда минтақавий зиддиятлар ҳамда уларни ҳал этиш йўлларига бағишланган икки анжуман ўтказилади. Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлининг мазкур анжуманлар муносабати билан ёзган “Тинчликка эришиш учун ташаббускор ташқи сиёсат лозим” деб номланган мақоласи эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Жорий ҳафта Истанбулда воситачилик (медиация) мавзусида алоҳида, айни чоқда, ўзаро боғлиқ икки халқаро анжуман бўлиб ўтади. Улардан бири зиддиятлар кечаётган ҳудудлардаги бугунги вазият ҳамда бу борада Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) аъзоларининг воситачилик имкониятларига бағишланади. Иккинчи анжуман янада кенг масалаларни қамраб олади. Анжуман сессияларида барқарор тараққиёт, тинчлик ҳамда воситачилик муносабати; воситачилик орқали гендер тенглигини таъминлаш ва ушбу жараёнларга ёшларни жалб этиш каби масалалар муҳокама этилади. Шунингдек, зиддиятлар ва воситачилик тадқиқида маълумотлар базаси ва сунъий интеллектнинг ролига доир қарашлар кўриб чиқилади.
Бундай машваратлар кимгадир фойдасиз туюлиши мумкин, аммо воситачилик бўйича Истанбул анжуманлари муаммоларни умумий идрок этиш, воситачилик жабҳасидаги саъй-ҳаракатлар кун тартиби ҳамда зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этишга ҳамиша сезиларли ижобий таъсир кўрсатган. Мазкур анжуманлар мезбони ҳамда БМТ, ИҲТ ва ЕХҲТ каби учта муҳим халқаро ташкилотда Воситачи давлатлар дўстлик гуруҳи ҳамраиси бўлган ягона мамлакат сифатида Туркия ушбу анжуманлар натижаларини номи зикр қилинган халқаро ташкилотларда ҳам татбиқ этиш имконига эга.
Не тонгки, XXI асрда инсоният фавқулодда мушкул синовларга рўбарў келмоқда. Кўпчилик халқаро ҳуқуқ, халқаро институтлар, демократия ва қонун устуворлиги, ҳисобдорлик, эркин савдо, гендер тенглиги ва бошқа масалалардаги ютуқларни инобатга олиб, “стакан ярми тўла” деб ўйлаб турган бир пайтда, стаканнинг ярми бўш экани аён бўлиб қолмоқда. Бу ҳолатлардан барчамиз хабардормиз ва уларни қайта эслаб этишга ҳожат йўқ. Савдо урушлари, халқаро эксплуатациянинг янги шакллари, геосиёсий рақобат, буюк давлатлар олиб бораётган прокси-урушлар, инқирозга юз тутаётган миллий давлатлар, терроризм, ксенофобия, исломга душманлик, кучайиб бораётган тенгсизлик ва адолатсизлик – булар “cтаканнинг ярми бўш” эканини ошкор этаётган замонавий муаммолардир.
Сирасини айтганда, инсоният юзма-юз келаётган синов-имтиҳонлар одамзоднинг ютуқ ҳамда имкониятларини йўққа чиқармоқда. Хўш, энди қайси томоннинг қўли баланд келади? Бу саволнинг жавоби биз, инсонлар ижобий натижаларга эришиш учун бир ёқадан бош чиқариб ишлай олишимиз, шунингдек, муаммоларга қандай муносабатда бўлишимизга боғлиқ. Бир нарса аниқ: агар биз ташаббускорлик, оқиллик ва инсонпарварлик намунасини кўрсатмасак, ёвузлик ғалаба қозониши ҳеч гап эмас. Бугун кутиш ва кузатиш позицияси ўзини оқламайди. Сиёсий ёндашувлар воситачилик ва террорчиларга қарши амалий куч ишлатиш орасида ажралиб қолади.
Келинг, Суриядаги вазиятни кўриб чиқайлик. Туркиянинг ташаббускор ва инсоний ёндашуви туфайли умумий миқдорда 4000 квадрат километр майдон ДАИШ ва PПК/PYD/YPG каби икки террорчи ташкилотдан тозаланди. Агар биз вазиятга аралашмаганимизда, халқимиз мудом террорчилар нишонига айланар, қолаверса, Сурия фожиасининг сиёсий ечими ҳам топилмас эди. Туркия гуманитар фожиани енгиллатиш учун бор имконини ишга солди, дунё бўйича энг кўп қочқинларни қабул қилди. Қочқинларга дунёдаги энг катта иқтисодиёт эгасидан ҳам кўра кўпроқ сармоя йўналтирмоқда, гуманитар ёрдамга кўпроқ маблағ сарфламоқда. Туркия, шунингдек, ўн минглаб, балки юз минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилувчи битимларни қўллаб-қувватламоқда, қўшни Суриянинг ҳудудий яхлитлигига асосланган сиёсий қарорларни дастакламоқда.
Суриядаги вазиятни мисол қилиб келтирганимиз бежиз эмас. Сурия яна бир бор вазиятга аралашиш қанчалик муҳим эканини кўрсатди. Негаки, мамлакат уруш олови домида қолган паллада, аёнки, ўша мамлакатнинг эртанги куни ноаён бўлиб қолади. У ёки бу тарзда бутун бир авлод бой берилади; келажак мавҳумот пардаси ортида қолади. Террорчилик ҳамласи, иқтисодий инқироз, ноқонуний миграция ёки тилкаланган қалблар… буларнинг бари ҳатто минглаб километр олисдаги инсонларни ҳам ташвишу изтиробга солади.
Зиддиятлар олдини олиш ва уларни тинч йўл билан ҳал этиш бирламчи масала экан, у ҳолда биз бунга жиддий киришмоғимиз шарт. Бу эса, БМТ, ИҲТ ва ЕХҲТ Воситачи давлатлар дўстлик гуруҳлари ҳамраиси ва жорий ҳафта Истанбулда воситачилик мавзусида ўтадиган икки анжуман ташкилотчиси саналган Туркиянинг келгуси саъй-ҳаракатларига туртки беради.