Манфаат ва холислик муаммоси

Нега башоратлар ҳамиша ҳам ўнг келмайди?

Халқини фаровон, Ватанини обод кўриш орзулигича қолиб кетса, бошқа биров уни ҳаётининг мазмунига, дастуриламалига айлантиради: режалар тузади; тавсиялар ишлаб чиқади; энг муҳими, синчи сифатида таҳлил ва воқеалар ривожига асосланган ҳолда муайян башоратлар қилади. Мабодо, улар кўнгилдагидек чиқмаса, жуғрофий-сиёсий жараёнларни халқи, Ватани манфаатига мос ўзанга буриш тараддудига тушади. Бу – табиий.

Бироқ энг пухта илмий далиллар, кузатувлар ва жараёнлар таҳлилига асосланган башоратлар ҳам келгусида табиат, иқтисодиёт ёки сиёсатда бўладиган силтанишларни, улар ҳаёт маромини бузиб, тараққиёт ўзанини бошқа тарафга буриб юборишининг аниқ ҳисобини ола билмайди ва шу сабабли нотугал бўлиб қолаверади.

Узоққа бормайлик. Икки йилнинг нари-берисида нефть нархи осмонга сакраб кетган кезлари, аҳвол шу тарзда давом этаверса, яна эллик ёки юз йилнинг нари-берисида ёқилғи-энергетика ресурслари тугайди, қабилида тушкун башоратлар қилмаган оммавий ахборот воситаси қолмади ҳисоб. Гарчи воқеалар ҳамиша спираль бўйлаб ривожланиши, баъзан узоқ давом этадиган ишлаб чиқариш, товарларга талаб, нарх-наво пасайиши – ретсессия рўй бериб туриши ҳисобга олинган тақдирда ҳам нимадир эътибордан четда қолади, истакни ҳақиқат деб билиш устунлик қила бошлайди.

Масалан, ҳозирги ялпи молиявий-иқтисодий инқироз даврида нефть ёки газ захираси қачон тугаши ҳақида ҳеч ким гапирмай қўйди. Балки бу шов-шувлар ипотека бозоридан «қочган» миллиардлаб доллар эркин пулнинг нефть бозорига ташланиши оқибатида юзага келган чайқовчилик билан ҳам боғлиқдир, аммо синчи ҳақиқатни сафсатадан фарқлай билиши керак эмасми?

Ғарбдаги айрим синчилар «совуқ уруш» тугагандан кейинги халқаро аҳволни либерал демократия ғалабаси деб атаган бўлса, бугунги кунда касод бўлиш арафасида турган йирик-йирик банку компаниялар акцияларини давлат сотиб олаётганини марксизм ғояларига қайтиш деб таърифламоқда.

Боз устига, халқаро муносабатларда янги тамойиллар ҳам кўзга ташланмоқдаки, бундан беш-ўн йил олдин уларни тасаввур қилиш ҳам маҳол эди. Ҳатто бугунги кунда молиявий-иқтисодий инқироз глобаллашув жараёнига салбий таъсир кўрсатиб, регионализация – минтақавий сиёсий, савдо-иқтисодий муносабатлар кучаяди, деган тушкун қарашлар ҳам мавжуд. Глобал муаммога айланиб улгурган инқироздан чиқиш учун нафақат халқаро молия институтлари, қолаверса, иқтисодиёти йирик давлатларнинг фаол иштироки масаласи кун тартибига чиқаётган бир шароитда регионализацияга ўралашиб қолиш унчалик ҳам тўғри бўлмаса керак. Буни дунёнинг бир чеккасида бирин-кетин касодга учраётган корпорация ва компанияларни сотиб олиш учун бошқа бир чеккасидаги миллий ёки трансмиллий компаниялардан таклиф тушаётгани ҳам яққол кўрсатиб турибди. Эҳтимол, вақти келиб, худди Европа Иттифоқига ўхшаш иш кучи, капитал, пул ва хизматларнинг эркин ва оптимал ҳаракатланувини йўлга қўядиган минтақавий, америкалик сиёсатшунос олим Семюел Ҳантингтон таъбири билан айтганда, ягона тамаддун доирасидаги бозорлар ҳам вужудга келар. Бошқа олимлар эса бугунги жараёнларни глоcалисатион[1] деб атайди.

Кўряпмизки, жорий инқироз Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейинги даврда унда ғолиб чиққан давлатлар манфаатига мослаб ташкил этилган халқаро муносабатлар (БМТ Хавфсизлик Кенгашига 5 доимий аъзонинг вето қўллаш ҳуқуқи, халқаро молия институтларининг Ғарб назорати остида фаолият юритиши ва ҳоказо) учун ўзга хос синов бўлмоқда. У «совуқ уруш»дан кейин вужудга келган жуғрофий-сиёсий вазиятга ҳам таъсир ўтказадими ёки халқаро муносабатлар соҳасидаги асосий тамойиллар сақланиб қолаверадими? С.Ҳантингтон иддао қилганидай, мафкуралар ўртасидаги кураш ўрнини маданиятлар ўртасидаги кураш эгаллай борадими? Янги мустақилликка эришган давлатларда миллий ўзига хосликни шакллантиришга оид саъй-ҳаракатлар билан С.Ҳантингтоннинг АҚШ ташқи сиёсати доктринаси сифатида қабул қилинган тамаддунлараро ихтилофлар концептсияси ўртасида боғлиқлик борми? Синчилар тилида «Марказий Осиё субконтиненти”[2] деб ном олган минтақанинг келажаги нима бўлади?

Шу каби саволларга «Тамаддунлар тўқнашуви ва дунё тартибини ўзгартириш» китоби мутолааси жараёнида жавоб излаб кўрамиз. Мақсад атрофимизда кечаётган жуғрофий-сиёсий жараёнларга, ушбу китоб ёзилгандан бери ўтган 12-13 йил мобайнида қандай ўзгаришлар юз бергани ва Ғарбда муаллифнинг огоҳлантиришларига амал қилинмаётгани қандай оқибатларга сабаб бўлаётганига бир қур назар ташлашдир.

Магна МаcДоналдъс эмасМагна Cарта!

С.Ҳантингтоннинг «Тамаддунлар тўқнашувими?» мақоласи 1993 йили ўзи ташкил этган “Фореигн Аффаирс” журналида босилиб чиққач, катта шов-шувга сабаб бўлди. Муаллифнинг эътироф этишича, ХХ асрнинг 40-йилларидан бери чоп этилган бирорта мақола бу қадар кўп фикр қўзғамаган, таҳсин олмаган ёки эътироз уйғотмаган. Олим айни шу ҳол мақолани китобга айлантиришга туртки берганини урғулайди: «Бу китобнинг мақсади мақолада қўйилган саволга тўлиқроқ, теранроқ ва ҳужжатларга асосланган жавоб беришдир… Гап тамаддунлар концептсияси; универсал тамаддун масаласи; ҳокимият билан маданиятнинг ўзаро муносабати; тамаддунлар ўртасида ҳокимият баланси ўзгариши; Ғарбдан бошқа тамаддунларнинг маданий манбаси; Ғарб универсализми, мусулмон жангарилиги ва Хитойнинг даъволари сабабли вужудга келган ихтилофлар; Хитой қудратининг кучайишига жавоб сифатида мувозанат сақлаш ва »мослашиш” тактикаси; дарз чизиқлари[3]даги урушлар сабаби ва динамикаси; Ғарб дунё тамаддунларининг келажаги ҳақида кетмоқда”[4].

С.Ҳантингтон тамаддунлар ўртасидаги ихтилофлар авж олишини башорат қилар экан, Ғарбда пайдо бўлган мафкуралар (либерализм, социализм, фашизм, анархизм, корпоративизм, марксизм, коммунизм, социал-демократия, консерватизм, национализм, христиан демократияси) бирин-кетин йўқ бўла боргани сари унинг таъсири сусайиб, ўрнини ўзига хосликнинг диний ва бошқа маданий шакллари эгаллай боришини таъкидлайди ва бунга қарши туришнинг саъй-ҳаракатлари намунаси сифатида асли келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган инглиз ёзувчиси В.С.Найпол илгари сурган «универсал тамаддун» концептсиясига тўхталиб ўтади. Унинг моҳияти инсониятни умумий қадриятлар, эътиқод, тартиб, анъана ва институтлар асосида бирлаштиришни назарда тутади. Бироқ теранроқ мулоҳаза юритилса, унга айнан Ғарб қадриятлари асос қилиб олинганини уқиб олиш қийин эмас.

Биринчидан, Ғарбнинг оммавий маданият индустрияси дини, тили ва миллатидан қатъи назар, барчанинг «муҳаббат, жинсий алоқа, сир, қаҳрамонлик ва бойлик орттириш»га бўлган иштиёқини эксплуатация қилиб, миллиардлаб доллар бойлик орттираётгани ҳисобга олинса, бу яқин орада унга на Шарқдан ва на Жанубдан рақобатчи чиқмаслиги тайин. Аслида «универсал тамаддун» ғояси Ғарбнинг маданий экспанциясидан бошқа нарса эмас.

Иккинчидан, Ғарб истеъмол маданиятининг бошқа ҳудудларга кириб бориши ҳам шу мақсадга хизмат қилади.

Учинчидан, етакчи трансмиллий оммавий ахборот воситалари назорати Ғарбнинг қўлида экани, уларнинг мазкур тамаддун қадриятлари, анъаналари, турмуш тарзи, менталитетини тинимсиз тарғиб қилиши ҳам Найпол орзу қилган «универсал тамаддун» ғоясини дунёга ёйишдан иборат.

Бироқ С.Ҳантингтон оммавий маданият билан истеъмол товарларининг бутун дунёга тарқалишини «Ғарб тамаддунининг сийқалашиши» деб атайди. Унинг назарида бу тамаддун моҳияти Магна МаcДоналдъс, эмас, аксинча, Магна Cарта[5]дир. Олим ўз фикрини асослаш учун Рим империяси давридан бери Ғарб тамаддунига хос бўлиб келган ва кейинги икки аср мобайнида унинг юксак тараққиётини таъминлаган омиллардан 1) католицизм (протестантизм); 2) тилларнинг лотин тилидан келиб чиққани; 3) давлатнинг черковдан ажратилгани; 4) ҳуқуқнинг ҳукмронлик принтсипи; 5) ижтимоий плюрализм; 6) ҳокимият вакиллик органлари анъанаси ва 7) индивидуализмни санаб ўтади.

Бу тамаддун вакиллари илгари босиб олинган жамиятларга ўз қадриятлари, анъаналари, урф-одатлари ва эътиқодини куч ишлатиб ёйишга уриниб келган бўлса, кейинчалик бундай экспанция дини, тили, тутуми бошқа бўлган жамиятларни Ғарб андозалари асосида модернизация қилиш ва ғарблаштириш сиёсатида зуҳур бўла бошлади.

Ғарб андозасидан улги олмай модернизациялашган собиқ совет республикаларига Магна Cарта воситасида таъсир ўтказишнинг ўзгача тактикаси – «рангли инқилоблар» танлангани ҳам эътиборга молик.

«Рангли инқилоблар»

Жорж Буш 2005 йил 27 май куни АҚШ Ҳарбий-денгиз академияси битирувчилари ҳузурида қилган маърузасида «Озодлик бутун дунё бўйлаб одим ташламоқда, биз охирги бир ярим йил мобайнида Грузияда »атиргул инқилоби«, Украинада »зарғалдоқ инқилоби«, Ироқда »қирмизи инқилоб«, Ливанда эса »кедр инқилоби«га гувоҳ бўлдик. Бу ҳали бошланиши, холос» (http://www.polemics.ru/articles/?articleID=6178&hi…), дея ифтихор билан гапирган эди.

Орадан маълум вақт ўтгандан сўнг саккиз йил давомида юритилган бундай ғаразли сиёсат оқибатида дунёнинг турли нуқталарида беқарорлик ўчоқлари пайдо бўлгани ва Ғарб давлатларининг ўз жуғрофий-сиёсий кураш марраларини собиқ социалистик лагерь чегараларидан пост-совет республикалари ҳудудига кўчиришга интилаётгани ойдинлашди. Украинада тўрт йилдан бери давом этаётган сиёсий танглик ҳам, Косовонинг Сербия, Жанубий Осетия билан Абхазиянинг эса Грузия таркибидан де фаcто ажралиб чиқиши ҳам айни шу тадбирлар системали тарзда амалга оширилаётганини кўрсатади.

Кўпчилик синчилар Кавказ ва Марказий Осиёнинг жуғрофий-сиёсий курашлар майдонига айланиши сабабини ушбу минтақанинг бой минерал-хомашё ресурсларига эга экани ва Ғарб, Хитой, Россия ҳамда таъсир кучи иккинчи даражали бўлган давлатларнинг (Туркия, Япония, Ҳиндистон, Покистон ва бошқаларнинг) уларни ўз назорати остига олиш учун кураши билан изоҳлайди. Бироқ масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қилинмаса, минтақадаги бугунги жуғрофий-сиёсий кураш манзараси тўлиқ бўлмай қолади.

«Рангли инқилоблар» сиёсатини фақат кичик Ж.Буш маъмуриятининг «эрмак»ларига йўйиш унчалик тўғри эмас. Чунки Билл Клинтон 90-йилларнинг бошидаёқ, Америка бошқа мамлакатларда демократияни ҳимоя қилиш орқали ўз келажагига сармоя ётқизади, деб айтган ва «Миллий демократия жамғармаси»ни молиялаштиришни 1,35 баробар кўпайтириш таклифи билан чиққан эди.

Марказий Осиё бўйича мутахассис, АҚШнинг Жонс Ҳопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти директори Фредерик Старр таъбири билан айтганда, «АҚШ ташқи сиёсати иккала партиянинг (республикачилар ва демократлар – Ф.Н.) қарашларига асосланади; у инқилобий эмас, тадрижийдир» (http://sato.kloop.kg/files/).

АҚШ маъмурияти СССРнинг парчаланиб кетишини глобал демократик инқилоб тантанаси дея баҳолади. «Демократиянинг оммалашиши ғарбликларнинг асосий мақсади бўлиб қолди. Ушбу мақсадни Буш маъмурияти ҳам қўллаб-қувватлади: давлат котиби Жеймс Бейкер 1990 йил апрелида »тийиб туриш сиёсати замирида демократия бор«, деб айтди» (Ўша китоб, 299-бет).

Ушбу мақсадлар ХХИ асрнинг бошларига келиб, муайян лойиҳаларга, доктриналарга дўна бошлади. Шулар сирасига Фредерик Старрнинг “Фореигн Аффаирс” журналининг 2005 йил 4-сонида чоп этилган «Марказий Осиё ҳамкорлиги» мақоласини мисол қилиб келтириш мумкин. Муаллиф унда «Катта Марказий Осиё ҳамкорлиги ва тараққиёти бўйича минтақавий форум» лойиҳасини илгари сурди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон баробарида Афғонистонни ҳам қамраб олувчи бу лойиҳанинг мақсади Марказий Осиёда иқтисодий, сиёсий, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликка асосланган минтақавий структура яратиш ва унинг ёрдамида бу ерда жойлашган давлатларни Россия ва Хитой сингари катта давлатлар таъсиридан халос этиб, демократик сиёсий система ўрнатилишини қўллаб-қувватлашдан иборат. Лекин Ф.Старр рангли инқилоб «экспортчи»ларидан фарқли ўлароқ, минтақадаги пост-совет республикаларига бошқача назар билан қарайди: «АҚШ Марказий Осиёнинг собиқ совет республикаларида илдиз отган дунёвий давлат тузилмаси равнақидан манфаатдордир. Марказий Осиё муваффақияти бутун ислом олами учун муҳим аҳамиятга эга ҳамда бу теократик ва авторитар фикрлаш тарзининг энг яхши муқобилидир» (http://sato.kloop.kg/files/).

Ф.Старрнинг қарашлари ҳам С.Ҳантингтоннинг Ғарб анъаналари ва қадриятларини бошқа тамаддунларга мансуб минтақаларга тиқиштирмаслик хусусидаги мулоҳазаларига ҳамоҳангдир. Айни пайтда улар тутган позицияни умумлаштириб турувчи яна бир жиҳат ҳам бор: нима қилиб бўлсада, Америка таъсирини четга ёйиш. Лекин улар таклиф этаётган усул маданият экспанцияси ёки демократия экспортидан кўра, «юмшоқ ҳокимият» деб аталувчи феноменга яқинроқдир.

«Юмшоқ ҳокимият»

С.Ҳантингтон «Ғарб мустамлакачилиги ортда қолиб, Америка гегемонизми поёнига етаётган» (ўша китоб, 132-бет), Ғарб маданиятига муқобил бўлган бошқа маданиятлар қайта туғилаётган бир шароитда унинг устунлигини сақлаб қолиш учун нима қилиш керак, деган саволга жавоб излар экан, Ҳарвард университети профессори Жозеф Най 90-йилларнинг бошида муомалага киритган ва ҳозирги кунда сиёсатчию экспертлар тилидан тушмай қолган «юмшоқ ҳокимият» тушунчасини тилга олади. Хўш, унинг асл моҳияти нима?

Электрон энциклопедияларда таъриф берилишича, «юмшоқ ҳокимият» ўзинг истаган нарсага «қаттиқ ҳокимият» каби мажбурлаш ва пул тўлаш йўли билан эмас, аксинча, тарафдор орттириш ва жалб қилиш орқали эришишдир (www.wikipedia.com). Ж.Най ҳар бир давлатнинг «қаттиқ ҳокимияти» (иқтисодий ва ҳарбий қудрати) ресурслари қаторига унинг маданияти, таянадиган сиёсий принтсиплари ва юритаётган ташқи сиёсатини ҳам қўшиш мумкин, деб ҳисоблайди. Ушбу омиллар давлатнинг дунё жамоатчилиги кўз ўнгида обрўсини оширишга хизмат қилса, «юмшоқ куч»га айланиши ва олдига қўйган мақсадига ҳарбий ёки иқтисодий ресурсларни ишга солмай ҳам эришиши мумкин бўлади.

Ж.Най «юмшоқ ҳокимият» ҳар доим «қаттиқ ҳокимият»га таянишини алоҳида таъкидлайди: «Юмшоқ ҳокимият» «қаттиқ ҳокимият»га таянсагина, чин маънодаги ҳокимиятга айланади” (Ўша китоб, 133-бет).

Бугунги кунда «юмшоқ ҳокимият»ни оммавий ахборот воситалари ёки оммавий маданият ёрдамида ёйиш муҳим омилга айланмоқда. Лекин ХХИ асрнинг илк йилларида Америка обрўсининг маълум маънода тушиб кетиши – «юмшоқ ҳокимияти»га путур етишига ҳам айнан шу воситалар сабаб бўлди. Ғарбий Европада юксак маълумотга эга гуруҳлар оммавий маданиятни (Ҳолливуд филмлари, эстрада қўшиқчилиги, телесериаллар, поп-арт, мелодрама, рок-мусиқанинг баъзи турлари ва ҳоказо) савияси пастлиги учун истеҳзо билан қарши олса, ислом дунёси ва Шарқ мамлакатлари диний ва миллий менталитетга ёт бўлгани учун инкор қилади ёки муайян чекловлар жорий этади. Бундан айрим Ғарбий Европа давлатлари ҳам мустасно эмас. Масалан, Франция ҳам ўз кинотеатрларида Ҳолливуд филмларини кўрсатишни қонун йўли билан чеклаб қўйган.

Бундан ташқари, Жорж Буш маъмуриятининг на иттифоқчилари ва на БМТни огоҳлантирмай Ироққа бостириб киргани; у ерда оммавий қирғин қуроллари бор, деб жаҳон жамоатчилигини чалғитгани; ҳарбий асирларни халқаро ҳуқуқ меъёрларига хилоф равишда қийноққа солгани ҳамда уларни Кубадаги Гуантанамо ҳарбий базаси ва Европадаги баъзи қамоқхоналарда судсиз ушлаб тургани; Афғонистонда аксилтеррор ҳаракатлари бошлангандан сўнг етакчи оммавий ахборот воситаларида маълум чекловлар жорий этгани; терроризмга қарши кураш баҳонасида фуқароларнинг шахсий ҳаётига дахл қилиб, уларнинг телефонда сўзлашувларини ноқонуний эшитиб, Интернетдаги ёзишмаларини ўқий бошлагани «юмшоқ ҳокимият» жозибасини йўққа чиқараёзди.

Бунга зикр этилган «рангли инқилоблар» ҳам қўшилса, нега бошқа тамаддунга мансуб минтақаларда С.Ҳантингтон айтмоқчи, индигенизация – миллий ўзига хосликни англаш йўли билан жамиятни турли фундаментализмлар (диний, демократик) таъсиридан иҳоталаш муҳим масала сифатида кун тартибига чиқаётганини тушуниб олиш қийин эмас.

Осиёча маданий ўзига хослик Ғарбга жавоб сифатида

Айрим ҳолларни истисно қилганда на модернизация ва на ғарблаштириш сиёсати ҳеч ерда қучоқ очиб кутиб олинаётгани йўқ. С.Ҳантингтон Туркия ўзининг илк президенти Мустафо Камол Отатуркнинг ғарблаштириш сиёсатини олқишлаб кутиб олганини ёзади. Гарчи турк жамияти дунёвий йўлдан кетаётган бўлсада, уни модернизация қилишнинг биринчи президент номи билан аталган «камолизм» феномени бугун ҳам эъзозда, дейиш қийин. 80-йилларнинг бошида қабул қилинган янги конституцияга кўра, мамлакатда фуқаролик бошқаруви йўлга қўйилгандан сўнг орадан 20 йил ўтиб, ҳокимият тепасига мўътадил исломчилар келгани фикримиз далилидир.

Бу СССР инқирозидан сўнг мустақил бўлиб, дунёвий давлат қуриш йўлини танлаган собиқ совет республикаларига ҳам тегишли. Атеистик империянинг вориси бўлган ушбу мамлакатлар Ғарб андозасидаги демократияни ҳам, тутумларни ҳам қабул қилишга тайёрдай эди, бироқ индигенизация – миллий маданиятларнинг қайта туғилиш жараёни бу жамиятларни ҳам четлаб ўтмади. Лекин унга сабаб бўлган ҳол С.Ҳантингтон берган таърифга унчалик ҳам мос эмас эди.

Унинг назарида, Ғарб андозалари асосида модернизациялашган жамиятда инсон миллий анъаналаридан узилиб қолади ва ўзига хосликка эҳтиёж сезиб, Ғарб тутуми ва қадриятларини инкор қила бошлайди. У, ўзликни англашда дин асосий рольлардан бирини ўйнайди, ХХ аср сўнггига келиб, диний қадриятлар қайта тикланиши оқибатида аксилғарбчилик кайфияти авж олади, деб ҳисоблар эди. Муаллиф бу хавфни, аввало, исломнинг «ялпи маданий, ижтимоий ва сиёсий қайта туғилиши»да кўради ҳамда ислом динидаги «ижтимоий мобиллик ва аҳолининг тез суръатлар билан ўсиши» баробарида Жануби-шарқий Осиё мамлакатларининг жадал иқтисодий ўсиши ва «ўз кучига ишона бориши»дан жиддий ташвишга тушади.

Бироқ Жануби-шарқий Осиё мамлакатларининг кейинги 30-40 йиллик тарихига назар ташлаган киши мутлақо ўзгача манзаранинг гувоҳи бўлади. Ўша мамлакатларда жамиятни модернизациялашга ижтимоий муносабатларнинг ғарбча андозасини эмас, миллий анъаналар (тартиб, интизом, оилавий масъулият, меҳнатсеварлик, сабр-қаноат) асос қилиб олинган эди. Боз устига, ривожланишнинг Ғарбга хос сиёсий ва иқтисодий андозаларидан воз кечилиб, демократия принтсипларини маҳаллий шароитга мослаш йўлидан борилди.

Албатта, бундай ҳолатларни баҳолашда айрим назариётчиларнинг, демократия бу – ҳомиладорликка ўхшаш нарса, у муайян жамиятда бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин, қабилидаги болаларча инжиқлигига таяниш ўрнига уни маълум жараён сифатида олиб қараш ва баҳолаш тўғрироқ бўлур эди.

Мисолни «Тамаддунлар тўқнашуви»нинг ўзидан олиб қўя қоламиз. Цингапур ҳукумати инглиз тилини ўқитишни ўз сиёсатидаги устувор йўналиш қилиб белгилагач, бу мамлакат фуқаролари Ғарб тамаддуни таъсирига тушиб қола бошлади. Оқибатда президент Ви Ким Ви 1989 йили мамлакатда яшаётган турли дин ва миллат вакиллари манфаатини умумлаштирувчи тўрт банддан иборат маънавий қадриятлар мезонини ишлаб чиқади ва парламент депутатлари ҳукмига ҳавола этади. Икки йиллик қизғин баҳсу муҳокамалардан сўнг ўша мезон яна бир банд билан тўлдирилади ва цингапурликларнинг беш банддан иборат умумий қадриятлари тусини олади: 1) милат (этник) гуруҳдан, жамият эса шахсдан устун; 2) оила – жамиятнинг асосий ячейкаси; 3) шахсни ҳурмат қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш; 4) баҳс ўрнига муроса; 5) ирқий ва диний уйғунлик.

Бу ўринда Магна Cартадан фарқли ўлароқ, шахс манфаатидан гуруҳ ва жамият манфаати устун эканига алоҳида урғу берилади. Шахс ҳуқуқ ва эркинликларини устувор қилиб белгилаш ўрнига уни «ҳурмат қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш» йўлидан борилади. Шу тариқа улар қаторидан, С.Ҳантингтон тили билан айтганда, сиёсий қадриятлар ўрин топмади.

Бундай ўзига хосликни Малайзия, Индонезия, Жанубий Корея, Тайван сингари давлатлар тажрибасида ҳам кўриш мумкин.

Айрим сиёсатшунослар ушбу масалага америкалик олимдан кўра бошқачароқ ёндашиб, Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари ўтган асрнинг 70-80-йилларида Ғарбнинг сиёсий ва иқтисодий ривожланиш рецептини рад этгани учун ҳам собиқ метрополияларидан кўра жадалроқ тараққиётга эришганини қайд этади.

Баъзи бир синчилар эса Марказий Осиё давлатлари демократиянинг Ғарбча андозасини эмас, осиёча йўлини танлагани маъқул, деган қарашни ҳам илгари сурмоқда. Бу классик демократиянинг асосий принтсипларини инкор этмаган ҳолда Шарқ халқлари анъаналарига мувофиқ бўлган баъзи ўзига хосликларни ҳам ҳисобга олиш зарурлигини назарда тутади. Шунинг учун ҳам ушбу минтақада Ғарб андозасидаги демократияни зўрлаб тиқиштиришга бўлган уринишлар «демократик фундаментализм» деган баҳони олди.

Миллий идентитет нима учун керак?

СССР ўрнида ташкил топган янги мустақил давлатлардаги вазият С.Ҳантингтон тавсифлаган де-wэстернизатион – аксилғарблашишдан тубдан фарқ қилади. Қизиғи шундаки, Марказий Осиё давлатларида ушбу феномен коммунистик ўтмишдан воз кечиш баробарида бошқа бир хавф – диний фундаментализмга қарши кураш учун керак бўлган эди. Бироқ аксилғарблашиш муайян маънода ушбу минтақани ҳам четлаб ўтмади. У модернизациялаш ёки ғарблашувга эмас, балки «рангли инқилоблар»га жавоб чораси сифатида юзага чиқди. Россия дастлаб Ғарб давлатлари маблағи ҳисобига фаолият юритаётган нодавлат-нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолиятини (масалан, Ж.Сороснинг «Очиқ жамият» институти) тақиқлади. Сўнгра федерация субъектлари раҳбарларини сайлаш амалиёти бекор қилинди ва улар номзодини маҳаллий вакиллик органлари тасдиғига киритиш ваколати федерация президентига берилди. Бу амалиёт «суверен демократия» номини олди ва Ғарбда кескин танқидга учради. Худди шундай амалиётлар бошқа постсовет республикаларида ҳам кўзга ташланмоқда. Қўшни Қирғизистонда урчиб кетган халқаро ННТ ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солиш борасидаги саъй-ҳаракатлар «демократия ороли»даги сиёсий беқарорликка барҳам беришга қаратилгандир.

Энди бевосита миллий идентитетни (ингл. Идентитй – ўзига хослик, бошқалардан ажратиб турувчи белги, фарқловчи хусусият ма’нольарини англатади) шакллантириш зарурати хусусида фикр юритадиган бўлсак, бу иш осон кечмаётганини тан олиш керак бўлади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида молиявий ёрдам ва хайриялар бериш, ислом динига эътиқод қилувчи аҳолининг диний билимларини ошириш баҳонасида минтақага ёпирилиб келган турли вақф, нодавлат ташкилотлари ва шахсий мулк эгалари қучоқ очиб кутиб олинди. Ўшанда ҳали ҳеч ким ўша хатти-ҳаракатлар замирида ғаразли сиёсий, жуғрофий-сиёсий мақсадлар борлигини, бўшаб қолган «катта оға» курсиси талаш бўлаётганини англаб етмаган эди. Етмиш йил давомида атеистик сиёсат юргизган коммунистик мафкурага ўз диний идентитетини қарама-қарши қўйган Марказий Осиё мусулмонларининг энди бу хавфга қарши ҳали миллий «иммунитети» йўқ эди. Ўшанда совет даврида лоф урилган миллий онг ҳақидаги гаплар сафсатадан бошқа нарса эмаслиги аён бўлди-қолди.

Буни С.Ҳантингтон ҳам қайд этади: «Тарихан Марказий Осиёда миллий ўзига хослик йўқ эди… ислом энг кучли бириктирувчи кучга эга эди… миллий давлатнинг унчалик аҳамияти йўқ эди…» (Ўша китоб, 172-бет)

Тилни айтмаса, анъана, урф-одат, қадриятлар, тутимлар деярли бир хил эди. Бу ҳам етмагандай, эътиқоди тушовланган, диний билимлари саёзлашган халқ мазҳабларни бир-биридан фарқлай олмас даражага бориб етган эди. Оқибатда турли диний оқимлар таъсири кучайиб, ҳали мустаҳкам оёққа туриб олмаган жамиятларда беқарорлик вужудга кела бошлади. Аҳвол ҳукумат олдига ултиматум қўйиш, тинч аҳолида ваҳима уйғотиш учун террористик ҳужумлар уюштиришгача бориб етди. Тез орада бунинг олди олиниб, диний-экстремистик гуруҳларнинг пайи қирқилмаса, Марказий Осиё бўйича яна бир америкалик эксперт Греҳем Фуллер башорат қилганидай, бутун минтақа олов ичида қолиши тайин эди.

Тобора таранглашиб бораётган вазият ўша гуруҳларни таъқиб қилиш билан иш битмаслигини ошкор этиб қўйди. Негаки, миллий онги ривожланмаган халқ нафақат диний-эктремистик гуруҳлар, қолаверса, бошқа турли ташқи салбий таъсирлар домига тушиб қолиши мумкин эди.

Шунинг учун диний қадриятлар умумий бўлган жамиятларда шошилинч тарзда одамларнинг миллий ғурурини уйғотиш, ўзини бошқа диндошларидан фарқлаш учун маданият, санъат, адабиёт, анъанаю урф-одатлар, тарих ва миллат, ҳатто фольклор қаҳрамонларидан фойдаланиш йўли танланди. Сабаби, Афғонистон минтақа давлатларига наркотиклар савдоси, халқаро терроризм баробарида диний-мафкуравий хавф ҳам туғдираётган эди. Совет босқинига қарши уруш йилларида бу мамлакатга молиявий ёрдам ва қурол-яроғ билан бирга ваҳҳобийлик, «Ҳизб ут-таҳрир» сингари кўплаб диний оқим миссионерлари ҳам кириб келган ва тинч аҳоли ўртасида ғояларини мужоҳидлар қатори ёйишга улгурган эди. Улар сафига Покистоннинг Пешавор ва бошқа шаҳарларидаги мадрасаларни битириб чиққан минг-минглаб толиблар ҳам қўшилса, бугунги можаролар сабаби этник келишмовчиликлар билангина чекланмаслиги, турли диний-экстремистик оқимлар ғояларининг Марказий Осиёга ёйилишига, асосан, афғон можароси сабабчи экани аёнлашади. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) сингари минтақавий хавфсизлик тузилмалари Марказий Осиё давлатларига четдан бўладиган ҳар хил тажовузларга қарши курашда самара бериши шубҳасиз, бироқ мафкуравий хуруж йўлига тўсиқ қўйиш ниҳоятда мушкул.

Миллий идентитет муаммоси фақат Марказий Осиё ёки Кавказ республикаларига хос дейиш нотўғри. Бу ҳол Украинада ҳам кузатилмоқда.

Россиянинг Украинага иқтисодий омиллар билан тазйиқ ўтказишга ва бу масалада у ерда мавжуд этник ва конфессионал муаммолардан ҳам фойдаланиб қолишга уринаётгани ушбу жараённи жадаллаштириб юборяпти. Кейинги пайтда ХХ асрнинг 30-йилларида рўй берган ва миллионлаб одамларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлган ялпи очарчилик қурбонларига ҳайкал қўйилгани, рус тарихчилари сотқин деб ҳисоблайдиган Иван Мазепа хотираси абадийлаштирилгани, украин православ черковини рус православ черковидан ажратиб олишга уриниш, Иккинчи жаҳон уруши йилларида эс-эсчилар тарафида туриб курашган бандерачиларнинг миллат қаҳрамонлари сифатида тилга олинаётгани миллий ўзига хосликни Россиядан айри ҳолда англаш учун бўлаётган саъй-ҳаракатлар деб баҳоланиши мумкин.

Шу ўринда С.Ҳантингтоннинг миллий давлат чегарасига сиғмайдиган «катта» ёки буюк маданий ҳамжамиятлар тўғрисидаги фикрини эслаб ўтишга тўғри келади. Унинг фикрича, сиёсатчилар «Буюк Сербия», «Буюк Россия», «Буюк Эрон» сингари умумийликка даъват қилади, одамлар эса ўзини шунга мансуб деб билади (Ўша китоб, 189-бет). Россия ўша умумийликни сиёсий, иқтисодий ва ҳатто мафкуравий воситалар билан сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

С.Ҳантингтон «Украина украинча сўзлашувчи, униат миллатчилиги хос ғарб ва рус тилли православ аҳоли яшайдиган шарққа бўлиниб кетган» (Ўша китоб, 208-бет), деб ёзади. Лекин униат черкови католик черкови ақидаларини тан олсада, православ урф-одатларига амал қилишини, ҳатто С.Янукович сингари православ шарқи вакили ва «рангли инқилоб»га тиш-тирноғи билан қарши сиёсатчилар ҳам Украинанинг Европа структураларига интеграциялашувини ёқлаб чиқаётгани назарда тутилса, америкалик сиёсатшуноснинг тамаддунлараро чегара ҳақидаги фикрлари баҳсли экани аён бўлади.

Бир вақтлар Россия билан иттифоқ тузиш ҳақида шартнома имзолаган Беларус ҳам, гарчи «мильлий идентитети бошқа республикалардагидан заифроқ» (Ўша китоб, 253-бет) бўлсада, бугунги кунда мазкур давлат билан интеграцияга шошилаётгани йўқ. Собиқ президент Владимир Путиннинг ёқилғи-энергетика ресурсларини бу республикага Россиянинг ички баҳоларида сотмаслик тўғрисидаги кескин позициясидан сўнг Александр Лукашенко Ғарб билан алоқаларни қайта тиклаш йўлини танлашга мажбур бўлди.

Масаланинг бошқа бир жиҳатига ҳам эътибор қаратмасдан бўлмайди. Миллий идентитетни барча бало-қазоларни даф қилувчи восита деб бўлмайди. Номақбул ташқи таъсирга қарши иммунитет сифатида ижобий роль ўйнаётган ушбу омил минтақадаги қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларга соя солмаслиги лозим. Акс ҳолда у сиёсий, маданий, иқтисодий алоқалар сустлашувига олиб келиши мумкин.

Марказий Осиё субконтиненти

С.Ҳантингтон ҳам Г.Фуллерга ҳамоҳанг равишда тамаддунларнинг қонли тўқнашуви бошқа минтақалар қатори Марказий Осиёда ҳам катта урушларга айланиб кетиши мумкин, деб ёзган эди. Муаллифнинг бу хавотири бир тарафдан, Афғонистондаги беқарорлик, Тожикистондаги фуқаролар уруши, иккинчи тарафдан эса истиқлолга эришган ёш мустақил давлатларнинг тараққиёт истиқболи мавҳумлиги, шунингдек, минтақани Туркия, араб мамлакатлари, Эрон сингари давлатлар ўз таъсир доирасига олиш ҳаракатига тушиб қолганига асосланган бўлса ажаб эмас.

2001 йил 11 сентябрда АҚШда рўй берган воқеалардан сўнг халқаро терроризмга қарши бошланган кураш минтақадаги жуғрофий-сиёсий курашлар нисбатини ўзгартириб юборди. Америка бошчилигидаги аксилтеррор коалицияси Афғонистонга қўшин киритиб, толиблар ҳукуматини ағдариб ташлагач, ҳамма бу ерда тинчлик ўрнатилишидан умидвор бўла бошлаган эди. Бироқ вақт ўтган сайин аксилтеррор кучлари «бошқарилувчи кризис» тактикасини танлагани ва терроризмга қарши кураш баробарида олдига бошқа жуғрофий-стратегик мақсадлар ҳам қўйгани ойдинлаша борди.

Бу ҳол Марказий Осиёни миллий манфаатлари ҳудуди деб билган Хитой ва Россияни ташвишга солиб қўйди, улар Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШни собиқ совет республикалари ҳудудидан сиқиб чиқариш учун ШҲТ ва КХШТ сингари ҳарбий-сиёсий тузилмаларни ишга сола бошлади. Шу билан бирга Афғонистон муаммосини ҳал этиш учун ШҲТ ва КХШТ билан НАТО ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини ҳам ўртага ташлади. Бундан Россия билан Хитойнинг Марказий Осиёдаги манфаатлари тўла уйғун экан, деган хулоса келиб чиқмайди. Россия билан Хитой фақат ўз манфаатлари зонаси деб ҳисоблайдиган ҳудудларда Ғарб таъсирини камайтириш йўлидагина бирлашиши мумкин. Лекин Марказий Осиё бозорини эгаллаш, минтақа давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, бу ердан минерал-хомашё ресурсларини экспорт қилиш масаласида томонлар манфаати ўзаро зид келиб қолган ўринлар ҳам йўқ эмас. Санаб ўтилган омиллар қаторига Россиянинг ҳарбий-сиёсий таъсирини ҳам қўшиш мумкин.

Россия ШҲТга аъзо бўлиб кирган давлатларни ўз таъсир доирасидан чиқариб юборишни истамайди. Бу ташкилотнинг собиқ СССР республикалари ва Хитой ўртасидаги чегаравий муаммоларни ҳал қилиб бўлгандан сўнгги миссияси, асосан, Ғарбнинг Марказий Осиёдаги Афғонистон воқеалари билан боғлиқ таъсирини камайтиришдан иборат эди. Бинобарин, Афғонистон ва Покистондаги вазият бир ёқли бўлмагунча ШҲТнинг минтақавий хавфсизлик борасидаги сиёсати долзарблигича қолаверади. Бу эса АҚШ стратеглари илгари сураётган «Катта Марказий Осиё» доктринасини амалга оширишга тўсқинлик қилиши турган гап. Негаки, Афғонистон билан собиқ совет республикалари ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш учун бу ердаги вазият изга тушиб, барқарорлашиши ва чегаралар очилиши керак бўлади.

АҚШ президенти Б.Обаманинг Афғонистон муаммосини ҳал этишни ўз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилаб, ушбу ҳудуддаги қўшинлари сонини 30 минг аскарга кўпайтиришга қарор қилгани минтақа хавфсизлигини таъминлашда туб бурилиши ясаши мумкин, аммо бу билан минтақадаги жуғрофий-сиёсий кураш тўхтаб қолмайди. Чунки Россиянинг Европа мамлакатлари билан Энергетика хартиясини имзоламагани ва пост-совет республикаларидан газ экспортини назоратдан чиқаришни истамаётгани Европа Иттифоқининг ҳам Марказий Осиёга бўлган қизиқишини орттириб юборди ва Марказий Осиё газини муқобил йўллар орқали Европага узатиш лойиҳалари яна қизғин муҳокама қилина бошлади.

Афғонистондаги вазият ва Марказий Осиё мамлакатлари минерал-хомашё ресурслари назоратини қўлга олиш борасидаги кураш, минтақа келажаги тамаддунлар ўртасидаги ихтилофларга боғлиқ бўлиб қолади, деган тахмин ҳақиқатдан йироқ эканини кўрсатади.

Ҳозирги кунда сиёсий элиталарнинг қўшнилар билан муносабатда миллий манфаатни ҳар нарсадан устун қўяётгани минтақавий интеграция муаммосини келтириб чиқармоқда. Бошқа тарафдан улар ўзига дастуриламал қилиб олган кўпвекторли, яъни буюк давлатлардан «ҳеч бирини хафа қилмаслик» сиёсати минтақада жуғрофий-сиёсий кураш олиб бораётган томонлардан бирортаси ҳам устун мавқега эга эмаслигини кўрсатади.

Яна шуни ҳам қайд этиш лозимки, жуғрофий-сиёсий ўйинчиларнинг мавқеи минтақа давлатларини турли таъсир йўллари орқали ўз томонига оғдириб олишидан ташқари йўл қўяётган хато қадамларига ҳам бевосита боғлиқдир. Агар Ғарб давлатлари «рангли инқилоблар»ни зўрлаб тиқиштириш орқали янги давлатлар раҳбариятини чўчитиб қўйган бўлса, Россия минтақадаги сув-энергетика муаммоларида муайян давлатларнинг ёнини олиши билан норозилик кайфияти уйғотмоқда. Бу Кремлнинг Марказий Осиёга мўлжалланган яхлит стратегик режаси йўқлигини кўрсатади.

ХХ аср бошларида британиялик сиёсий жуғроф сер Ҳалфорд Маккиндер, ким қуруқлик билан ўралган «ҳартленд» – марказий Евроосиёни назорат қилса, дунёга ҳукмрон бўлади, деган эди. Марказий Осиё учун давом этаётган жуғрофий-сиёсий кураш ана шу ҳукмронликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлардир. Ҳозирча бу курашда қайси томоннинг қўли баланд келишини тахмин қилиш қийин. Лекин бир нарса аниқ – минтақа бундан буён қизғин жуғрофий-сиёсий курашлар маркази бўлиб қолаверади.

Ғарб гегемонлигини сақлаб қолишнинг саккиз шарти

С.Ҳантингтон башоратича, Жануби-шарқий Осиё давлатларида иқтисодий тараққиёт баробарида маданий ўзига хосликнинг кучайиши ва бу жараёнга Хитойнинг бошчилик қилиши Ғарб тамаддуни мавқеига путур етказа бошлайди. У бунинг олдини олиш учун саккиз банддан иборат тавсия ишлаб чиқди: 1) кўпроқ сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий интеграцияга эришиш ва бошқа тамаддунларга мансуб мамлакатлар Ғарб мамлакатлари ўртасидаги келишмовчиликлардан фойдаланишига йўл қўймаслик учун ўзаро келишиб сиёсат юритиш; 2) Европа иттифоқи ва НАТОга Марказий Европа ғарбида жойлашган давлатлар, хусусан Вишеград гуруҳи (Полша, Венгрия, Чехия ва Словакия), Болтиқбўйи республикалари, Словения ва Хорватияни қабул қилиш; 3) Лотин Америкасини имкон қадар ғарблаштириш, у ердаги мамлакатларнинг Ғарб билан бир блокда бўлишига эришиш; 4) ислом ва чин давлатлари (Хитой, Тайван, Ҳонгконг, Цингапур) нинг ҳарбий қудрати – оддий қуроллардан тортиб оммавий қирғин қуролларига – ўсишини тийиб туриш; 5) Япониянинг Ғарбдан Хитойга мослашув томон «силжиши» суръатини сусайтириш; 6) Россияни православ тамаддуни ўзаги, йирик минтақавий давлат сифатида ва унинг жанубий чегаралари хавфсизлигини таъминлаш борасидаги манфаатларини тан олиш; 7) Ғарбнинг бошқа тамаддунлар устидан технологик ва ҳарбий устунлигини сақлаб қолиш; 8) энг муҳими, Ғарбнинг бошқа тамаддунлар ишига аралашиши, энг катта беқарорлик манбаи ва кўптамаддунли дунёда бўлғуси глобал ихтилофлар манбаи эканини тушуниб етиш (Ўша китоб, 514-бет).

Халқаро муносабатларнинг ҳозирги аҳволи ва бу борада Ғарб давлатлари юритаётган сиёсатга эътибор берилса, улар билан С.Ҳантингтон тавсиялари ўртасида муайян уйғунлик борлигини кўриш мумкин. Европа Иттифоқи билан НАТОнинг Шарқ томон кенгайиши, Ғарбнинг оммавий қирғин қуроллари мусулмон давлатлар қўлига тушиб қолишига жон-жаҳди билан қарши туриши, Ироқ ва Афғонистондан халқаро терроризмга қарши кураш баҳонасида мусулмон давлатлари, Хитой ва Россияни тийиб туришда фойдаланиш борасидаги уринишлар шулар жумласидандир.

Боз устига, Ғарбда мусулмон оламига қарши бошланган ўзига хос салб юриши – халқаро терроризмга қарши кураш баҳонасида Ироқ ва Афғонистоннинг ишғол қилиниши, Европа мамлакатларида мусулмон иммигрантларга қарши ҳукуматлар томонидан қонун йўли билан босим ўтказиш, маҳаллий аҳоли ўртасида уларга нисбатан норозилик кайфиятининг пайдо бўлиши ва скинҳедлик ҳаракати кучайиши, Муҳаммад пайғамбар карикатура қилиниб, мусулмонларнинг ҳиссиётлари таҳқирланиши, Туркиянинг Европа иттифоқига аъзолигига қаршилик кўрсатилишида катта таъсир кучига эга бўлган С.Ҳантингтон сингари сиёсатшуносларнинг қўли йўқ деб бўлмайди.

С.Ҳантингтон мақоласида ҳам, китобида ҳам «ислом чегаралари қонлидир« деб ёзади ва »мусулмон давлатлари халқаро ихтилофлар чоғида зўравонлик қилиш тамойилини афзал билади; 1928 йилдан 1979 йилгача содир бўлган ва мусулмон мамлакатлари қатнашган 142 та ихтилофдан 76 тасида муаммони ҳал этиш учун куч ишлатилган. Мусулмон жангарилиги ва ихтилофларни ҳал этишда куч ишлатишга мойиллик ХХ асрнинг сўнггидаги воқеликка айланиб қолди, буни на мусулмонлар ва на мусулмон бўлмаганлар инкор эта олади” (Ўша китоб, 419-бет), деб даъво қилади. Исломнинг обрўсини тўкишга қаратилган бундай даъволарда ҳақиқатдан кўра бирёқламалик устувор эканини англаш қийин эмас. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун Бостондаги Шимоли-шарқий университетнинг иқтисодиёт бўйича профессори Шаҳид Аъламнинг «С.Ҳантингтонни танқид» мақоласига мурожаат қиламиз: «Ҳантингтон, 90-йилларда улар (мусулмонлар) бошқа тамаддунлар вакилларидан кўра кўпроқ гуруҳлараро зўровонлик қилишди», деб таъкидлайди. Лекин маълумотлар буни рад этади. Жонатан Фокс ўзининг этник ихтилофлар ҳақидаги рисоласида маълум қилишича, ислом дунёси 1945-1989 йилларда рўй берган тамаддунлараро ихтилофларнинг 23,2 фоизида, 1990-1998 йиллари эса 24,7 фоизида иштирок этган. Бу мусулмонларнинг дунё нуфусидаги кўрсаткичидан унча кўп эмас. Совуқ уруш тугагандан сўнг бу кўрсаткич кескин ўсиб кетганини кўрганимиз йўқ” (http://www.counterpunch.org/alampeddle.html).

Айни тутим америкалик олимнинг ислом дунёси билан боғлиқ қарашлари анча баҳсли ва бирёқлама эканини кўрсатади. У мусулмон мамлакатларида вақти-вақти билан хуруж қилиб турадиган этник ёки диний можаролар ҳақида гапирганда уларнинг келиб чиқиш сабабларига тўхталиб ўтирмайди.

Жаноб Ҳантингтон бу урушлар Ғарбнинг етакчи давлатлари бир вақтлар юритган мустамлакачилик сиёсатининг ҳамда ўша сиёсат таъсирида вужудга келган Ғарб андозасидаги миллий давлатчилик институти оқибати эканини эслаб ўтирмайди. Аслида Ироқнинг 90-йилларнинг бошида Кувайтга бостириб кириши ёки Исроил-Фаластин можаросини фақат мусулмонларнинг бошқа дин ёки тсивилизация вакилларига нисбатан бағрикенг эмаслиги оқибати деб қараш унчалик тўғри эмас.

Мустамлакачилик сиёсатининг таъсири ўлароқ пайдо бўлган ихтилофлар бугун ёки эрта интиҳо топиши жуда қийин. Беқарор минтақалар сифатида тилга олинаётган Ироқ ҳам, Судан ҳам, Ҳиндистон ва Покистон ҳам бир вақтлар Британия мустамлакаси бўлган ва унга қарши олиб борилган мустақиллик кураши чоғида парчаланиб кетган империя қолдиқларидир. Ёки Шарқий Тиморни оладиган бўлсак, у 1975 йилга қадар Португалиянинг мустамлакаси бўлган ва маҳаллий аҳоли католик динини қабул қилган. Шунинг учун уни ислом билан христианлик ўртасидаги ихтилоф деб эмас, аксинча, мустамлака оқибати деб қараш тўғрироқ бўлади.

Шу билан бирга, С.Ҳантингтоннинг «империяпарвар» қарашларида ижобий жиҳатлар ҳам бор эди, албатта, лекин АҚШ ҳукумати бу доктринага тўлиқ амал қиляпти, дейиш қийин. Бунга муаллиф «энг муҳим» деб билган «бошқа тамаддунлар ишига аралашмаслик» принтсипини мисол қилиб келтириш мумкин. АҚШнинг собиқ президенти кичик Ж.Буш маъмуриятининг демократияни бутун дунёга ёйиш баҳонасида юритган саккиз йиллик «рангли инқилоблар» сиёсати ёки терроризмга қарши кураш баҳонасидаги оккупациялари бунинг ёрқин далилидир.

* * *

Иккинчи жаҳон урушидан кейин қарор топган халқаро муносабатлардаги мавжуд тартиб бугунги муаммоларни ҳал этишга қодир бўлмай қолгани учун уни ўзгартириш талаби кундан-кунга баландроқ янграмоқда. С.Ҳантингтон китобида тилга олинган кўпқутбли дунё тобора реаллашиб бормоқда. Лекин Ғарб ўша кўпқутбли дунёни ҳам ўз таъсир доирасидан чиқариб юбормасликни истайди ва манфаатларини ўз чегарасидан минглаб чақирим нарида ҳимоя қилиш учун жуғрофий сиёсат юргизади.

Сир эмаски, бундай сиёсатнинг танқидчилари баробарида ўзига яраша ҳимоячилари ҳам бўлади. Давлат манфаатини ҳимоя қилаётган кишидан объектив бўлишни талаб қилиш эса қийин.

С.Ҳантингтон китобидан олинадиган сабоқ шу.

Фахриддин Низом,

сиёсатшунос
«Тафаккур» журналининг 2009-йил 3-сонидан олинди.