Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Малайзиянинг Менежмент ва фан университети асосчиси ҳамда президенти Мохд Шукри бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Музокараларда Наманган ОТМлари билан талабалар алмашинуви ва ҳамкорликда таълимни йўлга қўйиш, қисқа муддатли курсларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар учун ҳалол саноат маҳсулотларини сертификатлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш жоизки, Малайзия Менежмент ва фан университети 2001 йилда ташкил этилган. “QS Rankings 2023” жаҳон рейтингида 601-ўринни, Осиё олий таълим муассасалари орасида эса 147-ўринни эгаллайди. У Малайзиянинг етакчи хусусий университетларидан бири ҳисобланади.
Умуман, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида таълим жабҳасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
2019 йил октябрь ойида Тошкент молия институти базасида Малайзия менежмент ва тадбиркорлик “Binary” университети билан Ўзбекистон–Малайзия қўшма факультети очилган.
2020 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва “Binary” менежмент ва тадбиркорлик университети ўртасида Урганчда университетнинг халқаро филиалини ташкил этиш тўғрисида уч томонлама шартнома имзоланган.
Малайзия ислом илмий университети (Universiti Sains Islam Malaysia – USIM) эса мамлакатимиздаги кўплаб илмий-академик муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва USIM ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Бундан ташқари, USIM билан Урганч давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўртасида тадқиқотларни биргаликда ўтказиш, мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, талабалар алмашуви бўйича ҳамкорлик битими имзоланган.
Маълумотларга қараганда, ҳозирда Малайзияда 100 мингдан зиёд хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Мамлакат ЮНЕСКО томонидан чет эллик талабалар сони бўйича дунё ўнталигига киритилган. Биргина 2021 йилда Малайзия ОТМларига 150 га яқин давлатдан 40 мингдан зиёд талаба қабул қилинган. Хорижлик талабалар орасида ўзбекистонлик ёшлар сони ҳам ошиб бормоқда.
Шу мавзудаги мақолалар:
Малайзия элчиси МTCP курслари битирувчиларига сертификат топширди. 27.06.2022
Малай тили нотиқлик санъати танлови: энг зўр билимдонлар Малайзияга боради. 21.04.2022
Малайзияда таҳсил олиш учун 8 сабаб айтилди. 17.03.2022