Лочин: 25 йиллик армон

Бугун Озарбойжон Республикасига қарашли Лочин туманининг Арманистон қуролли кучлари томонидан забт этилганига 25 йил тўлди. Аммо орадан чорак аср ўтса-да, Озарбойжон аҳоли пунктларини ўққа тутиш давом этмоқда, деб хабар беради 1news.az сайти.

16 май туни билан Арманистон қуролли кучлари Озарбойжон ҳарбий позициясини ўққа тутди. Озарбойжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига кўра, тезкорлик билан кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳужум қайтарилган, қурбонлар бўлмаган.

1992 йил 17-18 май кунларида Лочин туманининг қўлдан кетиши Озарбойжон тарихидаги оғир йўқотишлардан бири саналади. Хожали ва Шуша туманларидан кейин Лочин ҳам бой берилгач, Қорабоғ урушининг биринчи босқичи тақдири узил-кесил ҳал бўлди.

8 май куни Шуша шаҳри ва шу номли туманни эгаллаган Арманистон қуролли кучлари Лочин туманига икки томондан ҳужум уюштирди. Мазкур эълон қилинмаган уруш халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра агрессия деб баҳоланди. Вазият мураккаб бўлишига қарамай оз сонли Озарбойжон қуролли кучлари 1993 йил 31 мартга қадар рақибга муносиб қаршилик кўрсатди. Аммо мамлакат сиёсий бошқарувидаги бошбошдоқлик ва етилиб келаётган фуқаролик уруши оқибатида Лочин тумани ҳам рақиб қўлига ўтди.

Таҳлилчиларга кўра, ўша пайтдаги Озарбойжон раҳбариятининг уқувсизлиги ва узоқни кўра олмагани боис нафақат стратегик аҳамиятга эга Лочин тумани, Қорабоғнинг тоғли қисми ва қолган етти туман ҳам бой берилди. Тарих яна бир бор давлатнинг қудрати миллат бирлигида эканини кўрсатди.

Қорабоғ урушига қадар – 1988 йилда Лочин туманида яшовчи 258,2 минг аҳолиниг 90 фоизи озарбойжон миллатига мансуб эди. Оккупациядан кейин улар ўз киндик қони тўкилган ерларни тарк этишга мажбур бўлди. Ўша фожиали кунларда 264 киши ҳалок бўлди, 64 киши асирга тушди, юзлаб одам ногирон бўлиб қолди. Лочин оккупацияси оқибатида 1835 квадрат километр ҳудуд, 122 та қишлоқ қўлдан кетди, ўнлаб саноат объектлари вайрон бўлди. Моддий зарар миқдори эса 7 миллиад доллардан ошади.

Тадқиқотларга қараганда, Қорабоғ ва унга ёндош етти туманда 876 та аҳоли пункти, 7000 га яқин саноат, қишлоқ хўжалиги корхоналари, 153 минг тураржой, 4366 та маданий объект, 616 та мактаб, 242 та боғча, 397 та шифохона, 10 та поликлиника, 10 туғруқхона, 76 та дорихона, 4 та санаторий, 10 та масжид вайрон этилган. Кутубхона, музей, театр ва бошқа маданият ўчоқлари вайрон қилинган, транспорт тизими издан чиққан.

1988 йили Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибидан чиқиш ҳақида баёнот бергач, бир неча йил давомида ҳарбий тўқнашувлар давом этган. 1994 йил май ойида томонлар ўт очишни тўхташ борасида келишувга эришган. Икки давлат ўшандан буён ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ва Россия, Франция, Германия ҳамда АҚШ иштирокида муаммо ечими борасида музокаралар юритиб келмоқда.

Расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ўз ҳудуди эканини таъкидлаб келади. Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

С.Салим