Ливан урушининг асосий айбдори деб эълон қилинган Исроил бош вазири Эхуд Олмерт осонликча таслин бўлмоқчи эмас

Исроил ҳукумати сиёсий парокандалик ҳолатида. Ливан урушидаги барча талафотлар учун жавобгарлик бош вазир Эхуд Олмерт зиммасига юкланганидан кейин ҳукумат бошлиғини энг яқин сафдошлари ҳам тарк этишяпти. «Кадима» партиясидаги маслакдошлар эса Эхуд Олмертга иззатни борида истеъфога чиқишни маслаҳат беришяпти. Шу кунларгача дўст бўлган баъзи арбоблар эса ҳали ўлдирилмаган арслоннинг териси учун даъво қилиб, бош вазирлик лавозимини эгаллаш учун курашга ҳам киришиб кетишган.

Хабарингиз бор, 2006 йилнинг 12 июльида Исроил томонидан Ливанга қарши бошланган уруш мағлубиятга тенг сулҳ билан якунланди. Дастлаб «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини маҳв этиш мақсадида бошланган, кейинроқ бутун Ливанга катта талафотлар келтирган уруш бош вазир кутгандек ғалаба билан якунланмади. Сулҳ битими Исроил жамоатчилиги ҳафсаласини пир қилди. Чунки бутун дунёга ваҳимали овоза ва ҳайбатли чақириқлар билан бошланган ҳарбий амалиётлар давомида ваъдалар бажарилмади: гаровга олинган аскарлар озод қилинмади, «Ҳизбуллоҳ» тор-мор этилмади. Аксинча, Ливан иқтисоди миллиардлаб доллар зарар кўрганию, юзлаб бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлгани қолди.

Мамлакат ҳукумати Ливан уруши масаласидан аҳолини ҳар қанча чал­ғитишга уринмасин, бу мавзу яҳудий жамиятининг энг оғриқли нуқтаси бўлиб қолди. Жамоатчилик норозилиги ошиб кетганидан кейин ҳукумат Ливан уруши бўйича махсус текширув комиссияси тузишга мажбур бўлди. Ўтган йилнинг сентябридан иш бошлаган тафтиш комиссиясига собиқ судья Элиагу Виноград раҳбарлик қилди. Деярли тўққиз ой давомида уруш оқибатларини ўрганиб чиққан комиссия ниҳоят ўз хулосасини ошкор қилди.

Кутилгандек, текширув гуруҳи Исроил бош вазири Эхуд Олмерт, мудофаа вазири Амир Перетс ва ўша пайтдаги бош ҳарбий штаб раҳбари Дан Халутсни Ливан урушининг асосий айбдорлари деб эълон қилди. Комиссия хулосасига кўра, уруш ташаббускори бўлган бош вазир жанг пайтида ҳарбийларни идора қилиш ўрнига уларнинг йўриғига тушиб қолган. Боз устига, раҳбарларга хос бўлмаган шошма-шошарлик ва сиёсий нўноқликка йўл қўйилган, ҳукумат ва ҳарбий қўмондонлик жанг борасида аниқ кўзланган режага ҳам эга бўлмаган…

Мантиқан олиб қараганда, бу каби жиддий танқидлардан кейин айбдорлар лавозимидан кетиши керак эди. Бироқ кундай равшанки, юқори рутбадаги раҳбарларнинг айбини тан олиши, хусусан, ўз ихтиёри билан мансабидан кетиши халқаро сиёсатда ноёб ҳодиса саналади.

Исроил матбуотининг асосий танқ­ид мавзусига айланган бош вазир Эхуд Олмерт ҳам осонликча таслим бўлиш ниятида эмас. У комиссия томонидан илгари сурилган барча айбловларни рад этган. «Кадима» партияси етакчиси ўзини айб­ли деб билмаслигини, агар ўшандай ҳолат яна такрорланса, айни шу тахлит ҳаракат қилишини айтган.

Мудофаа вазири Амир Перетс эса сал бошқачароқ (ақллироқ) ҳаракат қилган. Уруш пайтидаги хатоларини эътироф этган вазир лавозимдан кетиши, бироқ «Авода» партияси раҳбарлигини сақлаб қолишига ишора қилган. Ҳарқалай, касаба уюшмаси етакчилигидан мудофаа вазирлигига қадар кўтарилган Амир Перетсга на шуҳрат, на обрў келтирган лавозимдан кўра, партия лидери бўлиб юриш афзалроқ бўлса керак.

Учинчи айбдор — уруш даврида Исроил армияси қўмондони бўлган Дан Халутс ўз вақтида этагини ёпган. У 2007 йилнинг январьидаёқ ўз ихтиёри билан тинчгина лавозимдан кетган. Шу боис ҳам, генерал айни пайтда матбуотнинг ғазабли нигоҳидан четда.

Ҳайратланарли томони, Эхуд Олмерт энг яқин сафдоши ўлароқ ишонч билдирган арбоблар ҳам унга қарши боришяпти. Масалан, мамлакат ташқи ишлар вазири Сипи Ливни чўкаётган кемадан тушиб қолишга ҳаракат қиляпти. Бош вазирни фурсати борида мансабдан кетишга чақирган сиёсатдон хоним ҳукумат раҳбарлиги учун курашиш ниятини ҳам яширмаган.

Исроил бош вазири ўзининг фав­қулодда уддабуронлиги ва топқирлиги билан танилган. Шу пайтга қадар у порахўрлик, коррупция, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш каби оғир айбловлар билан қораланган бўлсада, ҳар гал сувдан қуруқ чиқиб келади. Эхуд Олмертнинг бахтига унга қарши бирор иш қўзғатилган пайтда мамлакатда кутилмаган воқеа рўй беради ва жамоатчилик ҳам ҳукумат раҳбари билан боғлиқ можарони эсдан чиқаради. Кўплаб таҳлилчилар ана шу жиҳатга урғу бериб, ҳозирги шароитда ҳам Эхуд Олмертни фақат катта шов-шувли можарогина қутқариши мумкинлигини айтишмоқда.

Агар омма эътиборини чалғитадиган можаро зарур бўлса, бу борада ҳам бош вазирнинг омади чопган. Айни пайтда Исроил президенти Моше Катсав ахлоқсизликда айбланиб, тергов идораларига сўроқ беряпти. Ҳарқалай, давлатнинг биринчи рақамли раҳбари билан боғлиқ гап-сўзлар бош вазирга қарши кескин танқидларни оз бўлсада, эсдан чиқаришга ёрдам бериши мумкин.

Собиржон ЁҚУБОВ
www.hurriyat.uz