Ўзбекистон ҳамда Хитой муносабатларида зиддият ёки келишмовчилик мавжуд эмас. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси ҳукуматининг Евроосиё ишлари бўйича махсус вакили Ли Хуэй 21 ноябрь куни Тошкентда “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига бағишлаб ўтказилган илмий анжуманда сўзлади. Дипломат икки давлат ҳамкорлигида “олтин давр” бошланганини қайд этди.
“Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган стратегик ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бунда эса икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона муносабати муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда Хитой Ўзбекистоннинг биринчи савдо ҳамкори саналади. Умумий сармоя бўйича миқдори бўйича эса иккинчи рақамли ҳамкордир”, – деди элчи Ли Хуэй.
Дипломат ўз нутқида Хитойда амалга оширилган очиқлик сиёсатига ҳам тўхталди.
“ХХР раҳбарияти сўнгги ўнйилликларда очиқлик сиёсатини танлагани боис иқтисодиётимиз жадал суръатда тараққий этди. Мамлакатимиз ёпиқликдан очиқликка, қашшоқликдан фаровонликка, қолоқликдан илғорликка юз бурди. Аммо очиқлик йўлидаги ислоҳотлар хамирдан қил суғургандек осон кечмаслиги, ютуқлар заҳматлар ва машаққатлар эвазига келишини унутмаслик лозим”, – деди расмий Пекин вакили.
Хитойлик дипломат ўз нутқида туркий дунё мутафаккири Алишер Навоийнинг “Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, / Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш” даъватини ёдга олар экан, дўстона муносабатлар иқтисодий тараққиёт гарови эканини таъкидлади.
Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Стратегик ҳамкорликни ривожлантириш маркази ва Хитойнинг юртимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида анжуманда икки давлатнинг “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлиги истиқболи муҳокама этилди.
Эслатиб ўтамиз, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ХХР раиси Си Цзиньпин томонидан дастлаб 2013 йилда таклиф қилинган эди. Ушбу ташаббус қуруқлик (“Ипак йўли иқтисодий белбоғи”) ҳамда денгизда (“ХХI аср денгиз ипак йўли”) йирик лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган. Мазкур глобал лойиҳа Осиё, Африка ва Европадаги ўнлаб мамлакатларнинг иқтисодий интеграциясини кўзда тутади. Ўзбекистон раҳбарияти ҳам ушбу ташаббусни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган.
Айни пайтда Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири саналади. 2018 йилда ўзаро савдо айланмаси ҳажми 6,42 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Мазкур кўрсаткични йил охири 8 миллиард, 2020 йилда эса 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Маълумотларга кўра, бугун мамлакатимизда Хитой сармояси иштирокида 1016 корхона фаолият юритмоқда.
С.Салим