Марказий Осиё давлатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон) ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари Европа Иттифоқининг LEICA дастури доирасида молиялаштирилган тренинг давомида рақамли тергов-суриштирув асосларини ўргандилар.
Кейинги йилларда рақамли технологиялар ёрдамида содир этилган жиноятлар сони ошиб бормоқда. Мазкур турдаги жиноятларни фош қилиш мураккаб экани сир эмас. Бунинг учун жиноятчилар қолдирган “рақамли из”ларни аниқлаш ва катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил этиш талаб этилади.
Раецке Теплице (Словакия) ва Прага (Чехия) шаҳарларида ўтказилган уч кунлик тренинг давомида айнан рақамли тергов-суриштирувга доир назарий сабоқлар ва амалий машғулотларга эътибор қаратилди.
Тренинг давомида шубҳали аккаунтларни аниқлаш ва ижтимоий тармоқлардаги турли платформалар (Facebook, WhatsApp, Viber, Telegram ва ҳ.) орқали юборилган матнли хабарларни таҳлил қилиш бўйича амалий машқлар бажарилди.
Машғулотлар давомида кимёвий, биологик, радиологик ва ядро соҳаларидаги рақамли жиноятлар ҳам диққат марказида бўлди.
Словакия ва Чехия полицияси кибержиноятлар бўлинмалари ходимлари ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Европа Иттифоқининг LEICA (Law Enforcement in Central Asia) дастуридан кўзланган мақсад Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари салоҳиятини ошириш, минтақа мамлакатлари билан терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро ахборот алмашувини кучайтиришдан иборатдир. 2020 йил 1 сентябрда бошланган лойиҳа 2024 йилнинг 31 августига қадар давом этади.
Дастур CIVIPOL (Франция) ва ISEMI (Словакия) консорциуми орқали, Интерпол кўмагида бошқарилади.