Туркиянинг Ироқ шимолидаги Курдистон айирмачиларига қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаш режаси халқаро ҳамжамиятни тараддудга солиб қўйди. Ироқ Анқаранинг ушбу мақсадини миллий суверенитетга таҳдид сифатида баҳолади. Ироқда аксилтеррор амалиётлари олиб бораётган АҚШ Курдистон ҳудудида ҳарбий операциялар амалга оширилгудек бўлса, мамлакатдаги вазият бунданда ёмонлашувидан хавотирда эканини маълум қилди. Ўз навбатида Европа Иттифоқи журъатсизгина бўлсада, Туркиянинг Курдистонга қарши ҳарбий амалиётига эътирозини билдирди.
Аслида Туркия давлати ва Курдистон ишчилар партияси ўртасидаги ихтилоф кеча пайдо бўлиб қолган муаммо эмас. Курдистон ишчилар партияси 1970 йилларда Туркия ҳудудида ташкил этилган эди. Мазкур айирмачи ҳаракат ўтган чорак асрдан ошиқ муддат ичида Курдистон давлати мустақиллиги деган ниқоб билан Туркияда жуда кўп бора қўпорувчилик ҳаракатлари уюштирди. Курд айирмачилари етакчиси, неча йиллар давомида тутқич бермас қасоскор сифатида кураш олиб борган Абдуллоҳ Ожаланнинг қўлга олиниши ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши билан Туркия оз бўлсада, хотиржам нафас олгандек эди. Лекин 2004 йилдан бошлаб Курдистон ишчилар партияси яна қаршилик ҳаракатига зўр берди. Бу орада курд айирмачилари бир неча марта ўқ отишни тўхтатишди, яна неча маротаба ўзлари таклиф этган сулҳ битимларини бузишди.
Туркия учун, хусусан, охирги ойлар таҳликали ва нотинч келди. Мамлакатнинг турли шаҳарларида амалга оширилган терактлар ва курдлар билан тўқнашувлар пайтида ёз давомида юздан зиёд одам қурбон бўлди. Бу ҳолат Туркия ҳукуматини кўпдан бери пайсалга солинаётган муаммони биратўла ҳал этишга чорлади.
Октябр ойида расмий Анқаранинг курд айирмачиларига қарши ҳаракати бирмунча жадаллашгани кузатилди. Агар шу пайтгача Туркия раҳбарияти курд айирмачиларига қарши умумий баёнот ва кичик амалиётлар билан чегараланган бўлса, охирги вақтда Режеп Тайип Эрдоган бошчилигидаги ҳукумат Ироқ шимолидан қўним топган қўпорувчи кучларни бутунлай яксон қилишга ният қиляпти. Бу гал расмий Анқаранинг мақсади жиддий, нияти қатъий экани ифодаси шуки, мамлакат парламенти ўтган ойда Туркия ҳарбий кучларига бир йил ичида Курдистон ишчилар партиясига қарши ҳарбий операцияларни бошлаш ҳуқуқини берувчи махсус қонун қабул қилди. Албатта, гарчи террорчиларга қарши бўлса ҳам, бошқа бир мустақил давлат ҳудудига қўшин олиб кириш биргина қонун билан амалга ошиб кетаверадиган жараён эмас. Бу борада халқаро ҳуқуқнинг ёзилган ва ёзилмаган қоидаларига риоя этмасдан илож йўқ…
Туркия қонунчилик идораси томонидан Ироқ шимолида ҳарбий амалиётлар ўтказишга изн берувчи қонуннинг қабул қилиниши тузуккина шов-шувларга сабаб бўлгани, боз устига, бу ҳолат дунёга ҳукмронлик даъвосидаги айрим давлатларнинг ошкора тинчини бузгани ҳам бор гап.
Курд айирмачиларига қарши амалиёт режаси Ироқ ҳукуматини ҳам ташвишга солиб қўйди. Аслида расмий Анқара кўпдан бери Бағдод ҳукуматини айирмачи кучларга қарши етарли чора-тадбирлар кўрмасликда айблаб келади.
Туркия парламенти ҳарбий амалиёт бошлаш тўғрисида қонун қабул қилганидан кейин Ироқ ҳукумати мамлакатдаги Курдистон ишчилар партиясининг барча идораларини ёпди, партиянинг молиявий ҳисобларини ҳам музлатиб қўйди. Ироқнинг Курдистон маъмурий ҳудуди раҳбари Масуд Барзани ҳам айирмачи партияни қуролни ташлаш ва Туркияга қарши қўпорувчиликларни тўхтатишга чақирди. Анқарада қабул қилинган қонун уруш туфайли жиддий масъулиятдан ўзини олиб қочаётган Ироқ ҳукуматини ҳам ҳаракатлантириб юборди.
АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райснинг ўтган ҳафта охирида Анқарага ташрифини ҳам ана шу мақсад билан изоҳлаш мумкин. Америка ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари турк расмийларини муаммони дипломатия йўли билан ҳал этишга чақирар экан, курд айирмачиларини «умумий ғанимимиз» деб атаган. Ўз навбатида Туркия ташқи ишлар вазири Али Бабакан АҚШнинг Ироқдаги курд айирмачиларига қарши етарли даражада кураш олиб бормаётгани, шу боис ҳам Туркия вазиятни қўлга олиш ва сўздан амалий ҳаракатга ўтишга қарор қилганини таъкидлаган.
Куни кеча Туркия бош вазири Режеп Тайип Эрдоганнинг АҚШга расмий ташрифи чоғида ҳам Курдистон масаласи муҳокама марказидаги масалалардан бири бўлди. АҚШ маъмурияти Туркия бош вазирини ҳарбий ҳаракат режасидан воз кечишга ундаган, бунга жавобан эса курд айирмачиларига қарши курашни кучайтиришга сўз берган.
Маълумотларга қараганда, Ироқ шимолида — чегара ҳудудида 3500 га яқин курд жангарилари мавжуд. Албатта, бир неча юз минг аскарга эга бўлган армия учун бунча миқдордаги жангарини маҳв этиш бир неча кунлик иш бўлиши мумкин. Лекин мазкур вазиятда асосий муаммо душманни енга олиш ёки олмаслик масаласида эмас. Бу ўринда гап бошқа бир мустақил давлат ҳудудига қўшин билан киришдек ўта нозик масала устида кетяпти. Боз устига, айирмачиларга қарши амалиёт Эрон, Сурия каби мамлакатларда истиқомат қилаётган курд миллатига мансуб аҳолида ҳам норозилик уйғотиши мумкин. Бундан ташқари, халқаро ҳамжамият олдидаги масъулият туйғуси эҳтиёткорроқ бўлишга ундаётганга ўхшайди. Шу боис ҳозирча расмий Анқара Курдистон айирмачиларига қарши иқтисодий жазо чоралари жорий этишга ҳаракат қиляпти. Қолган асосий саволлар эса ҳозирча жавобсиз қоляпти.
Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият»дан олинди.