2013 йил 23-24 май кунлари Тошкент шаҳрининг Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғида Республика “Китоб байрами” тадбири бўлиб ўтади. Сайл тарзида ташкил этиладиган “Китоб байрами” очилиш маросимида иштирок этганлар нашриёт-матбаа ижодий уйлари ҳамда соҳада фаолият юритаётган етакчи нашриётлар томонидан ташкил этилган кўргазма стендларни томоша қилишлари мумкин.
Тадбирда республикамиз нашриётлари томонидан чоп этилиб, сўнгги йилларда турли халқаро нуфузли китоб кўргазмаларида совринли ўринларни қўлга киритган, Ўзбекистон ноширлари ва матбаачиларининг бугунги ижодий имкониятлари ва техник салоҳиятларини кўрсатадиган илмий-оммабоп, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий ва болалар ҳамда ўсмирларга мўлжалланган китобларни намойиш қилувчи 20 дан зиёд кўргазма-стендлар ташкил этилади.
“Китоб байрами” доирасида мушоиралар ўтказилади. “Китобдан яхши дўст бўлмас”, “Китоб – оламнинг саккизинчи мўжизаси”, “Китоб – беминнат устоз” мавзуларида интеллектуал викториналар ташкил этилади. Байрамда китоб графикаси ва миниатюра жанрида ижод қилаётган ёш рассомларнинг ижодий кўргазмалари ҳам уюштирилади.
Республика “Китоб байрами” доирасида куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг 300 кишилик мажлислар залида “Китоб – миллатнинг бебаҳо маданий мероси” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Унда “Ўзбекистон китобат санъати тарихидан лавҳалар”, “Ноширлик соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари масалалари”, “Ўзбекистонда энциклопедик нашрларнинг ривожланиши”, “Бадиий графика санъатининг бугунги ривожи” каби мавзуларда маърузалар қилинади. Мазкур конференция доирасида Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганларнинг маънавий ва жисмоний ривожланишига салбий таъсир қилувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасининг тақдимоти ҳам ўтказиш режалаштирилган.