Константин Сергеевич Станиславский 1863 йил 17 январда Москвада туғилди. Жаҳон театр санъатининг буюк ислоҳотчиси Константин Станиславскийнинг театр саҳнасидаги сўнгги роли 1917 йилда Достоевскийнинг ”Степанченко қишлоғи” номли повести асосида саҳналаштирилган спектакльда бўлди. Станиславский бу спектаклда полковник Ростанев ролини ижро этиш учун тайёргарлик кўради. Ҳали роль тайёр бўлмаса-да, театрнинг иш жадвали бўйича спектакль томошабинга ўйналиши олдидан сўнгги репетиция ўтказилади. Серафима Германовна Бирманнинг ёзишича (1911-24 йилларда театрда актриса, режиссёр бўлиб ишлаган), “Степанченко қишлоғи” спектаклининг сўнгги репетицияси белгиланган вақтда бошланмайди. Иштирокчиларнинг спектакль намойишига тайёр бўлиб турганликларига қарамай, парда узоқ вақт очилмайди. Сабаби, Полковник роли ижрочиси Станиславский диққатини бир жойга тўплай олмай қийналар, уни ич-ичидан нимадир сиқиб турар, Полковник қиёфасини гавдалантиришга руҳан тайёр эмас эди. Жуда қийин аҳволга тушиб қолган Станиславский кўз ёшини қанчалик тийишга уринмасин, қўлидан ҳеч бир иш келмайди. Ниҳоят у, ўзини қўлга олиб, пардани очишга ишора қилади. Репетициядан кейин бошқа ижрочилар қониқарли баҳо оладилар. Аммо Станиславский ижросидаги Полковник роли тайёр эмаслиги таъкидланиб, роль бошқа актёрга топширилади. Бу Станиславский учун ниҳоятда оғир зарба бўлиб, шу кундан бошлаб у, Москва Бадиий театр саҳнасида аввалги йилларида саҳналаштирилган спектакллардаги Астров, Фамусов, Сатин ролларидан ташқари бирорта бошқа янги роль ижро этмайди.
Умрида бор-йўғи иккитагина китоб ёзган Станиславскийнинг номини ҳатто жанубий Америкада ҳам яхши билишади. “Менинг санъатдаги ҳаётим“ деб номланган биринчи китоби Америкада 1924 йилда босмадан чиқиб, дунё юзини кўради. Станиславскийнинг ўйнаган роллари ўзини ҳам, атрофидагиларини ҳам кўп ҳолларда қониқтирмаган. 1906 йилда Москва бадиий театрининг илк бор Оврупо сафарига чиқиши чоғида Станиславский севиб ижро этиб келган Шекспирнинг “Отелло” спектаклидаги бош роль ижрочисининг талқини қониқарли бўлмаганидан бу асар гастроль репертуаридан олиб ташланади.
Хўш, Станиславскийни қайси шамоллар учириб театр санъатига ошно қилди экан, деган табиий савол туғилади. 1877 йилда Москвага итальян трагик актёри Э.Росси гас-троль сафарига келганида 14 ёшли Константин машҳур актёрнинг ижросидан шу қадар таъсирланадики, ўз келажагини театр санъатига бағишлашга қарор қилади. У бошланғич таълимни оиласида, сўнгра гимназия ва шарқ тиллари институтида ўқиб юрган чоғларида ҳам “Кичик театр”нинг биронта спектаклини қолдирмай томоша қилар, гоҳ балет санъатига қизиқар, гоҳ сайёр труппа актёр ва масхарабозларига тақлидан спектакллар саҳналаштириб, ўзи бош ролларни ижро этарди. 1877 йилнинг сентябрь ойида у илк бора уйида оилавий спектакль намойиш этади. Бу, ўша даврда зиёлилар орасида шов-шувга сабаб бўлган “Алексеев театр тўгараги” бўлиб, бу Станиславскийнинг ҳаётида туб бурилишлар ясайди.
1897 йилда Москва бадиий театри ташкил этилганидан сўнг, 1906 йилда бу театр санъаткорлари Станиславский бошчилигида Рус театри санъати билан Оврупонинг юраги ҳисобланган Германияга гастроль сафарига отланадилар. А.П. Чеховнинг “Ваня тоға”, Горькийнинг “Тубанликда”, Ибсеннинг ”Штокман”, Толстойнинг “Шоҳ Федор Иванович” асарлари репертуардан жой олади. Репертуар танлашда эса энг аввало В.И. Немирович-Данченконинг хизмати катта бўлади. “Ваня тоға” спектаклидаги Станиславский ижро этган Астров образи буюк немис драматурги Гауптманга шу қадар таъсир этадики, у спектакль сўнгида дастрўмолини тишлаганича, узоқ вақт ўрнидан туролмай ўтириб қолади ва, “Шу пайтгача саҳнада кўрган асарларим ичида энг таъсирли спектакль шу бўлди. Саҳнада одамлар эмас, бадиий кўринишдаги Худолар ҳаракат қилишмоқда”, – дея эътироф этади.
Чехиялик журналист Ружена Свободова Станиславский ижросидан қаттиқ таъсирланиб: “У жим турган ҳолда фикрлайди. Фикрлаш орқали гўё сенинг юрагингга қўл солиб кўраётганга ўхшайди. Беихтиёр ўзинг ҳам юрагингга қулоқ солаётганингни сезмай қоласан. Ҳақиқий санъатнинг буюк қудрати шунда бўлса керак”, – деб ёзади.
Ана шу гастроль сафари Оврупода Станиславский номини машҳур қилиб юборди. Шу билан бирга актёрнинг ички имкониятларини ишга солиш, улардан ўз ўрнида унумли фойдаданиш йўлларини очиб беради. “Театр санъати, – деб ёзади у, – бизнинг давримизга келиб бошқа санъатлардан жуда орқада қолиб кетди, лекин шунга қарамай, бошқа санъатлар услубиятини театр санъатига қиёслаш ўта хато бўлур эди. Станиславский системаси саҳнада ҳиссиётни ташқи томонидан кўрсатиб, актёр ижрочилигини касб (ҳунар)га, қолипга айлантирувчи, актёр ижодига илҳомнинг ўзи етарли деб қаровчи санъатга қарши қаратилган. Саҳна хатти-ҳаракати ҳусусидаги таълимоти Станиславский системасининг асосини ташкил қилади. У диққатини асосий масала – театрда актёрнинг табиий, ижодий кайфияти ва саҳнавий образ яратиш масаласига қаратиб, ўз системасини икки қисмга: актёрнинг ўз устида ҳамда роль устида ички ва ташқи томонидан ишлашига ажратади. У “жисмоний ҳаракат методи”, “қалб кўзи билан кўра билиш”, “ҳаракат таҳлили” ва “олий мақсад” қоидаларини ишлаб чиқди. Театрни театрдан ҳайдаш учун сохталик ўрнига ҳақиқий изтироб, ички дард, кечинмаларни, ҳақиқий ҳаётий воқеликни акс эттириш, инсон руҳиятини кўрсата билиш томошабин кўз ўнгида гавдалантириш театр санъатининг энг асосий вазифаси бўлмоғи керак”, – дея таъкидлайди у.
1897 йилда Немирович-Данченко билан Станиславский “Москва бадиий театри”ни ташкил этиш ҳақида ўзаро музокара олиб боришади. Станиславский ҳар бир келишилган масалани ён дафтарчасига ёзиб борар эди. Сабаби Станиславскийнинг сўзларни хотирасида сақлаб қолиш қобилияти анча суст эди. Шунинг учун ҳам у ҳар бир воқеа ва ҳолатларни албаттта қоғозга тушириб қўйишни одат қилган бўлиб, кейинчалик ўз “система”сини тартибга солиш ҳамда китоб ҳолатига келтиришда шу қоғозлар жуда қўл келади. Москва бадиий театрининг ташкил этилиши нафақат спектаклларнинг бадиийлиги, ижронинг юксаклигини намойиш этди, айни чоғда Рус театри тарихида илк бора театрда режиссёрнинг мавқеини кутилмаган даражада юқорига кўтарди. Чехов, Горький, Толстой асарларида актёрлар ансамбли, асар ғояси, ижодкорнинг олий мақсади деган тушунчалар кенг истеъмолга киради. Бундан театр, унинг репертуари учун алоҳида шахс – еткачи актёр ёки актриса эмас, театрнинг бадиий раҳбарлари масъул бўладилар. Станиславский учун вақт тушунчаси умуман мавҳум нарса бўлиб, унинг ўз мақсадига эришмоғи, бирон-бир ижродан кўнгли тўлмагунча тинмай репетиция қилиши, такрорлашдан сира ҳам чарчамаслиги кишини ҳайратга солар эди. Репетиция жараёнлари эрталабдан то кечгача ҳам тугамас эди. Битта спектаклдаги биргина сўз кўнгилдагидек чиқиши учун қарийб уч ой репетиция қилингани кўпчиликка маълум. Айрим спектаклларда асарнинг ҳаётийлиги – реалистик кайфиятни пайдо қилиш учун Станиславский спектакль давомида турли табиий товушлар, сувнинг жилдираши, ёмғирнинг қуйиши, уй ҳайвонларининг овози, чигиртка, ҳатто пашша ва чивинларнинг ғинғиллаши саҳнадан эшитилиб туришини талаб қилар, айрим ҳолларда улардан ўринсиз ҳам фойдаланар, бу эса баъзан томошабинни спектаклни қабул қилишига халақит ҳам берарди. Шундай кунларнинг бирида А.П.Чехов ярим ҳазил, ярим чин маънода: “Энди мен асар ёзсам унда на сувнинг, на сигирнинг ва на пашшанинг овози бўлмайди. Шундай шовқинлари бор жойларини умуман ўчириб ташлайман”,– деган эди. Ҳақиқатан ҳам Станиславский учун спектаклнинг ташқи кўриниши, декорация, либос, мусиқа, ролда эса тимсолнинг ташқи кўриниши ундаги майда-чуйда унсурларни топиш, тимсол қиёфасига кириш учун кўприк ҳисобланган. Шунинг учун ҳам агар спектакль ёки ролнинг ташқи унсурлари топилмаса, режиссёр Станиславский, актёр Станиславский учун ниҳоятда қийин, ташвишли кунлар бошланар эди. Баъзан фикри- ёди шу унсурларни қидириш билан банд бўлганлигидан асарнинг нима мақсадда қўйилиши ҳам хаёлидан кўтарилиб кетар эди.
У ўзи орзу қилган ролларнинг қониқарсиз чиқишига ташқи кўриниши, бўйи узунлиги, қўл ва оёқларининг анчайин бесўнақай эканлиги сабаб деб билар ва азият чекар эди. Ҳатто талаффузини тўғрилаш, барча унли ҳарфларнинг эшитимли бўлиши учун машҳур қўшиқчи Шаляпин ҳам шуғулланишига тўғри келган эди. Немирович-Данченко “Юлий Цезарь” спектаклини саҳналаштириш жараёнида унга Брут ролини топширади ва ўзига жуда ярашадиган мўйлови билан видолашишга мажбур қилади. Станиславский режиссёр сифатида актёрларга нисбатан ўта талабчан бўлган. Бир спектакль репетицияси вақтида саҳнада ҳаракат қилаётган актёр “М” бир оғиз гапни такрор ва тарор қайтарар, Станиславский эса пастдан туриб ”Ишонмайман, ишонмайман!” деб, актёрни ўша сўзни қайта-қайта такрорлашга мажбур этади. Сабр косаси тугаган актёр “М”, Константин Сергеевич, мендан нима талаб қилаётганингизни сира тушунмаяпман, мумкин бўлса, шу саҳнани ўзингиз кўрсатиб берсангиз, деб илтимос қилади. Актёрнинг бу қадар терс муомаласидан бир оз ўнғайсизликка тушган Станиславский ноилож саҳнага кўтарилади ва қаҳрамоннинг сўзини энди бошлаши билан пастдан актёр “М”нинг “Константин Сергеевич, ишонмайман” деган хитоби эшитилади. Бу ҳолат бир неча бор такрорланади. Қарийб ўн марталарча такрорланган бу саҳнадан кейин Станиславский ноилож ”Ҳмм.. Шу парчани уйда ишлаб келиб эртага сизга кўрсатаман”, – дейди. Ке-йинчалик шогирдлари билан бўлган суҳбатларнинг бирида Станиславский “Мен гуноҳкорман, қанчадан-қанча одамларни беҳуда ранжитиб қўйдим-а”, деб афсусланганини эслашади. 1878-79 йилларда ҳали ўн олти ёшга тўлиб-тўлмаган Константиннинг ёш қалбини ҳаваскорлар саҳнасидаги спектаклларда бош ролларни ижро этиб юрадиган Алексей Федорович Марковнинг самиймийлиги, саҳнадаги ёқимтойлиги, беғубор завқ-шавқ билан суғорилган роллари ром этган бўлса ажаб эмас. Чунки Константин Марковнинг “Станиславский” номини кейинчалик у ўзига тахаллус қилиб олади ва шу кундан унинг кундаликларида Константин Сергеевич Станиславский деган ёзув пайдо бўлади…
Унинг орзулари чексиз эди. У ўз роллари билан жаҳонга машҳур бўлишни истаганди. Аммо унинг номини машҳур қилган “Менинг санъатдаги ҳаётим” ҳамда “Актёрнинг ўз устида ишлаши” китоблари санъаткорнинг тарих саҳифаларидан муносиб ўрин олишига сабаб бўлди.
Жўра Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон