Жонатан Ҳеник: “Бугун эркин ОАВ фаолияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим”

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан баёнот берди.

“Жаҳон матбуот эркинлиги кунида биз бутун дунё бўйлаб ўз жамиятларида маърифат улашаётган, уларни хабардор қилиб, ўзаро муносабатга киришаётган журналистларнинг жасоратини шарафлаймиз. Эркин ва мустақил матбуот ватандошларга уларнинг турмушини шакллантирадиган воқеаларни тушунишга ёрдам беради ҳамда ғоялар ва фикрлар хилма-хиллигини тарғиб қилади”, – дейди дипломат.

Қайд этилишича, эркин ахборот алмашинуви ҳар бир демократик давлатнинг асосий белгиси саналади. Бугунги кунда кўплаб журналистлар дунёда содир бўлаётган воқеаларни, жумладан, Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушини ва Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишини ёритиш учун ўз ҳаётини хавфга қўймоқда.

“Дарҳақиқат, бугунги кунда эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. АҚШ элчихонаси Ўзбекистонда медиа соҳасидаги ижобий силжишларни қўллаб-қувватлашга содиқ қолади. Ҳамкасбларим ва мен турли тренинглар ва таълим олиш имкониятлари орқали қўллаб-қувватлаётганимиз ўзбекистонлик журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорликни қадрлаймиз. Биз Ўзбекистон журналистлари меҳнатини нафақат бугун, балки ҳар куни шарафлашдан фахрланамиз”, – деб таъкидлайди элчи Жонатан Ҳеник.

Маълумот ўрнида, 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни санаси 30 йилдан ошиқ тарихга эга. 1991 йили ЮНЕСКОнинг Виндҳук шаҳрида (Намибия) ташкил этилган анжуманида эркин ва мустақил матбуотни қўллаб-қувватлаш тўғрисида декларация қабул қилинган эди. БМТ Бош ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги резолюцияси билан 3 май санаси халқаро байрам ўлароқ эълон қилинган.