Жаҳон газеталари: ким кўп ўқийди?

Ўтган беш йил давомида янги номдаги номустақил кундалик газеталар дунё бўйича 8,1 фоизга, мустақил кундалик газеталар эса 8,9 фоизга ўсди. Агар фоизларни рақамлар билан ифодаласак, номустақил кундалик газеталар ўсиши 7700 тани, мустақил кундалик нашр­лар эса 7862 тани ташкил қилади.

Янги номдаги номустақил газеталарнинг кўпайиши ўтган йилда олдинги йиллардагига нисбатан 0,3 фоизга камайган. Мустақил кундалик газеталарни йилдан йилга 0,06 фоизга ўсаётганини ҳам кузатишимиз мумкин. Янги нашр­ларнинг умумий ўсиши Африкада 4,5 фоиз, Жанубий Америкада 1,4 фоиз, Австралия ва Океанияда 1,2 фоиз ҳисобида тақсимланади. Лекин Европада 1,2 фоиз, Шимолий Америкада 0,4 фоиз, Осиёда эса 0,3 фоиз газеталар маълум сабабларга кўра ўз фаолиятини тўхтатди. Шу ерда яна бир маълумотни айтиб ўтмоқчимиз: ўтган беш йилда жаҳон миқёсида фақат номустақил кундалик нашрлар тиражи 28 фоизга ошган. Қолган нашрлар (ҳафтада бир, икки марта чиқадиган ва ҳоказо) 54 фоиз ҳамда якшанба куни чиқадиган газеталар тиражи 36 фоизга кўпайган. Жаҳондаги барча газеталарнинг тиражи ўтган йилда 1,21 фоизга ошган. Охирги беш йилда эса бу кўрсаткич 7,8 фоизга тенг келади. Айни вақтда дунёда бир кунда 464 млн. нусха газета чоп этилади. Беш йил олдин эса 414 млн. киши ҳар куни газета сотиб оларди. Ҳозирда ҳар куни 439 млн.дан кўпроқ киши кундалик нашрларни харид қилади. Газеталарни қўлдан қўлга ўтиб ўқилишини ҳам инобатга олсак, ҳар куни 1 млд. киши газета ўқийди.

Ким кўп сотади?

Жаҳон газеталари ассоциациясининг (ЖГА) тарқатган маълумотларга кўра, ўтган йили газета сотилиши дунё миқёсида 0,56 фоизга кўпайди. Шу ўринда сўнгги беш йилда  газета савдоси 6 фоизга ортганини ҳам эслатиб ўтиш лозим.

Осиёда газета сотиб олиш бошқа қитъалардагидан суръатлироқ кечмоқда. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, осиёликлар сўнгги йилларда газетани кўпроқ ўқишмоқда. Жаҳонда 100 та харидоргир газета нашр қилинса, шундан 7/10 қисми Осиёда чоп этилиши гапимизни тасдиқлайди. Хитой, Япония ва Ҳиндистон давлатларида бозори чаққон газеталар номинини 62 тагача санаб ўтишимиз мумкин. Ўтган йилда газеталарни сотилиши Осиёда 1,7 фоиз, Жанубий Америкада 3,7 фоиз, Африкада эса 0,2 фоизга ўсди. Европа, Шимолий Америка, Австралия ва Океанияда газета сотиб олишга эҳтиёж камайди. Ҳатто Шимолий Америкада тунги газеталарнинг нархи арзонлашди. Кўринадики, кўпчилик ривожланган давлатларда газета ўқишга бўлган талаб сусайган.

Жаҳонда бешта йирик газета бозори мавжуд. Биринчи ўринда Хитой (96,6 млн. нусха) турса, иккинчи ўринда Ҳиндистон (78,7 млн. нусха) туради. Ҳар куни 69,7 млн. нусха газета сотадиган кун чиқар ўлка – Япония учинчи поғонадан мустаҳкам ўрин олган. Океан орти давлатида (АҚШ) эса бир кунда 53,3 млн. нусха газета сотилади. Ниҳоят бешинчи ўринни босма ОАВнинг ватани деб эътироф этиладиган Германия (21,5 млн. нусха) банд этган.

Реклама бозоридаги гаплар

АҚШ дунёда газета рекламасидан энг кўп даромад кўрадиган давлат ҳисобланишини биламиз. 2005 йилда ушбу давлат газеталарининг йиллик реклама даромади 1,51 фоизга ошди. Охирги беш йилда эса бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил қилади.

Хитойда эса газеталарнинг йиллик реклама даромади 2005 йилда 19 фоизга ўсди. 2001 йилдан буён эса газетадан келадиган фойда 128 фоизга ўсган. Европа Иттифоқи газета бозорининг йиллик реклама даромади ўтган йили 4,15 фоизга ошди. Беш йилда бу кўрсаткич 37,3 фоизни ташкил қилади.

Интернет

Онлайн газеталардан фойдаланувчилар 2005 йилда 8,71 фоизга кўпайди. Сўнгги беш йил давомида 200 фоизга кўпайгани ҳам диққатга сазовордир. Интернет йиллик реклама даромади ҳам ўсишда давом этмоқда, яъни 2005 йили 24 фоиз. Юқоридаги маълумотлардан кейин ўтган йили онлайн газеталар сони 20 фоизга кўпайганлиги ҳеч кимни ажаблантирмаса керак.

Хуллас, жаҳон газеталар бозорида ана шунақа гаплар.

Азим Рўзиев
www.hurriyat.uz