Ташкилотчилар ва фахрий меҳмонлар. Фото: IPF
8 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида 7-халқаро ноширлик касбий учрашувлари анжумани (Istanbul Publishing Fellowship) бошланди. Туркия матбаа ва нашриётлар уюшмаси ҳамда Туркия маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган йирик анжуманда дунёнинг 72 давлатидан 555 нафар меҳмон қатнашмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўз олган Халқаро ноширлар ассоциацияси вице-президенти Бодур Ал-Қосимий Истанбул анжуманининг аҳамияти ҳақида гапириб, Узоқ Шарқдан Лотин Америкасигача, Шимолий Европадан Африкагача – дунёнинг турли минтақалари мутахассисларини бир жойга жамлаган ушбу тадбирдан катта натижалар кутилаётганини таъкидлади.
Анъанавий равишда ташкил этилган тадбирда илк бор мамлакатимиз вакиллари – Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси, “Шарқ”, Ғафур Ғулом, “Ўзбекистон”, “Академнашр”, “Янги аср авлоди”, “Ҳилолнашр” каби нашриётлар, шунингдек, Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мутасаддилари қатнашмоқда, деб хабар беради АОКА матбуот хизмати.
Ўзбекистон вакиллари. Фото: АОКА
Гибрид форматда – юзма-юз ҳамда виртуал мулоқот шаклида ўтказилаётган тадбирда китобхонликни оммалаштириш, муаллифлик ҳуқуқига риоя этилишини таъминлаш, нашриётлар, адиблар, маданий-маьрифий муассасалар, китоб савдоси билаш шуғулланадиган ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Мулоқот ва маслаҳатлашувлар жаҳон ноширлик ҳамда полиграфия саноати тажрибасини ўрганиш, етакчи нашриётларнинг энг яхши замонавий китоблар тўпламини ўқувчилар ва харидорларга етказиш, китоб маҳсулотларини янги технологиялар асосида ишлаб чиқариш ва тарқатишга доир истиқболли вазифаларни белгилаш ҳамда халқаро маданий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.