Инқирознинг ибтидоси
Глобал молиявий инқироз Леҳман Бротҳерс деб номланган энг обрўли молия ташкилотининг синиши билан бошланди. Компания раҳбарияти ташкилот инқирозини 13-14 сентябр, яъни дам олиш кунлари расман эълон қилди. Сўнгра душанба куниёқ Банк оф Америcа бошқа бир машҳур банк – Меррил Лйнч инвестиция банкини сотиб олганлиги тўғрисида баёнот берди.
Худди шу вақтда яна бир йирик молия ташкилоти – Америcан Интернатионал Гроуп(АИГ) – таниқли суғурта компанияси тубсизликка қараб кетаётган эди. Бироқ у АҚШ ҳукуматининг марҳамати билан бу инқироздан амаллаб қутулиб қолди. Ҳукумат тез фурсатда компанияга 85 миллиард доллар миқдорида қарз берди. Молия оламида юз берган бу воқеалар ҳафта ўртасига келиб жаҳоннинг деярли барча фонд бозорларида нарх навонинг тушиб кетишига , пасайишига олиб келди. Нарху наво кескин тушиб кетгани боис Россиянинг ҳатто энг йирик банкларида ҳам олди-сотди тўхтатиб қўйилди.
Бундан ҳам аввалроқ, АҚШ ҳукумати Фанние Маэ ва Фреддие Маc каби йирик компаниялар устидан бошқарувни ўз зиммасига олган эди. Бу воқеалар аслида 2006-2007 йилларда бошланган ипотека қарзлари билан боғлиқ таназзулнинг узвий давомидир. Ўшанда юз минглаб мижозлар 2001-2006 йиллар мобайнида олган қарзларини тўламай қўйган эдилар. (Ипотека қарзлари мол-мулкни гаровга қўйиб олинадиган қарздир). Кўчмас мулк нархининг кескин кўтарилиши бошланган кезларда аксарият мижозлар яна қарз олишди. Улар уй-жойлар нархининг ошиб бораётганидан умид қилган ва кўчмас мулкларининг нархи қарзларини қоплайди деб ишонган эдилар. Бироқ, кўчмас мулк нархининг тушиб кетиши мижозларни қийин аҳволга солиб қўйди, яъни гаровга қўйилган кўчмас мулкнинг нархи олинган қарз миқдоридан кўра камайиб кетди. Бунинг устига фоизлар ҳам ортиб борди, оқибатда кўп одамлар бу қарзларни тўлай олмай қолдилар. Фақат 2007 йилда 1,6 млн дона кўчмас мулк суд орқали мусодара қилинди. Бу 2006 йилдагидан 79 фоизга кўпдир.
Глобал таназзул сабаби
Юқорида санаб ўтилган воқеалар АҚШда содир бўлган эсада, бу таназзул бутун дунё иқтисодиётида акс садо берди. Глобализация, молия оламидаги янги-янги ўзгаришлар ва соҳа чайқовчиларнинг ҳакалак отган нафсини бу ҳодисаларнинг бош сабабчиси, асл айбдори, деб ҳисоблаш мумкин.
Гап шундаки, аслида яроқсиз ва ишончсиз бўлган молия активлари, яъни жамғармаларининг асл қийматини яшириш, уларни ялтироқ ўрамларда юқори баҳолаб бозорга киритиш жараёни субстандарт ипотека қарзларига ҳам таъсирини кўрсатди. Бундай фаолият билан шуғулланадиган банклар ва бошқа молия тузилмалари қарз мажбуриятларини қимматбаҳо қоғозларга айлантиришга ва даромадли сармоя сифатида бозорда пуллашга киришдилар. Кредит ташкилотлари берган юқори баҳо мазкур қарз мажбуриятларни қимматбаҳо қоғозлар бозорида энг ишончли ҳисобланган АҚШ давлат облигацияларига тенглаштириш имконини берди. Оқибатда кўплаб марказий банклар, сармоядорлик банклари ва хусусий сармоя жамғармалари аслида шубҳали бўлган бу қимматбаҳо қоғозларни сотиб ола бошладилар.
Шундай қилиб, АҚШ кредит ташкилотларининг мижозлари ипотека бўйича тўловларни вақтида тўлай олмай қолгач ёки тўламай қўйишгач, табиийки, мазкур ҳолат бу жараёнга сармоя киритган барчани ташвишга солиб қўйди. Воқеаларнинг шу тахлит ривожланиши натижасида ипотека инқирози рўй берди. Хуллас, мана шу нотўғри тадбир оқибатида бутун жаҳон жамғарма биржаларида молиявий бўҳрон юзага келди.
Шубҳали сармоя амалиётларининг ташаббускорлари сифатида майдонга чиққан молиявий тузилмаларнинг очкўзлиги шунда яққол намоён бўладики, улар бу қоғозларнинг нечоғли шубҳали ва хатарли эканини била туриб, яхши даромад келтирадиган, ишончли дея, зар қоғозларга айлантириб сотганлар. Бу эса – товламачилик. Буни бошқача атаб ҳам бўлмайди.
Бунинг устига, бозордаги нарх-наво тебранишларидан муҳофаза тарзида сотиш мўлжалланган бошқа кўплаб молиявий «товарлар» ўйлаб топилди. Фючерс, опция деб ажабтовур аталадиган бу қимматбаҳо қоғозларни реал активларга мутлақо тенглаштириб бўлмайди, шунга қарамай улар реал активлар каби олиб-сотилаверди. Аслида эса булар қарз мажбуриятлари ўзга нарса эмас. Пировардида, жамғарма бозорида кечаётган савдо-сотиқ ана шу қарзларни «айлантириш» ҳисобига гуллаб-яшнади.
Сармоядорлик ширкатлари ва банкларда хизмат қилаётган одамлар бу жараённи яхши тушунадилар, яъни трейдер, брокер, менежер деб аталадиган замонавий ҳунар соҳиблари молия тизими кун келиб ҳар хил шубҳали ва нореал сармоявий ва молиявий маҳсулотлар билан тўлдирилган бозор босимини кўтара олмай қолишини ва бу иқтисодиётни ёмон аҳволга солиб қўйишини яхши билганлар. Аммо тизимнинг чуқур илдиз отиб кетган чиркин қонун-қоидаларини ўнглашга уриниш оқимга қарши сузишдек гап. Қийин-қийин, кимга қийин..? Молия тизимига ҳеч қандай дахли йўқ, солиқларни ўз вақтида бекаму-кўст тўлаб келаётган оддий ишчи-хизматчиларга қийин. Энди молиявий бўшлиқни тўлдириш, уюм-уюм қарзларни тўлаш уларнинг ҳисобидан амалга оширилади.
Молиявий таназзул Уолл-стритда жойлашган молия муассасаларининг оддий ходимлари ҳаётига ҳам салбий таъсир қилди.
Табиийки, молия ташкилотларининг таназзулдан қутулиш учун қўллаётган чоралари сирасида иш ўринларини қисқартириш тадбири ҳам бор. Шунга кўра, молия ташкилотида хизмат қилган кўп одамлар ўз тирикчик манбаидан айрилган. «КВБ-Партнерс» номли ширкатда ҳисобчи бўлиб ишлайдиган Вилсон Чоунинг айтишича, унинг банк ва сармоя компанияларида фаолият юритган кўплаб ҳамкасблари ишсиз қолдилар. Шу пайтгача молия соҳасида ишлаб келган яна бир нечта мутахассислар таълим масканларида дарс бериш ёки бошқа бир барқарор соҳани касб қилиш ҳаракатига тушганлар. Бу ҳолатни экспертлар, Уолл-стритнинг бир неча йиллик мўл-кўлчиликдан кейин зулматга чўмиши, дея таърифламоқдалар.
Хўш, бу жараён динимиз нуқтаи назаридан қандай баҳоланмоқда? Маълумки, шариатга мувофиқ фаолият юритадиган молиявий тузилмалар қарзларни берилган миқдор даражасида қайтариб оладилар. Бу миқдорни кўпайтириб, ошириб кўрсатишга уларнинг ҳеч қандай ҳаққи йўқ.
Куала-Лумпурда жойлашган Исломий молия тизимини ўрганиш халқаро марказининг профессори Муҳаммад Маҳмуд Аван ушбу инқироз хусусида шундай фикр билдиради: «Агар Ислом дини тамойилларига амал қилинганида, бугунги ипотека инқирози юзага келмаган бўларди, чунки шариатга кўра қарзни қарзга сотиш, яъни судхўрлик қилиш асло мумкин эмас».
Демак, ислом банклари ипотека бўйича чиқарилган қимматбаҳо қоғозларни сотиш билан шуғулланмайдилар. Бу ўринда исломда рибонинг, судхўрликнинг қатъиян таъқиқлангани катта аҳамият касб этади. Ҳаттоки, қарзни тўлаш муддати чўзилиб кетганда ҳам уни ўз таннархидан юқори баҳода ундириш гуноҳи азим саналади.
Ислом иқтисодиёти молиявий инқирозни бартараф этиш учун қандай таклифларни кирита олади?
Тезлик билан амалга оширилиши лозим бўлган табдирларнинг биринчиси, жамғарма бозорларида қарз мажбуриятлари билан савдо қилишни бутунлай таъқиқлаш ёки ҳеч бўлмаганда чеклашдан иборатдир.
Иккинчидан, реал иқтисодиётга ҳеч қандай манфаат келтира олмайдиган, бозорда фақат олиб-сотарлик, чайқовчиликни кучайтирадиган савдо-сотиққа оид ҳар қандай усуллар, лойиҳалар, воситаларни молиялаштиришни чеклаш лозим.
Мутахассисларнинг фикларига кўра, шариатга мувофиқ иш юритиб келган молия муассасалари бу таназзулдан жиддий талофотсиз ўта олдилар. Демак, турли мамлакатларнинг масъул раҳбарлари ислом иқтисодиёти ва молия тизимини эътибор билан ўрганиб чиқсалар ёмон бўлмасди. Зеро, бу эҳтиёж, заруратдир. Ислом молия тизими турфа хил инқирозларни вужудга келтираётган мавжуд молия тизими ўрнига майдонга чиқа оладиган энг муносиб номзод бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Европада чоп этиладиган баобрў иқтисодий нашрлар ҳам судхўрликка асосланган молия тизимини ислом иқтисодиёти тамойиллари асосида ислоҳ этишга чақирмоқдалар. Жумладан, «Чалленге» журналининг биринчи саҳифасида бош муҳаррир Босиф Винсентнинг «Папа ва Қуръон» сарлавҳали мақоласи босилган. Муаллиф капиталистик тузумнинг маънавий-ахлоқий хусусиятларини, шунингдек Католик черкови ва Христианликнинг судхўрликни оқлашга ва жорий этишга қўшган ҳиссасини танқид остига олади. Унинг таъкидлашича, айнан мана шу салбий ҳолатлар инсониятни мисли кўрилмаган иқтисодий таназзулга олиб келди.
«Менинг назаримда, – дея фикрини давом эттиради муаллиф, – айни пайтдаги таназзул оқибатида банкларимизда нималар содир бўлаётганини билиш учун бизда Қуръони каримни ўқиб-ўрганишга эҳтиёж пайдо бўлганлиги кўриниб турибди. Агарда банклар раҳбарияти Қуръонда баён этилган кўрсатмалар ва тартиб-қоидаларни ҳурмат қилиб, амалда ҳам уларга риоя этганларида бугунги инқироз юзага келмас, иқтисодиётимиз бундай аянчли ҳолга тушиб қолмасди».
«Ле Жоурнал дес Финанcэс» журналининг бош муҳарири Рольан Ласкин эса ўз мақоласида бундан буён ўзаро иқтисодий муносабатлардаги тартибларни алғов-далғов этган, ноқонуний олиб-сотарлик асосида ривожланган, дунё бозорларини чиғириқдан ўтказган инқирозни бартараф этиш, иқтисод ва молия соҳаларида ислом шариати тартиб- қоидалари ва кўрсатмаларини қўллаш таклифини ўртага ташлади. «Уолл-стрит ислом шариати қоидаларини қўллашга тайёрми?» номли мақоласида муаллиф капитализмга таҳдид солаётган муайян хавф-хатар хусусида фикр билдириб, бу хатардан халос бўлишнинг ягона йўли – мавжуд молия тизими ўрнини эгаллай оладиган муносиб тузилмани аниқлаб олишдадир, дейди. Муаллиф бир нечта мулоҳазаларни, таклифларни ўқувчилар ҳукмига ҳавола этар экан, иқтисодиётда ислом шариати ҳуқуқ ва тамойилларига амал қилиш таклифини энг асосий тўғри йўл, дея эътироф этади.
Юқоридаги таклифларга жавобан Молиявий назорат бўйича Франция олий қўмитаси бир томондан фақат кўз кўрарга тузиладиган сохта, қалбаки олди-сотдиларни, судхўрликка асосланган савдо битимлари тузишни таъқиқловчи, иккинчи томондан эса тўлов амалга оширилгандан сўнг уч кун ичида буюртма қилинган маҳсулотни етказиб бериш мажбуриятини белгиловчи фармон ишлаб чиқди. Бу эса айнан шариат белгилаб берган тартибларга мувофиқдир. Шунингдек, Франциянинг ушбу қўмитаси мамлакат бозорида молиявий битимларни амалга ошириш жараёнида исломий чек тизимини қўллашга рухсат этувчи фармонни ҳам эълон қилди.
Ислом молия тизимини ўрганиш ҳалқаро марказининг экспертлари келажакда Қуръони карим тамойиллари асосида иш юритиш бозор муносабатларининг фаол иштирокчилари менталитетини яхши томонга ўзгартириш имконини беради, деган фикрдалар.
Ёлғиз Аллоҳга эътиқод этиш, унинг қаҳридан қўрқиш, ўлимдан кейинги ҳаётга ишониш, рибодан воз кечиш, олди-сотди ишлардаги ҳаллоллик ва холислик, бутун инсониятнинг биродарлашуви ва бошқа умуминсоний тамойилларга амал қилинсагина, бозор муносабатларига киришганлар, шунингдек, бутун инсоният ҳам ўзини турли кулфатлардан, шунингдек, молиявий ташвишлардан ҳам муҳофаза этган бўлур эди.
Исломга кўра, ҳамма неъматлар Аллоҳга тегишли, инсон эса Аллоҳнинг ерда манзил-макон топган бандаси сифатида барча неъматларнинг қандайдир бир гуруҳ манфаатлари учун эмас, балки бутун инсоният манфаати, фаровонлиги учун хизмат қилишини таъминлашга йўналтирилган, жавобгар этиб тайинлангандир.
Ҳаётимизда юз берадиган ҳар қандай яхши-ёмон ҳолатдан керакли сабоқ ва хулоса чиқариш керак. Инсоният бошидан кечираётган инқироз ҳам шу маънода ижобий сифатга эга. Негаки, одамлар шу орқали юзага келган вазиятнинг нечоғли жиддий эканини англаб етсинлар, керакли сабоқ олсинлар, ақлу-идрокларини ишга солиб, вазиятни ўнглаш тадбирини кўрсинлар. Содир бўлаётган воқеаларга ибрат кўзи билан қараб, Аллоҳ таолонинг ҳикматини англасинлар.
Нодира Абдуллаева тайёрлади.