Махфий хизматларда парда ортида — омма назаридан четда бўлиш олтин қоида ҳисобланади. Кимки бу қоидани бузса, яъни ўзини ошкор қилиб қўйса, шафқатсиз жазоланади. Мамлакатнинг сараланган фуқаролари фаолият юритадиган жосуслик тизимида садоқат ва ватанпарварлик энг устувор фазилат экани ҳам сир эмас. Лекин давлатлар ўртасида жосуслик ўйинлари кучайиб бораётган бир пайтда разведка хизмати агентларининг бошқа мамлакат томонига оғиб кетиши ҳолатлари ҳам бот-бот кузатилмоқда.
Шу кунларда Россия оммавий ахборот воситаларида М16 инглиз разведкаси агенти Антонио Алварес де Идалго номи жуда кўп тилга олиняпти. Маълум бўлишича, узоқ йиллар дипломат ниқобида фаолият юритган жосус Россия махсус хизматининг бир нечта юқори унвонли ходимларини ўзига оғдиришга муваффақ бўлган.
Бундан бир неча ой муқаддам Лондонда вафот этган Александр Литвиненко ўлими бўйича Россия махсус хизматининг собиқ ходими Вячеслав Жарко ҳибсга олинган эди. Тергов жараёнида номи зикр этилган агент хиёнат қилгани ва инглиз разведкаси фойдасига ишлагани ҳам фош бўлди. Рус агенти ким томонидан тузоққа туширилгани суриштирилганда эса Антонио Алварес де Идалго номи юзага чиқди. Текширувларда аниқланишича, А. Алварес иш жараёнида кўплаб сохта номлардан фойдаланган. Ўзини гоҳ сайёҳ, гоҳида эса дипломат деб таништирган.
Алварес ўн йиллар давомида рус махсус хизматига қарши курашда фаол иштирок этган. Кўпчилик кузатувчилар уни инглиз разведкасининг Россия бўйича энг яхши мутахассиси деб эътироф этиши ҳам тасодиф эмас. Ушбу агентнинг исм-шарифи бунга қадар ҳам рус жосусларига қарши олиб борилган жиноий ишларда қайд этилган.
Алварес де Идалго 1999 йили Эстония пойтахти Таллинда Буюк Британия элчихонасининг биринчи котиби лавозимида хизмат қилиб юрган пайтда захирадаги махсус хизмат офицери Валерий Оямяени тузоққа туширган. Россиядан Таллинга бизнес ишлари билан келган собиқ разведкачи тузуккина мукофот эвазига қироллик фойдасига ишлай бошлаган. Унга Россиядаги сайловолди ҳолат, шунингдек, рус разведкаси ходимлари ҳақида маълумот йиғиш топширилган. В. Оямяе 2001 йилда қўлга тушган, айбига иқрор бўлган ва етти йилга озодликдан маҳрум этилган.
Алварес 2006 йили яна бир рус агенти подполковник Сергей Скрипални ҳам инглиз разведкасига хизмат қилишга кўндира олган. Бу гал у ўзини Пабло Миллер деб таништирган. Ундан ҳам Россиядаги сиёсий-иқтисодий ҳаётга доир ахборот олинган. С. Скрипал ҳам кейинроқ фош бўлиб, жавобгарликка тортилган.
Сўнгги марта Алварес-Миллер рус махсус хизмати ходими, собиқ солиқ полицияси офицери Вячеслав Жаркони овлаган. Олдинги ҳамкасблари каби В. Жарконинг тақдири ҳам фош бўлиш ва ҳибс билан якунланди.
Дарвоқе, 2001 йили икки нафар инглиз фуқароси — Роберт Райт ва Лесли Браун Таллинда 2,4 миллион фунт стерлинглик наркотик модда билан қўлга тушган. Кейинроқ Британияда маҳкамага тортилган жиноятчилар тергов жараёнида улар наркокурер эмас, инглиз разкедкаси жосуслари эканликлари, Пабло Миллер исмли агентга ахборот етказиб турганларини айтганлар. Лекин мазкур даъволарга қарамасдан улар озодликдан маҳрум этилганлар.
Хуллас, Антонио Алварес М16 агенти сифатида жуда кўп ўринларда асосий қаҳрамон вазифасини бажарган. Агент зиммасидаги вазифани муваффақиятли уддалагани эътирофга лойиқдир. Лекин унинг номи ортиқча машҳур бўлиб кетгани разкедка қоидасига мос эмас. Ҳарқалай, махфий хизмат учун ҳаммага танилиб улгурган ходим фойдадан кўра кўпроқ зарар етказиши турган гап.
Абдул Собир тайёрлади