Тоғли Қорабоғ мустақил бўлиши ҳақидаги гап-сўз асло амалга ошмайди. Бу ҳақда Озарбойжон Президенти, мамлакат Олий Бош Қўмондони Илҳом Алиев Абшерон туманида янги ҳарбий шаҳарча очилишига бағишланган маросимдаги маърузасида таъкидлаган.
“Арманистон–Озарбойжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ зиддиятини ечишнинг йўли осон. Аввало, Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлиги тикланиши керак. Биз Озарбойжон ҳудудида иккинчи сохта арман давлати пайдо бўлишига йўл қўймаймиз. Тоғли Қорабоғ ҳеч қачон мустақил бўлмайди. Биров бунга кўз тикаётган бўлса, бизни содда деб ўйламасин. Бунга асло йўл қўймаймиз”, – деган Илҳом Алиев.
Президент Тоғли Қорабоғ Озарбойжон замини экани ва буни бутун дунё тан олишини қайд этган.
“Тоғли Қорабоғ – тарихан озарбойжон ери. Тоғли Қорабоғда асрлар давомида Озарбойжон халқи миришкорлик билан кун кечириб келган. У ердаги тарихий обидалар, диний осори атиқалар бизнинг қадимий маданиятимиздан нақл этади. Озарбойжон халқи XIX асрнинг 20-йиллари Эрон ва Шарқий Онадўлидан арман аҳолиси Тоғли Қорабоққа оммавий равишда кўчирилганини яхши билади. Бу мазкур ҳудуднинг миллий ва диний таркибини ўзгартириш мақсадида амалга оширилган эди. Шу мақсадда XX асрнинг 20-йилларида Озарбойжон ҳудудида Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти ташкил этилди. Бу инкор этиб бўлмайдиган тарих. Адолат ва тарих биз томонимизда. Такрор айтаман, бу бизнинг ҳуқуқимиз, бу қайтариб олишимиз керак бўлган еримиз”, – деган Озарбойжон етакчиси.
Қайд этилишича, Тоғли Қорабоғ муаммосининг ягона ечими Арманистон томонидан Озарбойжон ҳудудий яхлитлигини тан олиш ва босиб олинган ерларни тарк этиш саналади.
Озарбойжон раҳбари мамлакат армияси кун сайин кучайиб бораётгани ва давлат ҳудудий яхлитлиги ва чегаралари дахлсизлигини ҳимоя қилишга шай эканини қайд этган.
“Бизнинг армия энг кучли армиялар сирасига киради. Сўнгги йилларда армиямизнинг моддий-техник таъминоти сезиларли даражада яхшиланди. Бугун ҳар жиҳатдан юқори тайёргарлик даражасига эга Озарбойжон армияси исталган жанговар вазифани уддалайди”, – деган И.Алиев.
Озарбойжон етакчиси 2016 йил апрель ойида қўшни давлат билан бўлган зиддиятда армия ўз қудратини намойиш этганини таъкидлаган.
“Апрель жанглари бизнинг йирик ҳарбий ғалабамиздир. Кўп йиллар давомида Арманистон ўз армияси мағлуб бўлмаслиги ҳақида чўпчаклар тарқатиб келди. Апрель жанглари кимнинг армияси музаффар эканини кўрсатди. Арманистон истамаса-да, аламли мағлубиятини тан олишга мажбур”, – деган И.Алиев.
Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) 1989-1993 йилларда Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.
Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола: