2022 йил 19 июн куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида, БМТ Тараққиёт дастури Европа ва МДҲ бўйича Минтақавий бюроси директорининг ўринбосари Марина Уолтер хоним иштирокида Ҳисор давлат қўриқхонасининг интерактив ташриф маркази очилиши маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков, Шаҳрисабз шаҳри ҳокими Акром Сулаймонов, эколог ва журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистонга биринчи бор расмий ташриф билан келган Марина Уолтер очилиш маросимидаги ўзининг табрик сўзида: “Билим ва ахборот алмашинуви бўйича янги платформалар, инновацион экспонатлар, нашрлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар, айниқса, болалар билан баҳс-мунозаралар орқали, ташриф маркази кислород, тоза сув ва ҳавонинг муҳим манбаси бўлмиш Ҳисор минтақаси экотизимларининг аҳамиятини, шунингдек чанглатиш жараёнлари, ҳашаротлар популяциясини назорат қилиш, оқава сувларни қайта ишлаш ва бошқа муҳим табиий жараёнларнинг муҳимлигини янада тўлиқроқ тушунишни шакллантира олади, деб умид қиламан”, дея қайд этди.
Ташриф марказининг бош кўргазма майдончасида қўриқхонанинг асосий ёввойи ҳайвонлари ва фаолият йўналишлари, ёввойи табиат дуч келаётган таҳдидлар ҳақида сўзловчи стендлар қўйилган, инспекторлар фаолияти, жумладан илмий ходимлар ўтказадиган муҳим жорий тадқиқот ишлари ва бошқа кўплаб маълумотлар тақдим этилган.
Тадбир давомида БМТ Тараққиёт дастури томонидан Ford Transit учувчисиз парвоз аппарати Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тасарруфига топширилди.