Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
“Мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли инсонларга боғлиқ. Шу боис охирги тўрт йилда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мавқеини юксалтириш бўйича кўп ишлар қилинди. Энди мамлакатимиз янги даврга қадам қўймоқда. Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. Давлатимиз раҳбари бу ҳаёт-мамот масаласи эканини таъкидлади”, – деб хабар беради Президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, мамлакатимиз бўйича 10 минг 130 та мактабни ислоҳ қилиш зарур. Бу 6 миллиондан зиёд ўқувчилар, 500 мингдан ортиқ муаллимлар, умуман, жамиятимизнинг барча қатламлари, ҳар бир оиланинг келажагига дахлдор.
“Бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ. Мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Бунга барча эътиборимиз ва ресурсларимизни сафарбар қиламиз. Қийин йўлни танлаяпмиз, лекин шу йўл муаммоларни ечади”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди. Давлатимиз раҳбари янги мактаблар ва мавжудларида қўшимча бинолар қуриш орқали қувватларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Энди бу ишлар билан вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари шуғулланиши таъкидланди. Давлат томонидан ажратиладиган маблағдан ташқари маҳаллий бюджет тушумларининг ҳам бир қисми мактабларга йўналтирилади.