Грузиядаги бугунги вазият уч йил олдинги рангли инқилоб даврини ёдга солади. Ўшанда Михаил Саакашвили бошчилигидаги мухолифат мамлакат раҳбари Эдуард Шеверднадзени истеъфоcини талаб қилиб намойишлар ўтказган ва ўз мақсадига эришган эди. Бу гал ҳам грузин мухолифати президентнинг истеъфога кетишини талаб қилиб норозилик акциялари уюштирди ва қисман кўзлаган ниятига эришди: рангли инқилоб даврида ҳокимият тепасига келган Михаил Саакашвили президентлик курсисини тарк этди.
Тарихнинг ўзига хос тарзда такрори деб баҳоланаётган бу икки ҳолатда бир-биридан фарқланувчи жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Тўрт йил олдинги қўзғолонлар даврида грузин мухолифати Э. Шеверднадзе ҳокимиятдан кетгудек бўлса, унинг ўрнини эгаллайдиган аниқ номзодга эга эди. Бироқ бу гал Тбилиси кўчаларини тўлдирган намойишчиларни бирлаштирадиган ягона етакчи бўлмади. Президент Саакашвилини якка ҳукмдорлик ва сиёсий нўноқликда айблаган мухолиф партиялар орасида ҳаммани таъсирчан нутқи билан сеҳрлайдиган етакчи йўқ эди.
Боз устига, Михаил Саакашвили ҳокимиятдан буткул кетгани ҳам йўқ, у 2008 йилнинг 5 январида муддатдан олдин ўтадиган президентлик сайловида қатнашиш учун ваколатининг қолган икки ойидан воз кечди (Мамлакат қонунчилигига кўра, давлат раҳбари бўлиб турган шахс бир пайтнинг ўзида сайловда номзод сифатида иштирок эта олмайди). Январьга қадар эса Грузия парламенти раиси Нино Буржанадзе мамлакат президенти вазифасини бажариб турадиган бўлди.
Ҳозиргача етти нафар номзод келгуси йил бошида ўтадиган президентлик сайловида қатнашишини маълум қилган. Бу рақам овоз бериш кунига қадар яна ошиши мумкин.
Грузия парламенти депутати Леван Гачечиладзе биринчи бўлиб сайловда қатнашиш истагини билдирган. Асли мутахассислиги бўйича математик бўлган сиёсатдон Грузияни «доҳийлар давлати»дан парламент республикасига айлантирмоқчи. Гачечиладзе мамлакатда сиёсатчидан кўра кўпроқ бизнесмен сифатида танилган. У грузин виносини четга экспорт қиладиган Георгиа Wинес & Спиритс компанияси асосчиси.
Георгий Маисашвили бир пайтлар Михаил Саакашвилига сиёсий маслаҳатчи сифатида ишлаган, имижмейкерлик қилган. Эндиликда ўз сиёсий партиясини тузган собиқ мансабдор президентлик учун кураш олиб боради.
Сайловда иштирок этиши мумкин бўлган яна бир асосий номзод Бадри Патаркатсишвили. Ишбилармонликда катта ютуқларга эришган бу инсон Грузиянинг энг бадавлат фуқароси саналади. Унинг бойлиги 12 миллиард АҚШ долларидан ошади. Бир неча йиллар муқаддам Россияда Борис Березовский билан ҳамкорликда тижорат юритган, ҳозирда эса Лондонда яшаётган Патаркатсишвили Михаил Саакашвили ҳукуматини жуда кўп бора танқид қилган, бу йўлда катта миқдорда пул сарфлашга тайёрлигини ҳам билдирган.
Сайловда «Янги ўнглар» партияси раҳбари Давид Гамкрелидзе (асли шифокор, «Грузия НАТО таркибида» нодавлат ташкилоти раҳбари), лейбористлар раҳбари Шалва Нателашвили (ҳуқуқшунос, Грузия Конституцияси муаллифларидан бири) каби сиёсатдонларнинг ҳам қатнашиши эҳтимолдан холи эмас.
Ўтган ойдаги нотинчликлар вақтида Михаил Саакашвили Грузияда фавқулодда ҳолат эълон қилганидан хабарингиз бор. Мамлакат хавфсизлиги деган сабаб билан жорий этилган бу ҳолат амалда вазиятни чигаллаштирди, холос. Қолаверса, фавқулодда ҳолат шароитида телевидение ва радиоканаллар фаолиятининг вақтинча тўхталиши халқаро ҳамжамиятнинг ҳам норозилигига сабаб бўлди. Михаил Саакашвили лавозимини тарк этиш арафасида фавқулодда ҳолатни бекор қилган бўлсада, ҳали ҳам вазият изга тушиб кетганича йўқ. Хусусан, фавқулодда ҳолат бекор қилинганидан кейин ҳам мухолифатга қарашли «Имеди» ва «Кавкасия» телеканалларининг ишлашига изн берилмаётгани намойишчиларни яна кўчаларга ундаяпти.
Ана шундай танг бир вазиятда бош вазир Зураб Ногаидели саломатлиги важидан ўз ихтиёри билан ишдан кетди. Ҳукумат раҳбари истеъфосидан кейин ўз-ўзидан вазирлар маҳкамаси ҳам тарқатиб юборилди. Тўғри, бир неча кун олдин Грузия банки кузатуви кенгаши раиси Владимир Гургенидзе бош вазир этиб тайинланди, янги ҳукумат таркиби ҳам тасдиқланди. Лекин кузатувчилар шунчаки омма нигоҳи учун амалга оширилган ҳукумат алмашуви амалда ҳеч нарсани ўзгартирмаганини таъкидламоқдалар.
Грузия расмийлари ҳозир ҳам Россия билан таранг дипломатик муносабатни сақлаб қолишяпти. Ўтган йили Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари Россия махсус кучлари томонидан ҳозирланган давлат тўнтаришининг олди олингани тўғрисида баёнот берган эди.
Ажабланарлиси, Ғарб томон яқинлашув сиёсатини эълон қилган Грузиянинг АҚШ ва Европа билан муносабатлари ҳам кўнгилдагидек эмас. Михаил Саакашвили томонидан мухолифат намойишларининг бостирилиши, фавқулодда ҳолат жорий этилиши океанортида хавотирли ҳаракат деб эътироф этилган. Сиёсий инқироз пайтида кўрилган кескин чоралар туфайли Грузиянинг НАТОга кириши ҳам савол остида қолган. Оқ уй вакили томонидан «АҚШ аниқ шахсларни эмас, Грузия демократиясини қўллайди» тарзида берилган баёнот ҳам Михаил Саакашвили ўзига билдирилган ишончни оқлай олмаганини тасдиқлаётгандек…
Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият»дан олинди.