G8 (Great 8 – Катта саккизлик) Япония, Канада, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия каби сайёрамизнинг энг тараққий этган давлатларидан ташкил топган. Уларни ҳазил аралаш «аслзода мамлакатлар» ҳам деб аташади. Аслида «Катта саккизлик» расмий мақомга эга бўлган ташкилот эмас: унинг котибияти ҳам, бошқарув идоралари ҳам йўқ. Боз устига, Г8 томонидан қабул қилинадиган қарорлар мажбурий кучга эга бўлмай, бор-йўғи тавсия характерида. Бироқ саккиз иттифоқдош давлат уларнинг муштарак манфаатларига хизмат қилувчи қатъий ва бузилмас ёзилмаган тартиб-қоидаларга бўйсунади.
БМТ эълон қилган айрим декларациялар қоғозда қолиб кетишини бот-бот кузатамиз, лекин G8 доирасида қабул қилинган ҳар қандай қарор амалда ижро этилади, гарчи у мажбурий кучга эга бўлмаса ҳам…
«Катта саккизлик» давлат раҳбарлари ҳар йили ёз мавсумида ўзаро кенгашиш учун саммитга йиғилишади. 32 йиллик анъанага айланиб қолган бу йилги учрашув Германиянинг Хайлигендамм курорт шаҳрида ўтди. Германия федерал кантслери Ангела Меркел мезбонлигида ўтган саммитда Жорж Буш, Тони Блер, Владимир Путин, Николя Саркози, Романо Проди, Стивен Харпер, Синдзо Абе каби юқори мартабали меҳмонлар – давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этишди. Дарвоқе, Германиядаги саммитга дунёнинг бешта ривожланаётган давлати ҳамда олтита Африка мамлакати раҳбарлари ҳам таклиф этилди.
Уч кунлик саммит давомида Хайлигендамм шаҳрида глобаллашув жараёнига қарши бўлган гуруҳларнинг кучли норозилик чиқишлари тинмади, намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларда жароҳатланганлар ҳам бўлди. Ана шу кўнгилсиз ҳолатни инобатга олмаганда, саммит ишчанлик руҳида ўтди ва учрашувларда бир қатор халқаро масалалар ечими борасида олға қадам ташланди.
Г8 давлатлари бошлиқлари кун тартибидаги асосий масалалар қаторида жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришларни муҳокама қилишди. Хусусан, дунё миқёсида авж олиб бораётган қашшоқликка қарши кураш борасида амалий тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Саммит жараёнида АҚШ томонидан илгари сурилган Африка давлатларига 60 миллиард доллар миқдорида кўмак ажратиш тўғрисидаги таклиф қолган етти давлат учун кутилмаган ҳолат бўлди. Бироқ муҳокамалардан кейин мазкур таклиф ижобий баҳоланди. Шу тариқа «Катта саккизлик» давлатлари Африканинг қашшоқ мамлакатларига турли юқумли касалликларга қарши курашиш, таълим тизимини яхшилаш учун зикр этилган миқдорда молиявий кўмак берадиган бўлди.
Дунё миқёсида шиддатли иқтисодий ўсиш кузатилаётган ҳозирги даврда инсониятнинг табиатга таъсири ҳам кескин даражада ошди. Гигант иқтисодий корхоналар томонидан атмосферага чиқарилаётган заҳарли газлар инсонлар саломатлигига таъсир этиб қолмай, сайёрамиз миқёсида кескин иқлим ўзгаришларига ҳам олиб келяпти. «Ривожланиш ва масъулият» шиори остида ўтган саммит чоғида ана шу глобал муаммолар ҳам муҳокама қилинди.
Япония, Европа Иттифоқи ва Канада етакчилари томонидан ишлаб чиқариш корхоналарида атмосферага чиқарилаётган заҳарли газларни 2050 йилга бориб 50 фоизга камайтиришга эришиш ташаббуси илгари сурилди. Бироқ Америка томони мазкур таклифга қарши чиқди. Хусусан, Қўшма Штатлар заҳарли газлар миқдорини аниқ кўрсатилган миқдорда камайтиришга тайёр эмаслигини билдирди. Муҳокамалардан кейин Г8 етакчилари заҳарли газлар миқдорини камайтириш борасида биргаликда чора-тадбирлар олиб боришга келишиб олишди. Энг муҳими, заҳарли газларни камайтириш бўйича глобал шартнома ишлаб чиқиш бўйича ягона тўхтамга келинди. Эндиликда жаҳон мамлакатлари кўпдан бери тил топиша олмаётган масалада амалий натижалар бўлиши мумкин.
Шунингдек, саммит чоғида «Катта саккизлик» етакчилари ўз зиммаларига иқлим исишини тўхтатиш бўйича чора-тадбирлар олиб бориш мажбуриятини ҳам олишди. Лекин бу борадаги давлатлараро келишувда аниқ рақамларга суянган режа ва изчил ҳаракат механизми белгиланмади, сиёсий арбоблар олдинги йиллар каби глобал муаммо доирасида мавҳум ва мужмал қарор қабул қилиш билан чекланишди.
Давлат раҳбарлари кенгайтирилган ва икки томонлама учрашувлар чоғида халқаро сиёсатнинг муҳим масалалари бўйича ҳам фикрлашиб олишди. Шимолий Корея, Эроннинг ядро дастури борасида саккиз давлатнинг ҳам муносабати муштарак бўлиб чиқди. Бироқ Косово масаласида томонлар бир ечимга кела олишмади. Россия Федерацияси Сербия давлатининг ҳудудий яхлитлигига раҳна солишини инобатга олиб, Косовога мустақиллик бериш ҳаракатини танқид остига олди. Қолган етти давлат эса бу борада Кремлга қарши позицияни эгаллади. Шу тариқа зиддиятни кўп чуқурлаштирмаслик учун Косово масаласи муҳокамаси келгуси учрашувларга қолдирилди.
Айни пайтда АҚШ томонидан Чехия ва Полшада ракетага қарши мудофаа тизими яратиш ҳаракатлари олиб бориляпти. Бу эса Қўшма Штатларнинг Россия билан муносабатларига кучли таъсир ўтказяпти. «Катта саккизлик» доирасидаги учрашув чоғида АҚШ президенти Жорж Буш ва Россия раҳбари Владимир Путин нозик ва долзарб масалалардан бири сифатида Шарқий Европадаги ракета тизимини муҳокама қилишди. Кўпчилик учун кутилмаган жиҳати, музокара пайтида Владимир Путин америкалик ҳамкасбига Чехия ва Полшада янги тизим қуриш ўрнига Озарбайжондаги Габала радиолокацион станциясидан биргаликда фойдаланиш таклифини илгари сурди. Путиннинг ташаббусини Америка президенти қизиқарли таклиф деб баҳолади. Лекин шунга қарамай Оқ уй раҳбари Кремлнинг таклифи бўйича якуний хулосани билдиришга шошилмади. Владимир Путин томонидан илгари сурилган таклиф халқаро сиёсатда кучлар нисбати ва йўналишида айрим ўзгаришларга олиб келиши мумкин…
ДарвоҚе, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон каби шиддат билан ривожланаётган мамлакатлар ҳам кўпдан бери «Катта саккизлик»ка қўшилиш йўлида ҳаракат қиляпти. Бироқ дунё ялпи ички маҳсулотининг деярли 70 фоизини бераётган иттифоқ ўз сафини кенгайтиришни кўпам хоҳламаётганини яширмаяпти. Балки шу сабаблидир, бу сафарги саммит чоғида ҳам Г8га янги аъзолар қабул қилиш масаласини кўриб чиқишга «вақт етмади»…
Собиржон ЁҚУБОВ, www.hurriyat.uz