Ерёнғоқ қандай ўсади?

Агар ерёнғоқ қўзоғига разм солинса, у худди ловия ёки нўхатникига ўхшайди. Дарҳақиқат, ерёнғоқ ўша ўсимликлар оиласига мансуб. Ерёнғоқ бута ҳолида ўсади, унинг гуллари ҳам нўхат гулларини эслатади.

Гул япроқлари сўлиши билан қўзоқнинг бир қисми чўзилиб кетади ва учи тупроққа ботади. У ерда уч янада катталашади ва уруғлар етилади. Шунинг учун ҳам ёнғоқ термоқчи бўлсангиз, ерни ковлашингизга тўғри келади.

Ёрёнғоқлар қаердан пайдо бўлган? Уларнинг ватани Жанубий Америка бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ерёнғоқ — жуда кўҳна ўсимлик. Перудаги милоддан олдинги даврларга мансуб гўрлардан ерёнғоқ ва унга ўхшатиб нақшлар ишланган идишлар топилган. У ўша ердан Африкага, сўнгра Америка Қўшма Штатларига бориб қолган бўлса ажаб эмас.

Бугунги кунда ерёнғоқ АҚШ жанубида Флоридадан Калифорниягача бўлган ҳудудларда етиштирилади, шимолда эса мамлакат пойтахти Вашингтон шаҳригача тарқалган. Ерёнғоқ, шунингдек, Лотин Америкаси, Осиё ва Африкада ҳам етиштирилади. Унинг одатий турлари сирасига қўзоғи катта ва қизғиш тусдаги Виржиния ёнғоғи ва нисбатан кичикроқ испан ва Шимолий Каролина ёнғоғи киради.

Ерёнғоқ яхши ўсиши учун совуқ бўлмайдиган узоқ вақт керак. Ерёнғоқ узоқ қурғоқчиликка ҳам чидамли ва кони фойда экиндир. Ҳар гектар ердан 100 — 150 гектолитр ҳосил олиш мумкин.

Ерёнғоқдан ёнғоқ ёғи олинади, у тузлаб ёки қовуриб қандолат маҳсулотлари тайёрлашда ишлатилади. Аммо ундан бошқа мақсадларда ҳам фойдаланилади. Ёнғоқ ёғи сабзавот салатлари, шўрва ва маргаринга қўшилади. Уй ҳайвонларини ҳам у билан боқиш мумкин. У бўёқ, сиёҳ ва резина ўрнини босадиган нарсалар ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Ерёнғоқ кеч кузда экилади ва совуқ тушишидан олдин машиналар ёрдамида йиғиштириб олинади. Қуриган қўзоқларни машина чақиб беради. Чет мамлакатларда баъзида ёнғоқларни ковлаб олиш учун далаларга чўчқалар қўйиб юборилади.