Николя Саркозини таҳлилчилар мураккаб сиёсий арбоб сифатида таърифлашади. У Америка ташқи сиёсатини ёқлайди, лекин айни пайтда Қўшма Штатларнинг Ироқдаги ҳарбий амалиётларини қоралайди. Франциянинг янги раҳбари иммигрантларга қарши кескин муносабати билан танилган, бироқ шу билан бирга у муҳожирларга ҳам имтиёзлар бериш зарур деб ҳисоблайди. Николя Саркози эркин иқтисодий бозор муносабатларини ижобий баҳолайди. Айни пайтда миллий иқтисодни муҳофаза қилиш учун хориж компанияларига чекловлар жорий этишни керак деб билади.
Францияда ўтган президентлик сайлови ниҳоясига етди. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, сайловнинг иккинчи турида «Халқ ҳаракати иттифоқи» вакили Николя Саркози ғалаба қозонди.
Айтиш керакки, сайлов олдидан ўтказилган ижтимоий сўровлардаёқ Жак Ширакнинг яқин сафдошларидан бири бўлган
Н. Саркозига кўпчилик сайловчилар овоз бериши тахмин қилинганди. Амалда ҳам бу тахминлар ўз исботини топди. Марказий сайлов комиссияси ҳисобига кўра, 52 ёшли Николя Саркозига сайловчиларнинг 53,06 фоизи ишонч билдирган. Социалистик партиядан номзод сифатида кўрсатилган Сеголен Руаял хонимга эса 46,94 фоиз сайловчи овоз берган. Франция бўйича умумхалқ овоз бериш тадбирида сайлаш ҳуқуқига эга аҳолининг 83,97 фоизи иштирок этган.
«Халқ ҳаракати иттифоқи» етакчиси сифатида ғалаба қозонган Николя Саркози шу куниёқ Парижнинг бош майдонида халқ олдида чиқиш қилди ва мамлакат бирлиги ҳамда тараққиёти учун курашишга ваъда берди.
Николя Саркози ўнг марказчи сиёсатдон сифатида танилган. У 1955 йилнинг 28 январьида Париж шаҳрида венгер муҳожири оиласида дунёга келган. 1978 йили Париж университетини ҳуқуқшунослик мутахассислиги билан тамомлаган. 1979-81 йилларда Париж сиёсий тадқиқотлар институтида таҳсил олган. 1983 йили Парижнинг йирик маъмурий ҳудудларидан бири Нейи-сюр-Сен шаҳри ҳокими лавозимига сайланган.
1980 йилларда Николя Саркози Жак Ширакнинг яқин сафдошларидан бирига айланди. Сиёсий ва жамоатчилик фаолиятини ёнма-ён олиб борган арбоб Франция бюджет (1993-95), коммуникация (1995), молия, иқтисод ва саноат (2004) вазири каби юқори лавозимларда хизмат қилди. 2005 йилдан эса Франция ички ишлар вазири сифатида фаолият олиб борди. Бутун Францияни остин-устун қилиб юборган иммигрантларнинг оммавий норозилик чиқишлари айнан Саркозининг ички ишлар вазирлиги даврига тўғри келди. Сиёсий инқироз сифатида баҳоланган тўполонлар пайтида кескин ва қатъий чоралар кўрган ички ишлар вазири президент Жак Ширакнинг ишончини янада мустаҳкамлади.
Николя Саркози 2004 йили «Халқ ҳаракати иттифоқи» (УМП) партиясининг раиси лавозимига сайланди. Охир-оқибат айни шу партия вакили сифатида Франция давлати тепасига келди.
Николя Саркозини таҳлилчилар мураккаб сиёсий арбоб сифатида таърифлашади. У Америка ташқи сиёсатини ёқлайди, лекин айни пайтда Қўшма Штатларнинг Ироқдаги ҳарбий амалиётларини қоралайди. Франциянинг янги раҳбари иммигрантларга қарши кескин муносабати билан танилган, бироқ шу билан бирга у муҳожирларга ҳам имтиёзлар бериш зарур деб ҳисоблайди. Николя Саркози эркин иқтисодий бозор муносабатларини ижобий баҳолайди. Айни пайтда миллий иқтисодни муҳофаза қилиш учун хориж компанияларига чекловлар жорий этишни керак деб билади.
Дарвоқе, икки марта уйланишга улгурган Николя Саркозининг оилавий муносабатлари кўпдан бери оммавий ахборот воситаларида танқидий муносабатларга сабаб бўлиб келяпти. Бироқ оилавий можаролар воситасида сиёсий етакчига зарба беришни кўзлаган мухолифларнинг ҳаракатлари бу гал самара бермади. Николя Саркози Франция президентлигига сайланди. У 2007 йилнинг 16 майидан расман ўз вазифасини бажаришга киришади.
Абдул СОБИР
www.hurriyat.uz