19 январь куни Самарқандда Франция тараққиёт агентлиги ва Европа Иттифоқининг янги лойиҳаси тақдим этилди. Самарқанд ҳокимияти ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа шаҳарда чиқиндини қайта ишлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш ва такомиллаштиришга қаратилган.
Лойиҳанинг тақдимот маросимида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Олимжон Очилов, шаҳар ҳокими Акбар Шукуров, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним, Франция тараққиёт агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рафаэль Жозан, ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси лойиҳа менежери Элбек Хўжаев қатнашди.
Янги лойиҳа Самарқанд шаҳрида жаҳоннинг энг илғор тажриба ва андозасига мувофиқ чиқиндиларни узоқ муддатли самарали бошқариш тизимини яратишга йўналтирилган. Лойиҳа доирасида шаҳарда 200 та чиқинди йиғиш пункти қурилади ҳамда таъмирланади, бундан ташқари, 2100 та кўча контейнери ва 70 та чиқинди йиғиш транспорти харид қилинади. Бу борадаги қурилиш ишлари 2017-2019 йилларда амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш жараёни такомиллаштирилиб, яхлит тизимга бирлаштирилади. Чиқиндиларнинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш ва уни саралаш жараёнини яхшилаш мақсадида биореактор технологияси каби янги усуллар татбиқ этилади. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида аҳоли орасида маърифий тарғиботни кучайтириш ҳам кўзда тутилган.
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ҳар йили 100 миллион тонна саноат ва 35 миллион кубометр маиший чиқинди ҳосил бўлмоқда. Айни пайтда чиқиндини қайта ишлашнинг замонавий технологияси йўқлиги боис ҳудудларда 2 миллиард тонна чиқинди йиғилиб қолган. Бу эса жиддий экологик оқибатларга олиб келиши мумкин. Франция тараққиёт агентлиги ва ЕИ Ўзбекистонда амалга ошираётган дастлабки лойиҳа иқтисодий манфаат келтириш билан бирга, шаҳар экологик муҳитини яхшилашга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 19 декабрь куни Франция тараққиёт агентлиги а Ўзбекистон Республикаси ўртасида Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилишга оид 23,5 миллион евролик кредит келишуви имзоланган эди. Европа Иттифоқи томонидан бу мақсадда 8 миллион евро субсидия тақдим этилади. Ўшанда кредит битимини имзолаш маросимида Ўзбекистон Молия вазири Ботир Хўжаев, Франция тараққиёт агентлиги Осиё давлатлари бошқармаси раҳбари Паскал Пако, Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен де Вильмор хоним, Франция тараққиёт агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Рафаэль Жозан ва ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси Техник ҳамкорлик бўлими бошлиғи Овидиу Мик иштирок этган эди.
Собир Салим