Франция консорциуми Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туристик ҳудудни ривожлантиришда кўмаклашади. Жорий йил 21 ноябрь куни Франциянинг туризм соҳасидаги Orex Loisirs, la Compagnie des Alpes, Geode, Egis, Epode, Patriarche каби компанияларидан иборат консорциум Тошкент вилояти ҳокимлиги билан битим имзолади. Ҳужжат имзолаш маросимида Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним ҳамда Тошкент вилоят ҳокими Ғуломжон Иброҳимов қатнашди.
“Мазкур битим Франция ҳукумати томонидан Чорвоқ эркин сайёҳлик зонасини лойиҳалаштириш бўйича маблағ ажратилганидан сўнг имзоланди. Консорциум ишчи гуруҳи ҳудудни дастлабки ўрганиш ишларини бошлади”, деб хабар беради Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.
Консорциум ишчи гуруҳи Чорвоқ кўли атрофида ёзги ва қишки спорт турлари, аквапарклар, экотуризм, альпинизмни ривожлантириш мақсадида дам олиш жойлари жойлашадиган ҳудудларни аниқлайди. Кўл ифлосланиши ва манзара бузилишининг олдини олиш учун консорциум шаҳарсозликнинг мавжуд бир неча моделини (қурилиш қоидалари, канализация қувурларининг боғланиш шароити, ер остидан фойдаланиш) таклиф қилади. Қолаверса, атроф-муҳит ҳолатига таъсир қилмаган ҳолда самарадорликни таъминловчи сайёҳлар оқими учун зарур инфратузилманинг (канализация, автомобиль ва темир йўллар, энергия ва бошқалар) даражаси ва харажатини ҳисоблаб чиқади.
Қайд этилишича, Франция тараққиёт агентлиги ҳам Чорвоқ тўғонининг интеграциялашган бошқаруви бўйича ўз таклифларини тақдим этган. Мазкур таклифлар туризм, қишлоқ хўжалиги ва электр энергияси ишлаб чиқаришда сувдан самарали фойдаланиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 5 декабрдаги фармонига мувофиқ, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Чорвоқ эркин туристик зонаси ташкил этилмоқда. Фармонда эркин туристик зонада замонавий туризм инфратузилмаси объектлари ҳамда дам олиш масканларини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ҳамкорларни жалб қилиш белгиланган.
Шу мавзудаги мақола:
Франция тараққиёт агентлиги ва Европа Иттифоқи Самарқандда янги лойиҳа бошлади. 20.01.2017