Таниқли олмон давлат арбоби Франк-Вальтер Штайнмайер 12 февраль куни Германия Президенти этиб сайланди. Давлат раҳбарини сайлаш ваколатига эга махсус идора – Федерал мажлиснинг 931 аъзоси Штайнмайер номзодини ёқлаб овоз берди. Номзод биринчи турдаёқ ғалаба қозониши учун 631 овоз кифоя эди.
2012 йил 18 мартдан буён Германия Президенти вазифасида фаолият юритиб келаётган 77 ёшли Йоахим Гаук ўтган йил июнда кексайиб қолгани боис ўз номзодини кейинги муддатга қўймаслигини маълум қилган эди. Христиан-демократик иттифоқи/Христиан-социал иттифоқи ва Социал-демократик партия блокидан ягона номзод сифатида илгари сурилган Штайнмайернинг ғалабасига эса кўпчилик шубҳа билдирмаётган эди.
Штайнмайер Федерал мажлисда нутқ ирод қиларкан, Президент сифатида Германияда демократик қадриятларни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ҳаракат қилиши, демократия пойдеворининг нурашига асло йўл қўймаслигини таъкидлаган. Янги сайланган Президент эркинлик ва демократияни ягона Европанинг пойдевори деб атаган.
Канцлер Ангела Меркель ҳам янги Президентга ижобий тавсиф берган.
“Ҳозирги беқарор шароитда у мамлакатимизга муносиб хизмат қила олишига ишончим комил”, – деган А.Меркель.
Сайлов арафасида ўтказилган ижтимоий сўровлар ҳам Штайнмайернинг халқ орасида обрўси баланд эканини кўрсатди. Emnid жамоатчилик фикрини ўрганиш институти сўровига кўра, аҳолининг 59 фоизи Германиянинг бўлажак Президенти ўз вазифаларини муваффақият ила адо этишига ишонч билдирган.
Германияда Президент қудратли сиёсий ҳокимиятга эга эмас, аммо у жамиятдаги турли сиёсий партиялар ва гуруҳлар бошини қовуштиришдек ғоят мушкул ва мураккаб вазифани бажаради. Шу боис Президент “миллат виждони” деган шарафли ном билан аталади.
Қонунчиликка кўра, Германия Президенти халқаро майдонда мамлакат вакили сифатида иш юритади, бошқа давлатлар билан шартномалар имзолайди. Давлат раҳбари ҳукуматни шакллантиришда ҳам иштирок этади. Яъни у федерал канцлер таклифига биноан вазирларни тайинлайди ва лавозимдан озод этади. Федерал канцлерга ишончсизлик вотуми эълон қилинган вазиятда эса парламентни тарқатиб юбориб, янгидан сайлов белгилайди.
Парламентнинг қуйи ва юқори палаталари – Бундестаг ва Бундесрат қабул қилган қонунлар Президент томонидан имзоланади. Давлат раҳбари Конституцияга зид қонунларни имзолашдан бош тортиб, уларни қайта кўриб чиқиш учун парламентга юбориши мумкин. Давлат раҳбари, шунингдек, маҳкумларни афв этиш ваколатига эга.
Франк-Вальтер Штайнмайер – замонавий олмон дипломатиясининг нуфузли арбоблардан бири. У 1956 йили Детмольд шаҳрида ишчи оиласида таваллуд топган. 1975 йили Германия социал-демократлар партияси сафига кирган. Юстус Либус номидаги унирверситетда ҳуқуқшунослик ва сиёсатшунослик йўналишида таҳсил олган. 1986 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Шу тариқа мамлакатнинг кейинги 30 йиллик сиёсий ҳаётида фаол қатнашиб келмоқда. 2005-2009 ва 2013-2017 йилларда Ташқи ишлар вазири, 2007-2009 йилларда Вице-канцлер лавозимларида ишлаган.
Штайнмайер тажрибали дипломат ва музокара санъатини пухта эгаллаган арбоб экани маълум. Шу билан бирга, у меҳрибон оила бошлиғи сифатида ҳам олмон жамоатчилиги ҳурматини қозонган. Штайнмайернинг узоқ йиллар буйрак касалидан азият чеккан рафиқаси Эльке Бюденбендер 2010 йили кўчириб ўтказиш операциясини бошдан кечирган. Ўшанда Штайнмайернинг ўзи рафиқасига донорлик қилган.
Франк-Вальтер Штайнмайер 2016 йил март ойида Германия федерал Ташқи ишлар вазири сифатида Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатнинг ўша пайтдаги раҳбари Ислом Каримов билан музокаралар ўтказган.
Собир Салим