Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 2004 йилда дунёнинг 41 мамлакатидан келган билимдон мактаб ўқувчилари орасида ўтказилган синов натижаларини эълон қилди. Унга кўра, финляндиялик ўқувчилар энг ақлли деб топилди. Ҳар уч йилда бир марта ўтказиладиган «аъло қатнашчи баҳоси» дастури асосида 15 ёшли ўқувчилар ўзларининг билимларини намойиш қиладилар. Бу йил танлов математика фани бўйича бўлди.
Энг юқори кўрсаткичларни Финляндия, Жанубий Корея, Япония, Канада, Белгия, Швейтсария ва Янги Зеландия каби давлатлар қатнашчилари кўрсатишди. Финлар 544 балл билан лидерликни эгаллаган бўлсалар, америкаликлар 483 балл билан 21-ўринни, руслар 468 балл билан аутсайдерлик курсисини банд этишди.
Рўйхат 359 балл тўплай олган тунислик қатнашчи исми-шарифи билан тугайди. Қизлар ҳам анча юқори билим савиясини намойиш этишди. Гарчи ўсмирлар кўрсаткичи каттароқ бўлсада, қизларнинг табиий фанларга хос иқтидори яна бир бор бўй кўрсатди. Билим ҳам иқтисодга боғлиқ экан. Иқтисодий жиҳатдан таъминланган оила фарзандлари анча юқори натижаларни қайд этишди. 2001 йилги танловда ҳам финляндияликлар ғолиб эди. Бу йил ҳам уларнинг омади келди.