Федерика Могерини: “Европа Иттифоқи эркин матбуотни тараққиётнинг муҳим омили деб билади”

Европа Иттифоқи эркин матбуотни ҳар қандай мамлакатда демократияни қарор топтириш ва иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили деб билади. ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан берган баёнотида шу ҳақда сўз боради.

“Европа Иттифоқи ҳур фикр ва  уни ифодалаш эркинлигини бутун дунё бўйлаб тарғиб этиш ва ҳимоя қилиш ишига ҳамиша содиқ қолади. Бу эса 2014 йилда тасдиқланган Он-лайн ва офф-лайн фикр эркинлиги бўйича Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари йўриқномасида қайд этилганидек, нафақат анъанавий оммавий ахборот воситалари, балки интернет ва бошқа ахборот ҳамда коммуникация технологияларига ҳам тааллуқлидир”, – дейилади ЕИ номидан тарқатилган баёнотда.

Қайд этилишича, дунё бўйлаб кўплаб мамлакатларда журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, матбуот нашрлари ва алоҳида шахслар эркин фикрга эга бўлиш ва фикрларини анъанавий оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали ифода қилиш йўлида  тобора кўпроқ таҳдид ва зўравонликларга дуч келаётир.

“Европа Иттифоқи бу каби очиқ зўравонликларга қарши курашишдан ташқари, цензура ва ўз-ўзини цензура қилишни рағбатлантириш, ОАВга қарши юридик жазо чоралари (жиноий, молиявий ва маъмурий жавобгарлик), шунингдек, ОАВ бозорини суиистеъмол қилиш ва ночор иқтисодий вазиятга олиб келувчи қонун ва одатларга қарши курашишга ҳам аҳд қилган”, – дейилади Ф.Могерини баёнотида. 

Таъкидланишича, Европа Иттифоқи ҳур фикр ва уни эркин ифодалаш ҳуқуқини ҳамма жойда, барча кишилар томонидан, ўзаро тенглик, камситишга йўл қўймаслик ва умумбашарийлик тамойилларига асосланган ҳолда, барча ОАВ орқали, чегаралардан қатъи назар, тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлашда қатъийдир.

Баёнотда  айтилишича, эркин фикр ва уни эркин ифода этиш ҳуқуқи ахборот излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ҳам ўз ичига олади.  Бу демократик бошқарув ва ривожланишнинг муҳим узвий қисмидир.  Ахборот эркинлигини таъминлаш оқилона бошқарувга ўз ҳиссасини қўшади, чунки у давлат ишларидаги шаффофликни таъминлайди ҳамда ҳукуматларнинг ўз ҳаракатлари учун масъулиятини оширади. Хусусан, ахборотга эга бўлиш инсон ҳуқуқларининг бузилиши ёки коррупциянинг фош этилишига кўмак беради. 

 

Шу мавзудаги мақола:

Остонада Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарлари учрашди. 23.12.2015