Европа Иттифоқи охирги пайтларда ташқи сиёсатда у қадар катта таъсир кучига эга бўлмай қолди. Ироқ уруши борасида кучларнинг бўлиниб кетгани, АҚШ томонидан Полша ва Чехия ҳудудида ракетага қарши мудофаа тизимининг қурилиши Европанинг сиёсий мустақиллигини хавф остида қолдирди. Эндиликда Европа Иттифоқи мамлакатлари Косово масаласида ҳам бир тўхтамга келишолмаяпти, бу эса ташқи сиёсатда нўноқликка йўл қўйилаётгани тўғрисидаги танқидларни дастаклаши мумкин.
ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари ўтган ҳафта ҳам Косово масаласида машваратга йиғилишди. Бироқ ҳар галгидек 27 мамлакат вакиллари муҳокама этилган мавзуда ягона фикрга келишолмади.
Жуғрофий ва сиёсий омиллар эътиборга олинса, ЕИ амалда мустақил, бироқ расман Сербияга тобе бўлган Косово тақдирига масъул бўлиши керак эди. БМТнинг махсус вакили Марти Ахтисаари таклиф қилган режа ҳам ана шунга асосланар эди. Лекин турлича сиёсий қараш эгалари бўлган 27 давлатнинг бир ёқадан бош чиқариши қийин кечяпти. Бу эса ташаббусни қўлга олишга даъвогар Иттифоқни Москва-Вашингтон курашида оддий томошабинга айлантириб қўйяпти.
Бир томонда Сербиянинг ҳудудий яхлитлик тўғрисидаги талабларини қўллаб, Косовога асло мустақиллик берилмаслиги тарафдори бўлган Россия турибди. Кремл Хавфсизлик Кенгаши орқали Косовога мустақиллик бериш тўғрисида резолюция қабул қилинишига ҳам йўл бермаслиги аниқ.
Иккинчи қутбда эса кескин ҳаракат тарафдори бўлган АҚШ. Вашингтон Сербияга тўрт ой муддат берган. Агар шу муддат ичида серб ҳукумати Косово суверенитетини тан олса олди, бўлмаса, бир томонлама, БМТ тасдиғисиз ҳам ҳудуд мустақиллик эълон қилишини билдирган.
Иттифоқ эса Косово масаласини БМТ шафелигида, Россия, АҚШ, ЕИ учлиги келишуви билан ҳал қилиниши зарур деган позицияда. Аслида буни бутун Иттифоқнинг расмий позицияси дейиш ҳам нотўғри. Нега деганда, Европа мамлакатларининг ўзида ҳам бу борада парчаланиш бор. Нидерландия, Дания ва Швеция каби мамлакатлар Америка йўлини ёқлашади: улар наздида БМТ аралашувисиз, Косовога бир томонлама мустақиллик бериш — муаммонинг энг яхши ечими. Греция, Кипр, Руминия, Болгария каби 10 дан ошиқ давлатдан иборат иккинчи гуруҳ Косово мустақиллигини исташади, лекин улар БМТ каби нуфузли ташкилот изнисиз бир томонлама ҳаракатга қарши. Дарвоқе, ЕИ мамлакатлари орасида Косово борасида ҳали бир тўхтамга келолмаганлари ҳам йўқ эмас.
Косово мустақиллиги тарафдорлари икки далилни келтиришади: биринчидан, ҳар қандай масалада, инчунун, Косово борасида Россияга асло ён бермаслик керак; иккинчидан, бир неча йил давомида фуқаролар урушини бошдан кечирган ҳудуд шунча қийинчиликлардан кейин мустақил бўлишга ҳақли. Акс ҳолда, ўша қонли давр яна қайтиши ҳам мумкин.
Ўз навбатида қарши томон ҳам икки далилга таянади. Бунга кўра, агар Косовога эркинлик берилса, Босниядаги серблар, Грузиядаги абхазлар, Шимолий Кипрдаги турклар ва ҳоказо бошқа айирмачи кайфиятдаги миллатлар ҳам мустақиллик талаб қилиб чиқиши мумкин. Мустақиллик берилди дегани тартибсизлик ва бошбошдоқликка йўл очилди дегани. Қолаверса, БМТ рухсатисиз қарор қабул қилиниши халқаро ҳуқуққа зид ва бу ташкилот обрўсини ҳам туширади. Ўзи шундоқ ҳам охирги пайтларда БМТнинг гапи ҳеч кимга ўтмай қолди…
ЕИ ҳозирча шундоққина биқинидаги муаммони ҳал этишга ожизлик қилиб турибди. Агар Брюссел бу сафар ҳам қатъият кўрсатмаса, яхши бўлмайди. «Европа уйи» Косово борасида ҳам бир байроқ остида бирлашмаса, унда Европа Иттифоқи АҚШ ва Россиянинг геосиёсий ўйинларида шунчаки пиёда вазифасини бажаряпти деган фикр тарафдорларига қарши далил топиш қийин бўлади.
Абдул Собир