22 ноябрь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа комиссияси вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель ҳамда ЕИнинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен билан музокара ўтказди. “Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, томонлар Ўзбекистон–Европа ҳамкорлигининг долзарб масалалари, илгари эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ва турли даражадаги бўлажак тадбирлар жадвалини муҳокама қилди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатга доир мавзулар, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.
ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель мазкур учрашувдан кейин “Twitter”даги расмий саҳифасида мамнуният мазмунида пост қолдирди.
“Ташқи ишлар вазири Комилов билан яна учрашиш ва Афғонистондаги вазият ҳамда Беларусдаги мигрантлар масаласида муҳокама ўтказганимдан мамнунман. Ўзбекистоннинг айрим транзит йўловчилар учун Минскка парвозларни чеклаганини олқишлаймиз, одам савдосининг ушбу янги йўналишини ёпиш борасидаги тезкор чорани қадрлаймиз”, – деб ёзди Жозеп Боррель.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 17 ноябрдан Ўзбекистон ҳудуди орқали Ироқ, Сурия, Яман, Ливан, Ливия ва Афғонистон фуқаролари – транзит йўловчиларнинг Беларусь Республикаси ҳудудига киришига ҳамда уларга авиачипталар сотилишига вақтинчалик чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги фуқаро авиацияси агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.
“Мазкур чекловлар Ироқ, Сурия, Яман, Ливан, Ливия ва Афғонистон давлатларининг дипломатик паспорт ёки Беларусь Республикасида доимий яшаш учун берилган яшаш гувоҳномасига эга фуқароларига нисбатан татбиқ этилмайди”, – дейилади агентлик баёнотида.
Гап шундаки, ЕИ айни пайтда Беларусь томонини Яқин Шарқдан келган мигрантлар воситасида гибрид ҳужум қилишда айбламоқда.