22 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Ҳакала ҳамда ЕИнинг Афғонистон бўйича махсус элчиси Томас Никлассонни қабул қилди.
ТИВ матбуот хизматига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЕИнинг Афғонистон йўналишидаги муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Жорий йил 23 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтадиган ЕИ ва Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари маслаҳат учрашувининг ташкилий жиҳатлари ва кун тартибидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Афғон инқирозини ҳал қилишда халқаро ҳамжамиятнинг яхлит ёндашувини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
ЕИ вакиллари Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдам етказилишини мувофиқлаштириш бўйича халқаро хаб ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Аввал хабар берганимиздек, финляндиялик дипломат Тери Ҳакала 2021 йил 1 июлдан ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили вазифасини бажаришга киришган.
ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакил Жозеп Боррель раҳбарлигида фаолият юритади ва унинг умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсатини амалга ошириш бўйича ишларига кўмаклашади.