Европа Иттифоқи Марказий Осиёдан нима истайди?

Жорий йил 6-7 июль кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ЕИ ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади. Мазкур муҳим учрашув арафасида Еврокомиссия вице-президенти, Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакил  Федерика Могерини ҳамда халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт масалалари бўйича комиссар Невен Мимица муаллифлигида мақола эълон қилинди. Унда ЕИ ва Марказий Осиё муносабатлари, хусусан, Брюссель томонидан қабул қилинган янги стратегияга оид мулоҳазалар баён этилган. Қуйида ушбу мақола таржимасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

“Тинчлик ва тараққиёт учун минтақавий ва ҳудудлааро яқин ҳамкорликнинг аҳамияти тобора ошиб бораётган, ўзаро чамбарчас боғланиб кетган дунёмизда бугун Европа ва Марказий Осиё бир-бирига ҳамма даврдан ҳам яқинлашди, ўзаро яқин робиталарнинг устувор жиҳатлари ойдинлашди.

Биз Марказий Осиёдаги муҳим ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Минтақа мамлакатлари тобора дунёга очилиб бормоқда, ислоҳотлар олиб бормоқда ва ўзаро минтақавий ҳамкорликни кучайтирмоқда. Улар мустаҳкамланиб бораётган мустақиллик ва ўзаро робиталар туфайли янада кучли қудрат касб этмоқда. Мухтасар айтганда, гарчи бир қатор муаммолар сақланиб қолаётган бўлса-да, Марказий Осиёнинг сиёсий залвори Шарқу Ғарбнинг муҳим ҳамкори сифатида жуғрофий ҳолатини акс эттирмоқда.

Ушбу янги, ижобий сиёсий эврилишлар манзарасида Европа Иттифоқи ва ЕИнинг барча аъзо мамлакатлари Марказий Осиё билан муносабатларига доир янги ёндашувни ишлаб чиқди. Бизнинг янги стратегия минтақанинг барқарорлиги ва гуллаб-яшнашини қўллаб-қувватлашга қаратилган, фуқароларимиз фаровонлиги йўлида ЕИ – Марказий Осиё замонавий ҳамкорлигини шакллантиришда эса кенг кўламли ва давомли робиталаримизга таянамиз.

Европа Иттифоқи, таъбир жоиз бўлса, минтақанинг табиий ҳамкори саналади. Тарихимиз бизни қўшниларимиз билан ҳамкорлик ва интеграция манфаатли эканига ишонтирди ва биз сиёсий ўйинларга берилмай, бу борада тажрибамиз билан ўртоқлашишга шаймиз.

Биз Марказий Осиё мамлакатларининг ижтимоий, иқтисодий ва экологик жабҳаларда янада барқарор бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу эса мустақил ОАВни кучайтириш, фуқаролик жамияти учун шароит яратиш, қонун устуворлиги ҳамда давлат бошқарувини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши кураш, шунингдек, ёшлар ва хотин-қизлар имкониятларини кенгайтиришни англатади.

Биз ҳам минтақанинг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссамизни қўшишни истаймиз. ЕИ дунё бўйича хусусий сармоянинг йирик манбаси сифатида Марказий Осиёда робиталарни кучайтириш бўйича барқарор лойиҳалар учун сифатли сармояларни жалб этиш салоҳиятига эга, бунинг учун соғлом ишбилармонлик муҳити талаб этилади.  ЕИ ана шу мақсадда ислоҳотларни ҳамда минтақа иқтисодиётини модернизациялаш, жумладан, кучли хусусий секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда давом этади. ЕИ, шунингдек, барча Марказий Осиё мамлакатлари Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишининг асосий тарафдорларидан бири бўлиб қолади.

Ушбу муҳим жиҳатлардан ташқари, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё минтақаларни бирлаштириш учун янада яқин ҳамкорлик қилиш, шунингдек, саъй-ҳаракатларнинг барқарор, очиқ ва рисоладагидек асосланган тарзда амалга оширилишини таъминлаган ҳолда, Марказий Осиёнинг ўзида ҳамкорлик робиталарини мустаҳкамлашга интилади.

Айни чоқда, Европа Иттифоқи экология, жумладан, сув ресурсларини идора этиш, шунингдек, терроризм ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний тарқатилишига қарши кураш йўлида чегараларни бошқариш каби бир мамлакат ёлғиз бас кела олмайдиган муаммоларга қарши курашмоқ учун Марказий Осиё билан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилади.

Афғонистонда тинчлик халқаро ҳамжамият, шу жумладан, Марказий Осиёдаги ҳамкорларнинг фаол қўллаб-қувватлови талаб этиладиган масалалардан бири саналади. Афғонистонни салмоқли минтақавий анжуман ва дастурларга муносиб даражада жалб этиш, шунингдек, Афғонистон ва Марказий Осиё ҳамкорлари иштирокидаги кўп сонли минтақавий ва уч томонлама лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳам ҳамкорлик фаолиятимизининг устувор йўналиши бўлиб қолади.

Келаётган дам олиш кунлари Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари Бишкекда ташқи ишлар вазирлиги даражасидаги йиллик минтақавий учрашувни ўтказади. Ҳамкорлигимиз ҳам минтақа, ҳам Европа Иттифоқи фуқароларига реал, сезиларли фойда келтиришига Европа Иттифоқининг ишончи комил. Бу ўринда янада мустаҳкам ва кўп йўналишли иқтисодиёт, талабалар учун Европада кўпроқ тажриба орттириш дастурлари, ишга жойлашувнинг кенгроқ имкониятлари, шунингдек, барча учун тинч ва хавфсиз минтақа назарда тутилмоқда.

Замонавий дунёда бизга икки минтақа ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари сув билан ҳаводек зарур. Ушбу мақсадга эришиш йўлида биргаликда ҳаракат қиламиз”.

Шу мавзудаги мақола:

Федерика Могерини: “Европа Иттифоқи эркин матбуотни тараққиётнинг муҳим омили деб билади”. 03.05.2016